Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:04

Ëлғон анатомияси: Расмий "Раддия" кислород концентраторлари Хитойдан тайëр олиб келинганини тасдиқлади


 "Great Kokand" МЧЖ "Қўқон" эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқара бошлангани иддао қилинган кислород концентратори¸ Пекиндаги Beijing Shenlu Medical Device Co., Ltd. вакилининг айтишича¸ тўлиғича¸ ҳатто логоси билан шу компанияда ишлаб чиқарилган.
"Great Kokand" МЧЖ "Қўқон" эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқара бошлангани иддао қилинган кислород концентратори¸ Пекиндаги Beijing Shenlu Medical Device Co., Ltd. вакилининг айтишича¸ тўлиғича¸ ҳатто логоси билан шу компанияда ишлаб чиқарилган.

Озодлик “Фарғонада ишлаб чиқарилгани” иддао қилинган кислород концентраторларининг аслида Хитойдан тайëр ҳолда олиб келинганини тасдиқловчи қўшимча далилларни қўлга киритди.

Озодликнинг 17 сентябрь куни эълон қилинган дастлабки суриштирувига Фарғона вилояти ҳокимлиги кетма-кет берган «Раддия»лар¸аниқроғи, унга илова қилинган ҳужжат аслида бу концентраторларнинг Хитойдан “бутун” олиб келинганини кўрсатмоқда.

Бу ҳужжатда номи келтирилган Хитой ширкати вакили ҳам Озодлик билан ëзишмалар давомида "Great Kokand" МЧЖ ўзидан асосан тайëр концентраторлар сотиб олганини маълум қилди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати 15 сентябрь куни “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ташаббуси билан Ўзбекистонда биринчи бўлиб кислород концентраторлари ишлаб чиқариш бошлангани ҳақида хабар берганди.

Топишмоқ: “MIC medical Technology Co, Ltd” ¸ “MIC Medisal Co.Ltd” ëки “Foshan MIC medical Technology Co, Ltd”?

Фарғона вилояти ҳокимлиги 17 сентябрь куни Озодлик сўровига юборган жавобида “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида кислород концентраторлари “ишлаб чиқариш”нинг Хитойдаги “MIC Mediсal Co.Ltd” компанияси билан 40:60 (бутловчи қисмларнинг 40 фоизи импорт¸ 60 фоизи маҳаллий – таҳр.) нисбатидаги ҳамкорликда йўлга қўйилганини иддао қилди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати Озодликка юборган "Раддия"

Мақола эълон қилинганидан икки кун ўтиб¸ 19 сентябрда Фарғона вилоят ҳокимлиги расмий сайтида эълон қилинган яна бир расмий “Раддия”да Хитойдаги ҳамкор компания номи ўзгариб¸ у энди “MIC Medisal Co.Ltd” га айланди.

Мазкур кислород концентраторини ишлаб чиқариш жараёнида “Грейт Қўқон” МЧЖ корхонаси ва Хитой Халқ Республикасининг “MIC Medisal Co.Ltd” компанияси ўртасида шартномалар (шартнома нусхаси ва импорт қилиб келинган маҳсулотлар суратлари илова қилинади) имзоланиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган концентраторнинг 40 фоиз қисми (кислородни ажратувчи филтрлар, сенсорли бошқарув тизими ва компрессор) Хитой Халқ Республикасидан импорт қилиб олиб келинмоқда”, дейилади расмий баëнотда.

Фарғона вилоят ҳокимлиги расмий баëнотида Хитойдаги ҳамкор компания номи бутунлай бошқача ëзилган.
Фарғона вилоят ҳокимлиги расмий баëнотида Хитойдаги ҳамкор компания номи бутунлай бошқача ëзилган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан Озодлик мақоласига берилган “раддия”ларда номлари келтирилган Хитой компаниялари ҳақида очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ – виртуал қидирув давомида на “MIC medical Technology Co, Ltd” ва на “MIC Medisal Co.Ltd” деган номдаги компания¸ на унинг веб сайти ëки маҳсулоти топилмади.

