Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2020, Тошкент вақти: 15:31

Европа Иттифоқи Беларусь сайлови натижасини тан олмади; намойишлар давом этмоқда


Минскда аëлларнинг норозилар билан бирдамлик акцияси 20 августда ҳам давом этди.

19 август куни Беларусь президенти Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишларининг ўн биринчи кунида пойтахт Минск кўчаларига яна минглаб одам чиқди.

Айни куни Европа Иттифоқи лидерлари 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларини тан олмаслигини маълум қилиб, мамлакат ҳукуматига қарши санкция жорий қилишини билдирди.

9 август куни бўлиб ўтган сайловда амалдаги президент Лукашенко 80,1 фоиз овоз тўплагани, унинг асосий рақиби Светлана Тихановская эса атиги 10,1 фоиз овоз олгани эълон қилинди.

Сайлов натижалар эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тўхтамаяпти. Мамлакатдаги йирик корхоналар ишчилари норозилик намойишларини давом эттириб, муддатсиз иш ташлаш эълон қилди.

19 август куни Лукашенко Ички ишлар вазирлигига намойишларни бостиришни буюрди. Аммо бу намойишларнинг боришига таъсир кўрсатмади.

Европа Иттифоқи 19 август куни Беларусдаги бўҳрон юзасидан саммит ўтказди. Йиғин ортидан Европа кенгаши президент Шарль Мишель:

- Беларусь халқининг ўз келажагини белгилаш ҳуқуқини тўлиқ қўллаймиз ва тез орада ЕИ зўравонлик, репрессия ва сайлов натижалари сохталаштирилганига масъул кўп сонли шахсга қарши санкция жорий қилади, - деди.

Германия канцлери Ангела Меркель эса:

- Сайлов на эркин, на адолатли бўлди. Шу сабабдан сайлов натижасини тан олиб бўлмайди, - деди.

Сайловолди раллиларида ўн минглаб одам қатнашган Тихановская аслида 60-70 фоиз овоз тўплаганини иддао қилмоқда.

19 август куни Лукашенко хориждан «жангчилар ва қурол-аслаҳа» кириб келаётганини иддао қилиб, мамлакат чегараларида назоратни кучайтиришни буюрди.

Хавфсизлик кенгаши йиғинида Лукашенко:

- Минскда бошқа тартибсизликлар бўлмаслиги керак. Одамлар чарчади. Улар тинчликни талаб қилишмоқда, - деди.

Ҳозиргача норозилик намойишларида қатнашган 7 мингга яқин одам ҳибсга олинди, уч одам ўлди. Беларус полицияси намойишчиларни аёвсиз калтаклади, айрим ҳолатларда намойишчиларга ўқотар қуролдан ўт очилди. Матбуот хабарларига кўра, 19 август куни Брест шаҳрида полиция намойишчиларга қарата ўқ отганида жароҳат олган 44 ёшли шахснинг жони узилган.

Озодликка чиқарилган юзлаб намойишчи ҳибсда полиция уларни калтаклаганини ва таҳқирлаганини сўзлаб берди.

19 август Лукашенконинг намойишчиларга қарши чораларни кучайтириш чақириқларига қарамасдан, юзлаб одам Ички ишлар вазирлиги биноси олдида тўпланди. Иморат олдига тўпланган кўп сонли хавфсизлик кучлари ходимлари намойишни кузатиб туриш билан чекланди.

Намойишчилар Лукашенко истеъфосини ҳамда ҳибсда қолаётган намойишчилар озодликка чиқарилишини талаб қилмоқда.

19 август куни Беларусь сайлов комиссияси мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко икки ой ичида қасамёдга келтирилишини маълум қилди. «ТАСС» агентлигининг хабар беришича, инаугурация санаси ҳали белгиланмаган.

Тихановская айни куни видеомурожаат эълон қилиб, Европа давлатлари етакчиларини ўз мамлакати «уйғонишини» қўллашга чорлади. Ўз видеомурожаатида Тихановская ЕИ етакчиларини сайлов натижаларини тан олмасликка чорлаб, Лукашенко Беларусь халқи ҳамда бутун жаҳон назарида легитимлигини йўқотганини таъкидлади.

Инглиз тилида сўзлаган Тихановская сайловдан кейин тинч намойишчиларга қарши кескин куч қўлланилганини қоралади.

18 август куни мухолифат мувофиқлаштирувчи кенгаши ташкил этилди. Лукашенко кенгаш тузилганини «ҳокимиятни босиб олиш уриниши», деб баҳолади.

Сайлов ортидан Литвага чиқиб кетишга мажбур бўлган Тихановская вакили Ольга Ковалькова мухолифатчининг Минскка қайтиши кутилаётганини айтди.

- Биз фақат қонун доирасида иш тутяпмиз. Вазият жиддий. Расмийларнинг диалог бошлашдан бошқа иложлари йўқ. [Акс ҳолда] вазият фақат оғирлашади, - деди Ковалькова.

Польша Ташқи ишлар вазирлиги Беларусь мухолифатининг таниқли фаоллари Валерий ва Вероника Цепкалолар мамлакатга етиб борганини маълум қилди. Собиқ дипломат Цепкалонинг 9 августда бўлиб ўтган сайловда ўз номзодлигини кўрсатишига изн берилмади. Унинг рафиқаси Вероника эса сайловолди пойгасида Тихановскаяни қўллади.

Дам олиш кунлари Лукашенко Россия президенти Владимир Путин билан икки марта суҳбатлашди. Россия матбуотига кўра, Путин Беларусга хавфсизлик ёрдамини кўрсатишни ваъда қилган.

19 август куни АҚШ президентлигига Демократик партия номидан номзод Жо Байден Россияни Беларусдаги бўҳронга аралашмасликка чорлади.

XS
SM
MD
LG