Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:54

Ўзбекистонга бир ойда $5200 юборган аёл "террорчиликни молиялаштириш"да гумонланиб¸ картаси блокланди


Сбербанк Россиянинг энг йирик банки ҳисобланади.
Сбербанк Россиянинг энг йирик банки ҳисобланади.

Укаси ва ўзи Россияда икки йил ишлаб тўплаган пулни Сбербанк орқали Ўзбекистонга юборган муҳожир аёл ҳисоб рақами “террорчиликни молиялаштиришда” гумонланиб блоклаб қўйилди.

Қўқонлик аëл 2020 йилнинг июль ойи давомида жами 5200 АҚШ долларини Ўзбекистонга юбориши ортидан Россияда 2001 йилдан бери амалда бўлиб келаëтган қонунга кўра¸ "қора рўйхат"га тушди.

Озодлик боғланган Сбербанк мулозимлари¸ ўзбек муҳожири банк картасининг қонунга асосан блоклангани¸ у 7 кун ичида даромади манбаси қонунийлигини тасдиқласа¸ қайта очилишини билдирди.

"Маълумотнома бермаганингиз учун картангиз блокланди"

Қўқонлик 30 яшар Шаҳноза М. 2018 йилнинг ўрталаридан бери Москвада фаррошлик қилиб келади.

Россия пойтахтидаги офис марказларидан бирида пол ювиш баробарида Шаҳноза қўшимча пул топиш учун тиббиёт клиникаси ва ўзи яшаётган уй подъездини ҳам ювади.

Яшаш кун сайин қимматлаб бораётган Москвада бу аёл вақти-вақти билан бировларнинг уйида хизматчилик қилади, чиқиндига ташланган темир-терсак ва қоғозларни жамлаб, пунктга топшириш билан ҳам пул топади.

Шаҳнозанинг Озодликка айтишича¸ 14 август куни бор жамғармаси қўйилган Сбербанк картаси блоклангани тўғрисида келган хабардан ҳайратга тушган.

Сбербанкдан келган СМС хабар
Сбербанкдан келган СМС хабар

Сбербанк офисига қилган мурожаатига жавобан унга қуйидаги СМС-хат келган.

“Сизнинг 15.08.2020 йилги мурожаатингиз кўриб чиқилди. Сизнинг ....рақамли банк картангиз хизмати тўхтатилди. Банкимиз 14.08.2020 йилда содир этилган барча банк амалиётлари юзасидан сиздан маълумотнома тақдим этишни сўраган. Талаб қилинган ҳужжатлар тақдим этилмади¸ шунинг учун картани блокдан чиқариш учун банкда ҳозирча асос йўқ”.

Кейинроқ банкдан берилган расмий хатда Шаҳнозанинг “Жиноий йўллар билан олинган даромадни (пул ювиш) легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштиришга қарши амалиётлар тўғрисида”ги Россия 115-Федерал қонунининг 7-банди асосида ноқонуний фаолиятда айбланаётгани билдирилган.

Бу хатда банк ходимлари фаррош аëлдан 7 кун ичида “пул маблағларининг келиб чиқиши манбаи тўғрисида маълумотнома” ёки иш жойидан 2-НДФЛ ҳужжатини тақдим этишни сўраган. Шунингдек, Сбербанк ўзбекистонлик аёлдан жисмоний шахслар ҳисоб рақамлари ва карталарига ўтказаётган маблағлар борасида тушунтириш беришни сўраган.

Талаб қилинган маълумотлар тақдим этилмаган тақдирда¸ Шаҳноза банк ҳисоби ва унга боғланган картасининг тўлиқ блокланишидан огоҳлантирилган.

