Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2020, Тошкент вақти: 06:45

Беларусда намойишлар: "Миллий эркинлик марши"да ўн минглаб одам қатнашди. Лукашенко ўз тарафдорлари раллисида нутқ сўзлади (ВИДЕО)


Қайта сайловни талаб қилган норозилар Минск бош майдонида, 16 август, 2020

16 август куни 26 йилдан бери Беларусни бошқариб келаётган Александр Лукашенкони қўлловчилар Минск бош майдонига йиғилди ва 65 яшар президент ўз тарафдорлари раллисида нутқ сўзлади.

Шу куни Беларус пойтахти ва бошқа шаҳарларда 9 август кунги президент сайловида яна Лукашенко ғалаба қозонганидан норозилар марши бўлди.

Намойишчилар сайлов натижаларини бекор қилиб, янги Марказий сайлов комиссияси назоратида, қайта сайлов ўтказиш ҳамда барча сиёсий маҳбусларни озодликка чиқаришни талаб қилмоқда.

"Миллий эркинлик марши" деб ном берилган акцияда, мамлакат бўйлаб, ўн минглаб одам қатнашаётгани хабар қилинмоқда.

Минскдаги маршга 60 мингга яқин одам йиғилди

16 август куни Беларус бўйлаб, минглаб намойишчилар колоннаси "Миллий эркинлик марши"да иштирок этди.

Бир неча йирик шаҳарларда намойишчилар колоннаси "Яшасин Беларус!", "Кет!" каби шиорларни кўтариб тинч норозилик маршини ўтказди.

Намойишчилар 9 август куни ўтказилган сайлов натижаларини бекор қилиб, янги Марказий сайлов комиссияси назоратида қайтадан сайлов ўтказишни ҳамда барча сиёсий маҳбусларни озодликка чиқаришни талаб қилмоқда.

Минскда намойишчилар Мустақиллик проспекти бўйлаб юриб, бош майдонгача борди.

Озодлик мухбирларига кўра, пойтахтдаги маршда 60 мингга яқин одам иштирок этган.

Қуйида ушбу маршдан олиб кўрсатилган жонли ёйинни кўришингиз мумкин:

Лукашенко: Мен ҳаётман ва ҳаётда қоламан!

Президент Александр Лукашенко 16 август куни Минскдаги бош майдонга йиғилган тарафдорлари раллисида қатнашиб, оташин нутқ сўзлади.

Майдонга 50 мингга яқин тарафдори йиғилганини таъкидлаган Лукашенко, бу акция мамлакатда ким хўжайинлигини кўрсатди, деди:

"Сайлов бўлиб ўтди - сохталаштириш (сайлов натижаларини - таҳр.) 80 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас".

"Ҳаётимда илк бор қаршингда тиз чўкяпман, бунга муносибсан!"

"Мен ҳаётман ва ҳаётда қоламан!" деди Лукашенко ўз тарафдорларига қарата.

Тарафдорлар: "Отамиз учун!", "Халқ танловини ҳурмат қилинг!"

Мухбирлар 16 август куни эрталабдан, ҳукуматни қўлловчилар гуруҳи махсус автобусларда бош майдонга келтирила бошлаганини хабар қилди.

Озодлик мухбирларининг Минскдан хабар қилишича, майдонда 10 мингга яқин одам йиғилган.

Уларнинг қўлларида "Отамиз учун!", "Халқ танловини ҳурмат қилинг!", "Биз мамлакат мустақиллиги тарафдоримиз!" каби шиорлар кўринди.

Ҳукумат тарафдорлари кўтарган байроқлар, 16 август, 2020
Ҳукумат тарафдорлари кўтарган байроқлар, 16 август, 2020

Мустақил tut.by нашрининг хабар қилишича, давлат ишчиларига раллида қатнашиш буюрилган.

Ҳукумат намойишига олиб келинган давлат ташкилотлари ишчилари, 16 август, 2020
Ҳукумат намойишига олиб келинган давлат ташкилотлари ишчилари, 16 август, 2020

16 август куни - ҳукумат тарафдорлари раллисидан кейин - Минскда ўтиши белгиланган "Миллий эркинлик марши"га ҳам минглаб одам йиғилди.

