Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2020, Тошкент вақти: 12:55

Тошкентда озод этилган журналист Бобомурод Абдуллаев президент Шавкат Мирзиëевга видеоташаккур билдирди (ВИДЕО)


Кун.уз нашри эълон қилган уч дақиқадан ошган видеомурожаатида Бобомурод Абдуллаев бу тасвирни олган камера эмас¸ тўғридаги бошқа камерага қараб гапиради.

22 август куни Бишкекдан Тошкентга олиб келинган Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари тарафидан саккиз соат сўроқ қилиниши ортидан уйига қўйиб юборилди.

Абдуллаевнинг онаси Гавҳаржон Мадаминованинг Озодликка айтишича¸ ўғли 22 август куни маҳаллий вақт билан кечки 23.15да Тошкентдаги синглисининг уйига кириб келган.

Маҳаллий вақт билан тунги соат 12 лар атрофида кун.уз нашрининг ижтимоий тармоқдаги каналларида Бобомурод Абдуллаевнинг президент Шавкат Мирзиëевга ташаккур билдирилган видеомурожаати пайдо бўлди.

3 дақиқали видеомурожаат "Бобомурод Абдуллаев онасининг илтимосини инобатга олгани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди "¸ деган сарлавҳа билан тақдим этилди.

Абдуллаев ўз сўзини Мирзиëев олиб бораëтган сиëсатнинг нақадар инсоний ва инсонпарварлигига ўз ҳаëтида икки марта амин бўлганини айтиш билан бошлайди.

Бобомурод Абдуллаев видеомурожаатида онасининг илтимосини ерга қолдирмагани учун президентга миннатдорчилик билдириш баробарида¸ Шавкат Мирзиëев олиб бораëтган "инсоний ва инсонпарвар" сиëсатни қўллашини айтади.

"Сизга отилаëтган тошлар¸ ëзилаëтган бўҳтонларга қарамай¸ мана шу йўналишда давом этса¸ ҳаммаси жойига тушиб кетади деб ўйлайман"¸ деган журналист Шавкат Мирзиëевнинг "халқ равнақи учун қаратилган саъй-ҳаракатларини бор билими ва тажрибаси билан қўллаб-қувватлашга тайëрлиги"ни айтади.

Кун.уз нашри бу видеонинг қачон¸ қаерда¸ ким томонидан ëзиб олинганига оид бирор маълумот бергани йўқ.

Бу видеомурожаатда журналистнинг бирор марта камерага қарамаганидан унинг олдида бошқа¸ асосий камера борлиги ва мурожаатни ўша камерага қарата қилгани тушунилади.

Ҳозирча видеомурожаатни тасвирга туширган асосий камеранинг кимга тегишли экани¸ Абдуллаевнинг бу ташаккурномасини ëзиб олиш жараëнида бошқа нашрлар мухбири қатнашган-қатнашмагани Озодликка ҳозирча маълум эмас.

Абдуллаевнинг ДХХ идорасида 8 соат ушлаб турилгани ҳақидаги маълумотдан президентга мурожаатнинг шу вақт ичида ëзилгани англашилади.

Ҳозирча бу мурожаатнинг ихтиëрий ëки ДХХ босими остида ëзиб олингани ҳақида Озодлик ихтиëрида маълумот йўқ.

Журналист махсус самолëт билан Бишкекдан Тошкентга олиб келинди

22 август куни эрталаб Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Ўзбекистон сўровига биноан журналист Бобомурод Абдуллаевни Тошкентга топширди.

Қўмита Ўзбекистон томони журналистга ҳимоя учун барча имкониятларни тақдим этишга, қийноқ қўлламасликка, шафқатсиз муомала қилмасликка ҳамда зарур бўлган тақдирда, керакли тиббий ёрдам кўрсатишга кафолат берганини маълум қилди.

Бобомурод Абдуллаевнинг онаси Гавҳаржон Мадаминова Озодлик билан суҳбатда ўғлининг озод этилганидан қувончи чексиз эканини айтди.

- Тошкентдаги қизим телефон қилиб шу хушхабарни айтди. Бобомурод билан ҳам гаплашдим. "Она, мени қўйиб юборишди, хотиржам бўлинг ҳаммаси яхши. Хоразмга ҳам боришим мумкин", деди. Жиноят иши ёпилганми ёки яна терговга чақиришадими, билмаймиз. Чарчаб келгани учун, саволга тутмадик, дамини оляпти, - деди Мадаминова.

Бобомурод Абдуллаевга Тошкентга олиб келиниши билан Хоразмдаги яқинлари билан видеомулоқот уюштирилган.

Мулоқот пайти Абдуллаев Бишкекдан Тошкентга ҳарбий учоқда олиб келинганини айтган.

Қирғизистонда қўлга олинган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров 22 август куни Озодлик билан суҳбатда ўз мижозининг Бишкекдан Тошкентга экстрадиция қилингани ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати уни хабардор қилмаганини айтди.

Ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинганди. МХДҚ журналистнинг Ўзбекистон сўровига кўра ушланганини билдирган.

10 август куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди Б. Абдуллаевни 8 сентябргача ҳибсда сақлаш бўйича қарор чиқарган. Суд қарорига кўра, журналист бу муддат ичида МХДҚнинг тергов ҳибсхонасида ушлаб туриладиган бўлган.

Мазкур суд олдидан Бобомурод Абдуллаев қирғизистонлик журналистларга ўзбек расмийлари томонидан “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган шахс сифатида гумонланаётганини айтган, бироқ ўзининг бу тахаллус остида мақолалар ёзганини қатъиян рад этган.

Бишкек суди ҳукми: Журналист Бобомурод Абдуллаев 8 сентябргача ҳибсда қолади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:06 0:00

Айни пайтда Б. Абдуллаев қўлга олинганидан кейин ҳам “Қора мерган” тахаллуси билан Телеграм тармоғидаги аккаунтда мақолалар пайдо бўлишда давом этди.

Журналист Бобомурод Абдуллаев Қирғизистонга шу йил февралида Марказий Осиёдаги Америка университети таклифи билан 4 ойлик ўқишга келган, бунга қадар эса у Германияда таҳсил олган. Аммо коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилиб қолгани учун у ўқишини давом эттириш учун Бишкекдан Европага учиб кетолмай қолган.

Айтилишича, Б. Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш”) ва 159-моддасида (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Бобомурод Абдуллаевнинг қўлга олиниши ортидан “Чегарасиз мухбирлар” (RSF), Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now, Norwegian Helsinki Committee (NHC), Human Rights Watch (HRW) ҳамда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) каби нуфузли ташкилотлар расмий Бишкекни ўзбекистонлик журналистни зудлик билан озод қилишга чақирганлар.

Бу каби чақириққа АҚШ Давлат департаменти ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм ҳам қўшилган.

(Тафсилотлар билан кун давомида танишиб боринг).

XS
SM
MD
LG