Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:33

Сардобани тиклашда қатнашган қурувчилар ойликларини ололмай сарсон бўлмоқда (ВИДЕО)


Шу йилнинг май ойида Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида юзага келган тошқиндан Сирдарё вилояти Оқолтин туманининг 20 та аҳоли яшаш пунктида жойлашган 6 мингга яқин уй вайрон бўлганди.
Шу йилнинг май ойида Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида юзага келган тошқиндан Сирдарё вилояти Оқолтин туманининг 20 та аҳоли яшаш пунктида жойлашган 6 мингга яқин уй вайрон бўлганди.

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида вайрон бўлган уйларни тиклашда қатнашган етмишдан ортиқ қурувчи уч ойлик маошини ололмай сарсон бўлаётганликларини айтишмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган қурувчиларга кўра, улар Оқолтин туманининг Садзин маҳалласида юздан ортиқ уйни тиклашда қатнашган, аммо уларни ишга ёллаган пудратчи ширкат "Нурафшон қурилиш" МЧЖ маошларини бермаган.

Сирдарё вилоят ҳокимлигининг Архитектура ва қурилиш бошқармаси мулозимига кўра, Оқолтин туманининг Садзин маҳалласидаги 130та уйни тиклаш ишларини молиялашни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олган ва "Нурафшон қурилиш" МЧЖни пудратчи сифатида ёллаган.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган "Нурафшон қурилиш" МЧЖнинг исми очиқланмаслигини истаган ходимларидан бири Озодликка Тошкент шаҳар ҳокимлигидан Сардобадаги қурилиш ишлари учун 120 миллион сўмлик сўнгги тўлов кечикаётгани сабаб ишчиларга маош беролмаётганини айтди.

Аммо, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига боғланиб бўлмаяпти.

Ҳокимлик расмий сайтида келтирилган телефон рақамларига Озодлик 18 сентябрь кун давомида қўнғироқ қилди, телефонни ҳеч ким кўтармади.

Нега Сардобадаги ишчиларга ойликлар тўланмаётгани ҳақида 14 сентябрь куни ҳокимлик матбуот хизмати электрон почтасига жўнатилган саволга ҳам жавоб бўлмади.

Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан шу йилнинг июнь ойида Сирдарёга олиб келинган ишчилар Озодлик билан суҳбатда уларни ишга ёллаган "Нурафшон қурилиш" МЧЖ ойликларини бермаганини иддао қилишди.

"Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли қурилиш ширкати экан. 2 миллион сўм ойлик деганига, ҳокимлик алдамас, деб ишониб ишладик. Бола-чақани ташлаб келганмиз. Намангандан, Фарғонадан, Сурхондарё, Қашқадарёдан ҳам бор бу ерда. Уч ой бўлди, мана уйларни ҳам тикладик, кўчиб ўтишяпти одамлар, лекин ҳали бизга пул бергани йўқ", - дейди ишчилардан бири.

Сардоба қурувчилари иш ҳақи берилмаганини айтишмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:28 0:00
Бевосита линк

Ишчилар уларни ишга ёллаган ширкат билан шартнома имзоламаганликлари, оғзаки айтилган ваъдаларга учиб ишлашга рози бўлишганини айтишди.

"Тошкент ҳокимиятини одамлари экан, алдамас, беришар деб ишонгандик-да. Лекин, тузукроқ овқат ҳам беришмади. Ётарга жой ҳам беришмади. Ҳар куни қовун билан боқишди. Бетон плиталарни устига кўрпача тўшаб ётибмиз. Энди иш ҳақимизни берсин, кетайлик уйимизга", дейди ишчилардан яна бири.

Баъзи ишчилар Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги уларни ишга ёллаган "Нурафшон қурилиш" МЧЖ идорасига 11 сентябрь куни иш ҳақини талаб қилиб боришган, лекин Ички ишлар бўлими ходимлари уларни милиция бўлимига олиб кетган.

- Ўша куни борганимизда кутиб туринглар, бошлиқ келади деди. Кейин ИИБ ходимлари келиб, қўлимизга наручник тақиб, Юнусобод туман ИИБсига олиб кетди. Бизни тартиббузарга чиқариб, штрафга тортишмоқчи бўлишди. Кейин аҳволимизга ачиниб қўйиб юборишди, - деди ишчилардан бири.

