Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2020, Тошкент вақти: 16:56

Лукашенкога "Кет!" хитоби янграëтган норозилик акциялари тўхтамаëтир. "Батька" референдум таклиф қилди


Намойишларнинг 9-кунига келиб¸ мамлакатдаги йирик завод ишчилари ҳам "Кет!" талаби билан майдонларга чиқаëтганларга бирдамлик сифатида иш ташлаш эълон қилди.

17 август куни Беларусь президенти Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишларининг тўққизинчи кунида ҳам минглаб одам ундан ҳокимиятдан кетишни талаб қилди.

Айни куни Лукашенко Беларусь иқтисодий моделининг кўрки саналган трактор заводига борганида ишчилари ҳам уни «Уходи» («Кет») деган ҳайқириқлар билан кутиб олди.

Лукашенко эса ўз нутқи давомида:

- Янги конституция қабул қилишимиз керак. Референдум ўтказишингиз ва янги конституцияга биноан, хоҳласангиз, ҳам парламент сайловларини, ҳам президент сайловини ҳамда маҳаллий сайловларни ўтказишингиз мумкин, - деди.

Президентнинг ушбу баёноти унга нисбатан босим кучайиб бораётгани ортидан муроса йўли изланаëтгани ифодаси сифатида кўрилди.

9 август куни ўтказилган президентлик сайловида Лукашенко 80,1 фоиз овоз тўплагани эълон қилиниши ортидан ҳам Беларусда, ҳам хорижда сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақида шубҳа пайдо бўлди.

17 август кечқурун ўтказилган намойиш қатнашчилари икки ҳибсхона олдига юриш қилиб, қамоққа олинган мухолифатчилар ва намойишчиларнинг озодликка чиқарилишини талаб қилди.

Сайлов расмий натижасига қарши бошланган норозилик намойишларининг 7 мингга яқин қатнашчиси ҳибсга олинди, норозиликлар давомида икки одам нобуд бўлди. Беларусь полицияси намойишчиларни аёвсиз калтаклади, айрим ҳолатларда намойишчиларга ўқотар қуролдан ўт очилди.

Ҳибсга олинганлардан бири¸ врач Сергей Бойко ҳибсхоналарнинг майошчилар билан тўлиб кетганини айтади.

- Мен биринчи тунни ўтказган камерада 30-35 нафар одам бор эди. Камера аслида 6 одамга мўлжалланган.

Бу орада Беларусдаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналари муддатсиз иш ташлаш эълон қилди. Иш ташлаганлар ҳам Лукашенко истеъфосини талаб қилмоқда.

16 август куни 100 мингдан ошиқ одам иштирокида бўлиб ўтган намойиш ортидан давлат телеканали ишчилари ҳам иш ташлади.

16 август куни Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская «миллий лидер бўлишга тайёр экани»ни эълон қилиб, видеобаёнот тарқатди.

- Мен мамлакатимизда барқарорлик ўрнатилиши, нормал ҳаёт тарзига қайтиши, барча сиёсий маҳбуслар қамоқлардан озод этилиши ва қисқа муддатда янги президентлик сайлови ўтказилишига имконият яратиб берувчи қонунчилик базаси ишланиб чиқиши учун масъулиятни ўз зиммамга олиб, миллий лидер сифатида майдонга чиқишга тайёрман, - деди Тихановская ўз баёнотида.

Европа Иттифоқи етакчилари 19 август куни навбатдан ташқари видео саммит ўтказиб, Беларусдаги вазиятни муҳокама қилади. АҚШ президенти Дональд Трамп эса Вашингтон Беларусдаги ҳодисаларни яқиндан кузатаётганини таъкидлади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Беларусда бўлиб ўтган президент сайлови ҳамда намойишчиларга қарши қўлланилган кескин чоралар юзасидан хавотир изҳор қилди.

Канада ташқи ишлар вазири Франсуа-Филипп Шампань Оттава тинч намойишчиларга қарши куч қўлланилганини қоралаб, сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирди.

Германия ҳукумати матбуот котиби эса Лукашенко иддаоларига қарамасдан, 9 августдан бери канцлер Ангела Меркель Лукашенко билан суҳбатлашмаганини айтди.

Бу раддия арафасида «Интерфакс» агентлиги Беларусь президентига таяниб¸ 16 август куни Меркелнинг у билан телефонда гаплашганини иддао қилган эди.

XS
SM
MD
LG