Озодлик билан суҳбатда Шаҳноза ўзига қўйилаётган айблов мазмун-моҳияти нимадалигини тушунмаётганини айтади:

- Мен Москвада 2018 йилдан бери официально ишламайман - 2 жойда ишлайман, яна бир жойда квартира уборка қиламан. Ўтган ойда шу икки йил йиғиб юрган пулимни Сбербанкдан бирданига чиқарвордим. Булар эса 14 августда блок қилиб қўйишди картамни. Кейин СМС келди - 115 Қонун, “терроризм”, деб. Ўша СМСни босдим - қанақадир рус юристига тушдим, у ҳам тасдиқлади. Ўйлаб қарасам - укамни пулларини чиқаргандим. Уларга ҳамма пул чиқарганлар террорчи бўлаверадими?

Сбербанкнинг Шаҳнозага йўллаган расмий жавоби.
Сбербанкнинг Шаҳнозага йўллаган расмий жавоби.

Шаҳноза Россияда ойлик патент тўловларини ўз вақтида ҳам тўлаб бориши¸ аммо ўзи каби фаррошларнинг иш жойида расмийлаштирилмасдан¸ нақд пулга ишлаши боис¸ банк сўраëтган даромад манбаи ҳақидаги маълумотномани тақдим эта олмаслигини айтади.

- Мен патентларимни қонун доирасида тўлаб бораман. Банкка сўраб борсам мени менсимасдан қабул қилишди. “Ҳамма ишлаган шунақами?”, десам, “Бунча пул онлайн жўнатиш мумкинмас - кўпи билан ойида 1 000 доллар жўнатиш мумкин!”, деди. Чегарадан чиқиб кетаётганимда проблема бўлар экан менга, дейишди.

Қўқонлик муҳожир аёл ўзининг бева ва фарзандсиз экани, қарамоғида касал онаси борлигини қўшимча қилди.

Шаҳноза Ўзбекистонда уй-жойи йўқлиги туфайли ер сотиб олиш ва уй қуриш орзусида юрганини айтди.

"115 Федерал қонун пул ўтказмаларини назорат қилади"

Озодлик мухбири боғланган Сбербанк ахборот маркази ходими, банкларнинг 115-федерал қонун асосида мижозлар картаси фаолиятини тўхтатиб қўйишга ҳақли эканини билдирди.

115- Федерал қонун мазмун-моҳияти.
115- Федерал қонун мазмун-моҳияти.

Шаҳноза мисолига изоҳ берган банк мулозими¸ муҳожир аëл пул маблағларининг нима мақсадда жўнатилгани;​ қарз олинган бўлса, қарз пулларни қайтариш қайси маблағ эвазига амалга оширилишини тасдиқловчи ҳужжат ва ​даромад манбаини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этган тақдирда¸ ҳисоб рақамининг қайта очилишини билдирди.

- Сбербанк мижозларига Ўзбекистонга ўтказма қилиш учун фақат бир суткалик чеклов мавжуд - 100 минг рубль ëки шунга мос валюта миқдоридан ошмаслиги керак. Бошқа чеклов мавжуд эмас! Агарда ўтказмалар картага бўлган бўлса- чеклов бор.

Айрим ҳолларда картани блоклаш банк эмас, Солиқ қўмитаси ёки бошқа тузилма ташаббуси ҳам бўлиши мумкин. Кўп пул ўтказилган бўлса¸бу тизимлар уни “шубҳали”лар қаторига қўшиши ва ҳужжат талаб қилиши мумкин. Агар карта эгаси бирдан катта суммани ўтказган бўлса¸ шундай бўлиши мумкин, 115-Федерал қонун доирасида. Агарда мижоз НДФЛ маълумотларини беролмаса - унда бевосита бош офисга паспорт билан мурожаат қилиши ва тушунтириши керак, деди банк мутахассиси.

Россияда 115-Федерал қонунга (2001 йилда қабул қилинган ) 2020 йилнинг июль ойида президент Владимир Путин ташаббуси билан қўшимчалар киритилгани ортидан мамлакатдаги барча пул ўтказмалари 2021 йилдан янада қаттиқроқ назорат остига олиниши белгиланди.

XS
SM
MD
LG