Сардобада ишлаган қурувчилар ойлигини ололмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:29 0:00

Энди ишчилар "пешона териси"ни сўраб президент виртуал қабулхонасига арз қилганликлари, аммо қабулхонадан жавоб бўлмаганини айтишди

"Бошқа чорамиз қолмади. Порталга ёздик. Чунки президентимиз Шавкат Мирзиёев шу ишларни тепасида турибдилар, пешона теримизни сўраяпмиз, шунча ишлаб уйга, бола-чақани ёнига бир-икки сўм билан боришимиз керакку", - дейди ишчи.

Тошкент ҳокимлиги жавобгарми?

Сирдарё вилоят ҳокимлигининг Архитектура ва қурилиш бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими Оқолтин туманининг Садзин маҳалласида сув тошқинидан вайрон бўлган 130га яқин уй тикланиб, эгаларига топширилаётганини айтди.

Мулозимга кўра, бу уйларни тиклаш ва қурилиш ишларини молиялашни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олган.

"Садзиндаги ҳамма уй Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасида. Ишчилар ойлиги масаласи бўйича улар жавоб бериши керак", - деди ҳокимлик мулозими.

Сардобадаги уйларни тиклаш учун пудратчи этиб ёлланган "Нурафшон қурилиш" МЧЖнинг Озодлик суҳбатлашган ходимлари ҳам Сардобадаги қурилиш ишларига Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳомийлик қилгани, ҳокимликдан 120 миллион сўмлик сўнгги тўлов кечикаётгани сабаб ишчиларга маош ҳам кечикаётганини айтди.

- Тошкент шаҳар ҳокимлиги Юнусобод туман ҳокимлигига шу 120 миллион сўмни тушириб беришни тайинлаган. Юнусобод тумани ҳокимлигидан ҳам бизга пул тушгани йўқ. Пулни тушириб беришса ҳаммасига берамиз, лекин тушгани йўқ, - деди "Нурафшон қурилиш" МЧЖнинг исми очиқланмаслигини истаган ходими.

Ширкат ходимига кўра, Оқолтин туманидаги Садзин маҳалласидаги уйларни тиклашда икки юздан ортиқ қурувчи қатнашган.

Улар орасида вилоятлардан келган "кўнгиллилар" ҳам ишлаган.

- Бизни ўзимизни қурувчилар бор эди, вилоятлардан олиб келинган ишчилар уларга ёрдамлашди. Бундан ташқари кўнгиллилар ва уй эгалари ҳам ишлаган у ерда, - дейди "Нурафшон қурилиш" МЧЖ ходими.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Садзин маҳалласидаги уйларни тиклаш учун қурилиш фирмасига ҳаммаси бўлиб қанча маблағ ажратган?

Бу саволга ширкат ходими жавоб беролмаслигини айтди.

Озодлик ишчилар қандай шартлар асосида ёллангани, иш ҳақи нега берилмаётгани юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтидаги матбуот хизмати телефонларига 18 сентябрь кун давомида қўнғироқ қилди, лекин телефонни ҳеч ким кўтармади.

Матбуот хизматига тўрт кун аввал жўнатилган Озодлик сўровига ҳам жавоб бўлмади.

Сардоба сув омборидаги офатдан икки ҳафта ўтиб, 15 май куни маҳаллий аҳоли билан учраган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сув тошқини оқибатида зарар кўрган уйлар давлат томонидан бепул таъмирлаб берилишини, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолишини маълум қилган эди.

– Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади, – деганди Мирзиёев.

Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги ўшанда Сирдарё вилоятидаги зарар етган 1773 уйни таъмирлашга давлат ҳисобидан 123 миллиард сўм йўналтирилишини маълум қилган.

Сардобадаги қурилиш ишларига танлаб олинган ширкатлар эса асосан Тошкент шаҳридаги қурилишларда қатнашган ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор, деб кўриладиган ширкатлардир.

Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги расмийлари муддат камлиги сабабли қурувчи компанияларни танлашда тендер ўтказилмаганини маълум қилганди.

XS
SM
MD
LG