Линклар

Шошилинч хабар
27 сентябр 2020, Тошкент вақти: 22:03

Берлин шифохонасига ётқизилган Навальнийнинг аҳволи барқарор эканлиги айтилмоқда


22 август куни Алексей Навалний Россиянинг Омск шаҳридан махсус учоқда Берлиндаги "Шарите" шифохонасига олиб келинди.

Уч кундан бери комада қолаётган Россия мухолифати етакчиси, президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний 22 август куни махсус учоқда Россиянинг Омск шаҳридан Германия пойтахти Берлинга олиб келинди.

Навальний The Cinema for Peace (Тинчлик учун кино) жамғармаси асосчиси, кинорежиссёр Яка Бизил томонидан юборилган махсус тиббий учоқда келтирилди.

Бизил парвоз давомида ҳамда Берлинга етиб борганида Навальнийнинг аҳволи барқарор бўлганини айтди.

Навальний Берлиндаги «Шарите» шифохонасига ётқизилди. Шифохона рус мухолифатчиси аҳволи ҳақида ҳали билдирув эълон қилгани йўқ.

Навальнийнинг матбуот котибаси Кира Ярмиш Twitterда «Алексейни олиб учган учоқ Берлинда қўнди», деб ёзди.

Алексейнинг рафиқаси Юлия Навальний ҳам у билан самолётда бирга учган.

Россиялик врачлар Навальнийнинг аҳволи транспортировка қилишга ярамайди, деган иддао билан мухолифатчининг Германияга олиб кетилишига рухсат бермаётган эди.

Ярмиш Навальнийнинг аҳволи аслида уни транспортировка қилишга ҳеч нима тўсқинлик қилмаганини кўрсатишини айтди.

20 август куни эрталаб Томскдан Москвага учаëтган пайтда Навальнийнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашгани ортидан самолёт Омск аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлди.

21 август куни Омск касалхонаси ходими Анатолий Калиниченко касалхонанинг токсикология бўлимида беҳуш қолаётган Навальнийнинг аҳволи барқарорлашганини ва эндиликда уни бошқа ерга олиб кетиш мумкинлигини айтди.

Аввалроқ Навальнийнинг рафиқаси уни Германияга зудлик билан даволашга олиб кетиш учун рухсат берилишини сўраб, президент Путинга мурожаат қилган эди.

Кремль Навальний Германияга олиб кетилишига бошида изн берилмаганига шифокорлар тавсияси сабаб бўлганини билдирди.

Аммо Навальний тарафдорлари уни танасидаги заҳар изларини йўқ қилиш мақсадида ушлаб туришганини айтмоқдалар.

Аввалроқ Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Эммануэль Макрон ўз ҳукуматлари Навальний ва оиласига тиббий ёрдам, бошпана ва ҳимоя беришга тайёрлигини билдиришган эди.

Ҳозирча Навальнийга расмий ташхис қўйилгани йўқ. Аммо унинг шериклари мухолифатчи сиёсий фаолияти учун заҳарланганини айтмоқда.

Ярмишга кўра, Навальнийнинг ёнида бўлганлар унинг Томск аэропортида ичган чойдан заҳарланганини тахмин қилмоқда.

«ТАСС» агентлигининг хабар беришича, Омскдаги 1-сонли шифохона бош шифокори Александр Мураховский Навальнийнинг ҳозирги аҳволи организмида углеводлар метаболизми билан боғлиқ эканлигини айтган.

- Бизда дастлабки диагнозлар бор. … Уларнинг энг асосийси – метаболизм хасталигидир, - деган Мураховский.

Европа Иттифоқи Навальний комага тушиб қолишига нима сабаб бўлганини тез суратда тергов қилишга чорламоқда.

Иттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича матбуот котибаси Набила Массрали:

- Биз тезкор, мустақил ва шаффоф тергов ўтказилишни кутамиз. Шубҳалар тасдиқланса, айбдорлар жавобгарликка тортилиши лозим, - деди.

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт О’Брайен Навальний заҳарлангани ҳақидаги тахминлар хавотирли эканлигини ва бу ҳолат Россия ва АҚШ муносабатларига таъсир кўрсатишини айтди.

- У жудаям жасур шахс. Путинга Россия ичида қарши чиқа олган жасур сиёсатчи, - деди О’Брайен Навальний ҳақида.

Россияда чуқур илдиз отган коррупцияни фош қилиб келаётган Навальний бундан олдин ҳам ҳужумга учраган. 2017 йилда Сибирдаги Барнаул шаҳрига сафари давомида номаълум шахс унинг бетига кўкдори сепиб юборди. Натижада Навальнийнинг кўриш қобилиятига зиён етди. 2019 йилда эса расман рухсат берилмаган норозилик намойишига етакчилик қилгани учун яна ҳибсга олинган Навальний «жиддий аллергик реакция» билан шифохонага ётқизилди.

Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси юридик бўлими етакчиси Вячеслав Гимади Twitterда «Навальний сиёсий позицияси ва фаолияти учун заҳарланганига шубҳа йўқ», деб ёзди.

XS
SM
MD
LG