Айни пайтда¸ сирли Хитой ширкатининг ҳақиқий номига расмий “Раддия”га илова қилинган шартнома нусхаси ойдинлик киритди. Ҳокимлик эълон қилган контракт нусхасидан кўрилишича¸ “Great Kokand” МЧЖ кислород концентратори сотиб олиш бўйича шартномани Ҳонг Конгда рўйхатдан ўтган Foshan MIC medical Technology Co, Ltd. компанияси билан имзолаган.

“Ҳамкор” деб аталган Хитой ширкати асл номининг расмий раддияларда нега қисқартирилиб ëки хато билан ëзилгани ҳақида Озодликда ҳозирча бирор расмий изоҳ йўқ.

Шартномада Хитой компанияси нима сотиб¸ Қўқондаги МЧЖ нима олмоқда?

“Фарғонада ишлаб чиқарилди” деб тақдим этилаëтган кислород концентраторларининг асли Хитойдан тайëр ҳолда олиб келинаëтгани ҳақидаги Озодлик хабарини рад этиш мақсадида эълон қилинган келишув матни аслида Озодлик хабарини бевосита тасдиқлайди.

Томонлар ўртасида 11 август куни имзоланган келишув шартномасида Хитой ишлаб чиқарувчиси¸ Фарғона вилоят ҳокимлиги расмий баëнотида иддао қилингани каби “кислородни ажратувчи филтрлар, сенсорли бошқарув тизими ва компрессорлар эмас¸ айнан тайëр кислород концентраторларини харидор - “Great Kokand” МЧЖга етказиб бериш масъулиятини зиммасига олади.

Ҳуқуқий ҳужжатнинг томонлар нима сотиб¸ нима олаëтганига аниқлама берилган “Шартнома субъекти” деган 1-бандида:

“...сотувчи (Foshan MIC medical Technology Co, Ltd - таҳр.) кислород концентраторлари(кейинги ўринларда Маҳсулот) ни бутун ëки қисмларга ажратилган ҳолда сотади¸ харидор (“Great Kokand” -таҳр.) уни бутун ëки қисмларга ажратилган ҳолда сотиб олади. Маҳсулот нархи ва сони мазкур шартнома иловасида белгиланади”¸ деб ëзилган.

Шартноманинг олди-сотди субъекти ҳақидаги асосий банди.
Шартноманинг олди-сотди субъекти ҳақидаги асосий банди.

Уч саҳифалик шартноманинг нафақат асосий банди¸ балки бошқа бирор қисмида ҳам томонларнинг¸ Фарғона вилояти ҳокимлиги иддао қилган каби¸ “кислородни ажратувчи филтрлар, сенсорли бошқарув тизими ва компрессор” сотаëтгани ëки олаëтгани ҳақида бирор сўз йўқ.

Шартномага “маҳсулот Харидорнинг ўз ишлаб чиқариш эҳтиëжи учун фойдаланишга мўлжалланган” деб ëзилган бўлса-да¸ “бутун ëки қисмларга ажратилган ҳолда” юбориладиган кислород концентраторларининг қандай “ишлаб чиқариш”га мўлжалланганига аниқлик киритилмаган.

2020 йил 31 декабрига қадар тақрибан 1 миллион АҚШ доллари қийматидаги концентраторларни етказиб бериш ҳақидаги келишув асосий матнида¸ концентраторлар донаси нархи ëзилмаган. Бу нарх белгиланган келишув иловаси нусхаси ҳозирча Озодлик ихтиëрида йўқ.

Foshan MIC medical Technology Co, Ltd: “Great Kokand” тайëр кислород концентраторларига буюртма берган!

21 сентябрь куни Озодлик Фарғонадаги “Great Kokand” МЧЖнинг хитойлик ҳамкори Foshan MIC medical Technology Co, Ltd компанияси билан боғланди.

Бир неча уринишдан сўнг Озодлик Гуангдонгда жойлашган бу компаниянинг бевосита ўзбек ширкати билан музокараларда қатнашган намояндаси билан боғланишга муваффақ бўлди.

Кун давомида олиб борилган ëзишмаларда Foshan MIC medical Technology Co, Ltdнинг экспорт учун мутасаддиси “Great Kokand МЧЖси билан 100 фоиз тайëр “кислород концентраторлари ва унинг айрим аксессуарлари” хариди бўйича келишув имзоланганини тасдиқлади.

Great Kokand”ни яхши биламан. Шахсан ўзим улар вакили билан икки марта гаплашганман. Афсуски¸ сўзлашувлардан кейин улар тайëр маҳсулотни биздан эмас¸ бошқа компаниядан оладиган бўлди. Кейин биздан ҳам бир неча юз концентратор оладиган бўлишди. Бутловчи қисм эмас¸ асосан бутун концентратор оладиган бўлишди. Бу фақат бир марталик харид¸ давомли эмас. Сизга айтишим мумкин бўлган маълумот¸ биз юборган кислород концентраторлари ҳали йўлда¸ Ўзбекистонга етиб боргани йўқ".

Айни пайтда Хитой ширкати намояндаси концентраторларнинг аниқ сони¸ нархи ва якуний буюртма қийматини очиқламади.

"Great Kokand" Хитойдаги Foshan MIC medical Technology Co, Ltd компанияси билан айни шу моделдаги тайëр кислород концентраторларини сотиб олишга келишган.
"Great Kokand" Хитойдаги Foshan MIC medical Technology Co, Ltd компанияси билан айни шу моделдаги тайëр кислород концентраторларини сотиб олишга келишган.

Foshan MIC medical Technology Co, Ltd вакили “Great Kokand”МЧЖ буюртма берган кислород концентраторлари суратини Озодликка тақдим этди.

Унда Фарғона вилояти ҳокимлиги расмий сайтида тақдим этилган кислород концентраторларидан бутунлай фарқли қурилмани кўриш мумкин.

“Great Kokand” логоси билан тақдим этилган концентраторга бизнинг алоқамиз йўқ!”

Озодлик Foshan MIC medical Technology Co, Ltd вакилига “Great Kokand” МЧЖ томонидан ўз компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилгани иддао қилинган кислород концентраторлари суратини тақдим этди.

Бу маҳсулот сизнинг ширкат билан ҳамкорлик натижасими?”¸ деган саволга Хитой компанияси вакили “йўқ”, деб жавоб берди.

Суратдаги концентраторлар Beijing Shenlu Medical Device Co., Ltd. компанияси ишлаб чиқарган маҳсулот. Бу компаниянинг эса бизга мутлақо алоқаси йўқ. Хитойдаги аксар кичик ишлаб чиқарувчилар харидорга у истаган логони қўйиб беради. Биз ҳам истасангиз ўз логомиз билан¸ истасангиз¸ сиз айтган лого билан¸ яна истасангиз¸ ҳеч бир логосиз маҳсулот чиқариб берамиз. Лекин сиз юборган суратдаги маҳсулотни бизнинг компаниямиз билан боғлиқ ҳолда тақдим қилишган бўлса¸ бу хато. Бизнинг унга алоқамиз йўқ!” деди Озодлик билан ëзишмаларда Foshan MIC medical Technology Co, Ltd компанияси вакили.

"Great Kokand" ишлаб чиқаргани иддао қилинган "маҳаллий маҳсулот"нинг¸ ëрлиғини истисно қилганда¸ Хитойдаги Beijing Shenlu Medical Device Co., Ltd., компанияси сотаëтган концентраторлар билан нима учун айнан бир хил эканига на Фарғона вилоят ҳокимлиги ¸ на Қўқондаги МЧЖ изоҳ берганича йўқ.
"Great Kokand" ишлаб чиқаргани иддао қилинган "маҳаллий маҳсулот"нинг¸ ëрлиғини истисно қилганда¸ Хитойдаги Beijing Shenlu Medical Device Co., Ltd., компанияси сотаëтган концентраторлар билан нима учун айнан бир хил эканига на Фарғона вилоят ҳокимлиги ¸ на Қўқондаги МЧЖ изоҳ берганича йўқ.

"Great Kokand" логоси ëпиштирилган кислород концентраторларининг тўлиғича ўз маҳсулоти эканини Beijing Shenlu Medical Device Co. Ltd компанияси вакили ҳам 17 сентябрь куни Озодликка тасдиқлаган эди.

Озодликнинг ушбу мавзудаги суриштируви давом этади.

XS
SM
MD
LG