26 йиллик раҳбар Александр Лукашенконинг қайта сайланганидан норозилар мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам марш бўлди.

Қуйида «Настояшчее время» телеканали мухбирлари Минскдан узатаётган жонли дастурни томоша қилишингиз мумкин:

Гомелда намойишнинг 2-қурбони дафн этилди

16 август куни Гомелда намойишда қўлга олинганидан сўнг нобуд бўлган Александр Вихор дафн этилди.

Унинг уйи олдига кўплаб одам йиғилди, остонасига гуллар қўйишди.

Вихор 9 август куни қўлга олинган, 12 август куни эса унинг вафот этгани оиласига билдирилган эди.

Александр Вихорнинг дафн маросимига йиғилганлар, 16 август, 2020
Александр Вихорнинг дафн маросимига йиғилганлар, 16 август, 2020

Озодлик мухбирларининг хабар қилишича, Гомелда Вихорнинг дафн маросимига йиғилганлар, маросимдан сўнг, "Миллий эркинлик марши"ни бошлаган.

Намойишнинг 1-қурбони 15 август куни дафн этилди

15 август куни намойишларда нобуд бўлган яна бир намойишчи - 34 ёшли Александр Трайковскийни хотирлаганлар Минскда йиғилган ва у ўлган жойга гуллар қўйишганди.

Трайковский 10 август куни Минскнинг Пушкин метроси яқинидаги майдонда норозилик намойиши пайти хавфсизлик кучлари билан рўй берган тўқнашувда ҳалок бўлган.

Расмийлар Трайковский полицияга қарата отмоқчи бўлган граната қўлида портлаб кетгани учун ҳалок бўлганини иддао қилишди. Аммо ҳодиса акс этган видеодан Трайковскийни полиция отиб ўлдиргани маълум бўлди.

Видеода Трайковский қонга беланиб, қийналиб юраётганини ва орадан кўп ўтмай қулаб тушганини кўриш мумкин.

Трайковский 15 август куни дафн этилди.

Сайлов жараёни норозилик намойишларига уланди

9 август куни бўлиб ўтган сайловда амалдаги президент Лукашенко 80,1 фоиз овоз тўплагани, унинг асосий рақиби Светлана Тихановская эса атиги 10,1 фоиз овоз олгани эълон қилинди.

Сайлов ортидан Литвага қочишга мажбур бўлган Тихановская ўз тарафдорларини 15-16 август кунлари тинч намойишлар ўтказишга чақирган.

Мамлакатни 1994 йилдан бери бошқараётган Лукашенконинг президентлик сайловида ғолиб чиққани эълон қилинганидан кейин бошланиб кетган норозилик намойишларида қатнашган 7 мингга яқин одам ҳибсга олинди, 2 киши нобуд бўлди.

Полиция аёвсиз куч қўллади

Беларус полицияси намойишчиларни аёвсиз калтаклади, айрим ҳолатларда намойишчиларга ўқотар қуролдан ўт очилди.

Натижада, юзлаб намойишчи жароҳатланди, камида икки киши нобуд бўлди. Қўйиб юборилган юзлаб намойишчи полиция уларни аёвсиз калтаклаганини сўзлаб берди.

Беларус ҳукуматига халқаро босим кучаяр экан, юзлаб намойишчи ҳануз қамоқда ушлаб турилибди.

Дунё етакчилари мулоқотга чақирди

15 август куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео Лукашенкони «фуқаровий жамият билан мулоқот қилишга» чорлади.

Шу куни Эстония, Латвия ва Литва бош вазирлари қўшма билдирув эълон қилиб, Беларусни «адолатли ва очиқ» сайлов ўтказишга, зўравонликни тўхтатишга ҳамда сиёсий маҳбуслар ва қўлга олинган намойишчиларни озодликка чиқаришга чорлади.

14 август куни Европа Иттифоқи Беларусда зўравонликлар ҳамда сайлов натижалари сохталаштирилишига масъул шахсларга қарши санкция жорий қилишга қарор қилди.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Минск расмийларини намойишчиларга қарши кескин чораларни тўхтатишга ҳамда инсон ҳуқуқлари ва демократик принципларни ҳурмат қилишга чақирган.

XS
SM
MD
LG