Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:07

Хакерлар Беларусдаги 1000 полициячи шахсий маълумотини тарқатиб юборди (ВИДЕО)


Намойишчини қўлга олаётган полициячи, 30 август, 2020
Намойишчини қўлга олаётган полициячи, 30 август, 2020

Хакерлар гуруҳи президент Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилиб, оммавий акцияларга чиққанларга қарши куч қўллаган 1000 полиция зобити шахсий маълумотларини Интернетда тарқатиб юборди.

Мухолифат янгиликларини ёритиб келаётган Nexta Live гуруҳи ўз Telegram каналида ҳужум ортида турган хакерлар билдирувини эълон қилди.

Унда «Қўлга олишлар давом этар экан, маълумотларни йирик кўламда ёйинлашда давом этамиз», дейилади.

Хакерлар қўлга киритган маълумотлар 19 сентябрь куни Telegram каналларда кенг улашилди.

Беларусь Ички ишлар вазирлиги ҳукумат маълумотларни сиздирган шахслар аниқланиши ва жавобгарликка тортилишини билдирди.

Вазирлик матбуот котиби Волга Чемоданова: «Ички ишлар вазирлиги идоралари қўлидаги кучлар, ресурслар ва технологиялар Интернетда шахсий маълумотлар тарқатилишига масъул шахсларнинг аксарини аниқлаш имконини беради», деди.

Интернетда тарқатилган рўйхатда 1 003 нафар полиция ходимининг исми, фамилияси, отаси исми, туғилган куни, ишлаётган бўлими, унвони ва лавозими келтирилган.

19 сентябрь куни пойтахт Минскда бир неча минг аёл авторитар президент Лукашенко истеъфосини талаб қилиб навбатдаги норозилик акциясига чиққан эди.

Кун давомида қора формадаги полиция ходимлари юзлаб намойишчи аёлни қўлга олди.

Полиция намойишчи аёлларни куч ишлатиб автомобилларга миндирар экан, аёллар «Уят!» ва «Биз унутмаймиз!» дея ҳайқиришди.

Намойишчилар қўлида мухолифат рамзига айланган оқ ва қизил рангли байроқлар бор эди.

«Весна» инсон ҳуқуқлари ташкилоти 19 сентябрь куни бўлиб ўтган акцияда қатнашган 300 дан ошиқ одам қўлга олинганини билдирди.

Бугун, 20 сентябрь куни яна бир оммавий норозилик акцияси бўлиб ўтмоқда.

Минск, 20 сентябрь, 2020
Минск, 20 сентябрь, 2020

Мамлакат бўйлаб режалаштирилган акциялар арафасида Минск марказига ҳарбий автомобиллар киритилди.

Намойишчилар Беларусь Олий суди томон, бунинг ортидан президент Лукашенко резиденцияси томон юриш қилдилар.

Бугунга қадар минглаб намойишчи юзини ниқоб, каска ёки подшлемник билан яшириб олган хавфсизлик кучлари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Намойишчиларга қарши кўрилаётган кескин чоралар туфайли Европа Иттифоқи Лукашенко тузумининг юқори лавозимли расмийларига қарши санкция жорий қилди.

Лукашенко ҳокимиятда қолиши учун хавфсизлик кучларининг унга содиқ қолиши муҳим аҳамият касб этади.

9 август куни бўлиб ўтган сайловда Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб чиққанини эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Мухолифат сайлов натижаларини сохталаштирилганини айтиб, Лукашенко истеъфосини ҳамда очиқ ва адолатли сайловлар ўтказилишни талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG