Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:11

Чилонзорлик болани калтаклаб, қамаган ИИВ ходимига нисбатан хизмат текшируви бошланди


ИИБ ходими Диëр Болтаев
ИИБ ходими Диëр Болтаев

Тошкент шаҳар, Чилонзор туман ИИБ 22 сентябр куни туман ИИБ ходими Диëр Болтаевнинг вояга етмаган болани калтаклаб, хусусий автомашинасига ўзбошимча қамагани ҳолати юзасидан хизмат текширувини бошлади.

Бу ҳақда ўзини Чилонзор 2-ИИБ бошлиғи, подполковник Дилшод Азимовнинг ëрдамчиси деб таништирган зобит Озодликка маълум қилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили¸ болалар омбудсмени Алия Юнусова Озодлик мухбири билан 22 сентябр кунги суҳбатда ИИВ ходими калтаклаган бола масаласи “жиддий назоратга олинганлигини” билдирди.

Нима бўлган эди?

Озодлик воқеа гувоҳи бўлган блогер ва фаоллар билан суҳбат асносида ҳодисага аниқлик киритди.

Тошкентлик блогернинг Озодликка айтишича¸ 19 сентябрь оқшомида Чилонзор 6 мавзесида "қаттиқ додлаëтган" боланинг овози эшитилади.

Воқеага яқин жойда бўлган икки блогер ИИВга қўнғироқ қилиш билан бирга, бутун жараëнни видеотасвирга олади.

Видеотасвирда болани судраб, Бухоро вилоятига оид давлат рақамидаги Матиз автомашинасига қамаб қўйгани акс этган.

Бола “мени қутқаринглар” дея рус тилида фарëд қилади.

Воқеа жойига келган блогер аëлнинг хушмуоамала билан машина ичидаги болани ойнадан юпатишга уринаётгани видеода акс этган.

Болани ўз хусусий машинасига қамаган ИИБ ходими блогерларга хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, “мен участковойман. Бу бола кечаси нима қилиб юрибди?” дейди.

Гувоҳномада ИИБ ходимининг исм-шарифи "Болтаев Диëр Ихтиëрович" деб ëзилгани кўринади.

Шундан кейин ИИБ ходими ўз машинасига ўтириб, воқеа жойини тарк қилади. Охирги дақиқада блогер аëл ИИБ ходими машинаси олд эшигини очиб ўтириб олади. Машина ортидан иккинчи блогер йўлга тушади.

Видеода Чилонзор тумани 2 ИИБ биноси кўринади. Блогерлар боланинг онаси Ирина Клименкогага қўнғироқ қилишади. Бироз вақт ўтиб, видеотасвирда боласини қутқаришга келган она кўринади. У ўз ўғли 2007 йилда туғилган Владислав Автономовни бағрига босиб “ким сени урди?” деб сўрайди. Бола ИИБ ходими Диëр Болтаевни кўрсатиб¸ "шу киши оëғимга ва юзимга уриб, машинасига қамаб қўйди” дея шикоят қилади. Видеода кўринган Диëр Болтаев “мен урмадим” дея ўзини оқлашга уринади. Шундан кейин боланинг онаси ва икки нафар блогер ИИБ биносига шикоят қилиш учун киришади. Видеокадрда кўринган навбатчи зобит намойишкорона дарча эшигини ëпиб қўяди.

Калтакланган бола ҳикояси

Youtube тармоғига 21 сентябр куни юкланган ва бир кун ичида 30 мингга яқин одам кўрган видеода 13 яшар Владиславнинг ҳам ҳикояси бор. Ҳикояда бола “ахлат ташаб қайтаëтганида ИИБ ходими тарафидан таъқиб қилинганини” айтади.

“Мен мусорка тарафидан келаëтган эдим. У мени ортимдан машинада келиб, нима қиляпсан, деганга ўхшаш гап айтди. Мен қўрқиб кетганимдан нима дейишни билмадим. Қўрқиб, подъездимга кириб, бу менинг уйим, дедим. У бўлса, машинадан тушиб, менга ташланиб, ерга йиқитиб судради. У мени машинасига тиқмоқчи эди, мен хоҳламадим. У оëқларимга тепди. "Бақирма" деб юзимга ура бошлади. Кейин бўйнимни қайириб, машинасига тиқиб, қамаб қўйди”.

Озодлик мухбири видеога олган блогер билан суҳбатлашди. Исми эфирда ошкор қилинмаслигини сўраган блогер ўзи суратга олган видеолавҳалар Чилонзор туман ИИБ раҳбарияти тарафидан ўрганилаëтганини билдирди.

Омбудсмен ташвишда

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили¸ болалар омбудсмени Алия Юнусова Озодлик мухбири билан 22 сентябр кунги суҳбатда “мавзу юзасидан Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи Азиз Тошпўлатовнинг кўрсатмаси олинганлигини”билдирди:

“ИИБ ходими тарафидан боланинг калтакланиши мумкин бўлмаган ва ўта ташвишли ҳолат. Эрталабдан назоратга олдик. Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи Азиз Тошпўлатов бизга бу масалада ахборот берди. Унинг ишонтиришича, бу қилмишни содир қилганлар қаттиқ жазоланади.”

Ҳуқуқшунос нима дейди?

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Дилфуза Юсупова Озодлик илтимосига биноан, видеороликни кўриб чиқиб, бир эмас, бир қанча қонунбузарлик юз берганини айтди.

“Биринчидан, ИИБ ходими вояга етмаган болани ҳеч бир асоссиз хусусий машинасига қамади. Бу жуда янглиш ҳаракат. Иккинчидан, вояга етмаган болани калтаклаш. Учинчи савол - Бухорода қайд қилинган хусусий автомашинадан Тошкентда автозак (қамоқ-машина) сифатида ўзбошимча фойдаланиш. Яна бир кўзимга ташланган нарса, бу - болани ҳимоя қилишга келган блогерларга таҳдид қилиш. Қонунбузарликларнинг каттагина букети бу. Буни ИИБнинг ўз хизмат хавфсизлиги эмас, балки прокуратура текшириши керак”, деди ҳуқуқшунос.

XS
SM
MD
LG