Линклар

Шошилинч хабар
01 октябр 2020, Тошкент вақти: 21:25

Марказий банк раиси қорамол ва гўшт қимматлаганини аҳолига кўп миқдорда кредит берилгани билан изоҳлади


Кейинги ҳафталарда Қирғизистонда гўшт нархи камида 10 фоизга қимматлаб кетди. Сўнгги бир неча йил давомида деярли ўзгаришсиз турган нархларнинг кескин ортиб кетишини маҳаллий қассоблар ҳам, расмийлар ҳам чорванинг қўшни давлатларга, жумладан Ўзбекистонга экспорти кучайгани билан изоҳламоқда.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларида ҳам, маҳаллий аҳолидан олинган маълумотларга қараганда, гўшт қимматлаган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов 15 сентябрда ЎзА саволларига жавоб берар экан, қорамол ва гўшт қимматлаганини аҳолига кўп миқдорда кредит берилгани билан изоҳлади

Ўзбекистоннинг Андижон вилояти билан чегарадош Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида шу кунда бир кило мол гўшти 400 қирғиз сўмига сотилмоқда. Айрим хабарларга қараганда, нархни 420 сўмга кўтарган қассоблар ҳам бор.

Ўшлик Маъмиржон ҳожининг 15 сентябрда Озодликка айтишича, у сўнгги бор гўштни уч кун олдин харид қилган эди.

"Икки кило мол гўшти олдим. 420 сўмдан. Баҳорда карантин бошланганидан кейин 370 сўмга чиқиб кетган, шаҳар ҳокимияти аралашуви билан 10 сўмга туширилган эди. Карантингача бир неча йил деярли ўзгаришсиз, 320, 330 сўм атрофида турган эди нархлар".

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг хабар қилишича, мамлакат пойтахтида нархлар ўсиши янада сезиларлидир. Бишкеклик Сенжарбек Усеналиевнинг радиога айтишича, "бир йил муқаддам бир кило мол гўшти 260-270 сўм турар эди, шу кунда эса, 380-400 сўмга чиқиб кетди".

Шу кунда қарийб 80 қирғиз сўми 1 АҚШ долларига тенг. Демак, Қирғизистонда 1 кг мол гўшти бутун мамлакат бўйлаб тақрибан 5 доллардан сотилмоқда. Гап категорияланмаган, анъанавий суякли гўшт устида кетмоқда.

Мавзуни ўрганган Озодлик радиоси қирғиз хизмати респондентларининг деярли барчаси нарх ўсиб кетишини қўшни мамлакатлар, жумладан Ўзбекистонга чорва экспорти кучайгани билан изоҳлаган. Бундай фикрни Қирғизистон расмийлари ҳам билдирган.

Қирғиз Республикаси Монополияга қарши кураш агентлиги раҳбари Шуҳрат Собиров кейинги икки-уч ҳафтада жойларда гўшт нархи 8-10 фоизга кўтарилиб кетганини тан олар экан, бу ҳолатни қўшни давлатларга чорва сотиш кўлами ошиб кетгани билан изоҳлаб, бундай деган:

"Сабабини ўргандик. Қўшни мамлакатларга чорва кўп сотила бошлагани, натижада маҳаллий бозорда жонлиқ қимматлаб кетгани гўшт нархи ошиб кетишига сабаб бўлди".

Шуҳрат Собировнинг айтишича, гўшт ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлардандир ва бундай товарлар нархи бир ойда 20 фоизга кўтарилиб кетган тақдирдагина давлат нархларни тартибга солиш чораларини кўриши мумкин.

Қирғиз Республикаси миллий статистика қўмитаси матбуот котиби Асел Акматалиеванинг Азаттиқ радиосига билдиришича, жорий йилнинг биринчи ярмида 2019 йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан қорамол экспорти 14,1 мартага ошган.

"Қорамол, асосан, Тожикистон билан Ўзбекистонга сотилди", деган Қирғизистон Статистика қўмитаси расмий вакили.

Қирғиз Республикаси Монополияга қарши кураш агентлиги раҳбари Шуҳрат Собиров чорва экспорти ҳажми кескин ошиб кетганини қўшниларда гўшт Қирғистондагидан қимматроқ эканлиги билан изоҳлади.

"Тожикистон билан Ўзбекистонда мол гўшти қирғиз сўмига чаққанда 450-460 сўмга тенг. Қўй гўшти эса, 500 қирғиз сўмига тенг. Шунинг учун бизнинг чорвага талаб кучайиб кетди".

Қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича қирғизистонлик мутахассис Бақит Мамитканов юзага келган вазиятни ўтган йили Қозоғистон жорий қилган чекловлар билан изоҳлади:

"Ўтган йили Қозоғистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги чорва моллари экспортини тақиқлаб қўйди. Ўзбекистон билан Тожикистон импорт қилувчи чорванинг катта қисмини Қозоғистондан олар эди. Натижада Қозоғистон киритган чеклов бизнинг фойдамизга бўлди: чорвани кўпроқ сота бошладик".

Водий вилоятларидаги нархлар

Қирғизистоннинг уч жанубий вилояти Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги уч вилояти билан чегарадош. Намангандан 15 сентябрда олинган маълумотга қараганда, шу кунда бу шаҳарда бир кило мол гўшти нархи 55 -60 минг сўм. Бу маълумотни берган наманганликнинг айтишича, нархлар сўнгги 2-3 ойда ўзгармаган.

Фарғонадаги нархлар ҳам деярли Намангандагидай: мол гўшти 60 минг, қўй гўшти 65 минг сўм. Бу ҳақда хабар қилган фарғоналикнинг айтишича, коронавирус билан боғлиқ карантин даврида мол гўшти ҳам, қўй гўшти ҳам 5 минг сўмданга қимматлаган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамризо Нурмуротов ЎзА мухбири билан суҳбатда мамлакат гўшт бозоридаги вазиятни шарҳлар экан, жумладан бундай деди:

- Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш доирасида энг асосий ва кўп кредитлар айнан шу икки йўналишда (иссиқхона ва чорвачилик - Озодлик) берилмоқда. Тўғри, бу ҳолатда истеъмолчи сифатида сиз ҳақсиз. Қорамолни арзон олишга ҳам ҳақлисиз. Лекин, жараёнга макроиқтисодий нуқтаи назардан ҳам қарашимиз шарт. Кўпчилик яхши эслайди, 2016 йилда қорамолчилик, паррандачилик, лимончиликни ривожлантириш учун аҳолига кўп миқдорда кредитлар берилди. Шунда, айнан қорамол хариди учун 2,7 триллион ажратилган эди. Сўнгра гўштни ва қорамолни нархи кескин ошиб кетди. Нима учун, чунки, мавжуд қорамолларнинг маълум эгаси бор. Сиз янги қорамол эгаси бўлмоқчисиз, лекин қорамол сони кўпайгани йўқ. Бу ўз - ўзидан нархларни ошишига олиб келди. Шу сабабли биз вилоят ҳокимликларига туёқ сонини кўпайтирган ҳолда аҳолига кредит беришни талаб қилдик.

XS
SM
MD
LG