Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2020, Тошкент вақти: 16:41

Тихановская: Ҳукумат унутиб бўлмайдиган жиноятга қўл урди


Мухолифат номзоди Светлана Тихановская Беларусга Россия қўшинларини сафарбар қилиш катта хато бўлишини айтди.

Россия президенти Владимир Путин Беларусда тинчимаётган намойишлар фонида президент Александр Лукашенкони қўллаш учун ҳарбий куч юбориши мумкинлиги айтиши ортидан Беларусдаги сиёсий бўҳрон яна кескинлашди.

Мухолифат номзоди Светлана Тихановская Беларусга Россия қўшинларини сафарбар қилиш катта хато бўлишини айтди.

9 август куни ўтказилган сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан Литвага қочиб ўтишга мажбур бўлган Тихановская Озодликка интервью бериб:

«Бу бизнинг ички муаммомиз, белоруслар Беларусь ҳукумати билан ҳал қилиши керак бўлган ички муаммо», - деди.

Тихановскаянинг турмуш ўртоғи, блогер Сергей Тихановский сайлов арафасида қўлга олинган. Хабарларга кўра, у Минск яқинидаги қамоқда ушлаб турилибди. Уй бекаси бўлиб келган Тихановская президентликка номзод бўлиш истагини изҳор қилган турмуш ўртоғи қўлга олиниши ортидан унинг ўрнига ўз номзодлигини кўрсатди.

Сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақидаги иддаолар туфайли норозилик намойишлар бошланиб кетганидан кейин, Тихановская мухолифатни мувофиқлаштириш кенгашини тузди.

Кенгашнинг мақсади Лукашенко ҳукумати билан янги сайлов ўтказиш, қўлга олинган намойишчиларни озодликка чиқариш ва президент истеъфоси бўйича музокара олиб боришдир.

Аммо Лукашенко ҳокимиятга чирмашиб олган. Беларусь расмийлари кенгашга қарши жиноят иши очиб, унинг икки етакчисини ҳибсга олди. Кенгашнинг бошқа аъзолари, жумладан, адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексиевич сўроқ қилинди.

Беларусь бўйлаб ўтказилган намойишларга ўн минглаб одам қатнашди. Минскда бўлиб ўтган йирик акцияларда эса юз минглаб одам қатнашгани айтилмоқда.

Тихановская Озодликка берган интервьюсида яна Лукашенкони истеъфога чиқишга чорлади.

Лукашенко очиқ ва адолатли сайлов ўтказиш чақириқларини рад этиб, бунинг ўрнига намойишчиларга қарши кескин чора кўриши мумкинлигини шама қилмоқда.

Беларуснинг муҳим иқтисодий ҳамкори Россия мамлакатдаги вазиятни яқиндан кузатмоқда. Кремль Украинада россияпараст президент ағдарилишига сабаб бўлган 2014 йилги ҳодисалар Беларусда такрорланишидан хавотирда.

Сайлов ўтказилганидан бери Путин ва Лукашенко телефон орқали камида беш марта суҳбатлашди.

27 август куни Путин Лукашенко илтимосига биноан Беларусга ёрдам бериш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан махсус захира бўлинмасини ташкил этганини эълон қилди.

«Биз резерв вазият издан чиқмагунча ишлатилмаслигига келишдик», деди Путин.

Тихановская Путиннинг позицияси тушунарли эканлигини, аммо Беларусга Россия қўшинларини киритишга эҳтиёж йўқлигини айтди. Мухолифатчи расмийлар кескин чора кўришга замин яратиш мақсадида атайин зўравонлик келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Қанақадир “ёрдам», полиция ёки бошқаларни олиб келишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ, чунки бизда тинч намойишлар бўлиб ўтяпти», деди Тихановская.

Мухолифатчи Лукашенко зўравонликка қўл урмай, ўз хоҳиши билан истеъфога чиқиши кераклигини айтди. Тихановская намойишчиларга қарши зўравонликларни буюртирган расмийлар жавоб беришини қўшимча қилди.

«Афсуски, расмийлар унутиб бўлмайдиган жиноятга қўл урди», - деди Тихановская.

«Бунинг барчаси чиройли тугашини хоҳлайман. Жарга қулашни хоҳламайман», дея сўзини якунлади у.

XS
SM
MD
LG