Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2020, Тошкент вақти: 04:23

Самара вилоятида муҳожир ўзбеклар лагерига кўнгиллилар ёрдами ташкил этилди (ВИДЕО-ФОТО)


Кинел туманидаги ўзбек муҳожирлари. Л.Мелниченко фотоси.

Россиянинг Самара вилоятида ватанга қайта олмаётган ўзбек муҳожирларига маҳаллий кўнгиллилар томонидан ёрдам уюштирилди. Кинел туманидаги махсус палатка қўрғонида жойлаштирилган 3 мингдан зиёд ўзбекистонлик 5 октябргача поездларда олиб чиқилиши эълон қилинди.

Самаралик аёл кўнгиллилар гуруҳини тузди

Россия-Қозоғистон чегарасидаги Самара вилояти Кинел туманида бугунги кунда 3 мингдан зиёд ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Ўзбекистонга кетиш учун поездларни кутиб қолмоқда.

Кўчада қолган ўзбекистонликларга Самара вилояти ҳокимлиги томонидан махсус палатка шаҳарчаси қурилди. Ночор аҳволда қолган мигрантларга маҳаллий аҳоли томонидан озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечак етказиш бошланди.

Ёрдам қўлини чўзганлардан бири - асли петербурглик нафақахўр Людмила Мелниченко. Озодлик билан суҳбатда Людмила ўзбекларнинг оғир аҳволда қолганини эшитиб, ёрдамга ошиққанини айтади.

Ўзбек муҳожирлари лагерида. Л.Мелниченко фотоси.
Ўзбек муҳожирлари лагерида. Л.Мелниченко фотоси.

Суҳбатдош аввалга 6 мингга яқин одам бўлгани, унинг тахминига кўра, ҳозирда Кинелдаги палатка шаҳарчасида 3 мингдан кўпроқ одам қолаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, муҳожирлар лагерида пулсиз ва ишсиз қолган эркаклар билан бирга болалар ва аёллар ҳам бор.

- Мен у лагерга журналист сифатида эмас, кўнгилли сифатида кириб бордим. Тушундимки, пулсиз ёрдам кўрсатиб бўлмайди ва интернет орқали ёрдам сўрадим. Бутун Россиядан одамлар пул жўнатишаяпти, ҳар бир тийини бўйича ҳисобот Фейсбук саҳифамда. Кеча ўзбекистонлик бир одамдан 300 минг рубл келиб тушди, ҳаммасига озиқ-овқат ва дори-дармон оляпмиз. Ҳозир менга ёрдамга яна бир неча киши келиб қўшилди самараликлардан.

"Ўзбеклар менга қариндошдек бўлиб қолган"

Людмила Мелниченко Кинел шаҳарчасига Петербургдан бирмунча вақт олдин кўчиб келгани ва анча йиллардан бери “ўзбеклар билан бирга” эканини айтади.

Людмила Мелниченко
Людмила Мелниченко

- Мен узоқ йиллар Ленинград радиосида ишлаганман. Ота-онам шу ерда яшашган, мен уларни қарашга келиб, қолиб кетганман. 2006 йилда бизда бошланган ёнғин пайтида бир ўзбек йигити келиб, ижарага хона сўраб қолди. Шу болага хоналардан бирини бепулга бердим, исми Ориф бўлган бу йигит менга майда ишларда кўмаклашарди, кейин яқин қариндошларини олиб кела бошлади.

Қўшниларим мендан “Қўрқмайсанми ўзбеклар билан яшашга?!”, дерди. Шу тариқа Кинелдаги ўзбеклар 10 йилдан ортиқ вақт менинг атрофимда жамланган, улар менга қариндошдек бўлиб қолган! Улар мени ҳатто ўз юрти - Фарғонанинг Бешариқ туманидаги қишлоғига таклиф қилишди.

Палаткаладагилар орасида касаллар кўпаймоқда. Л.Мелниченко фотоси
Палаткаладагилар орасида касаллар кўпаймоқда. Л.Мелниченко фотоси

Ўзбекистонлик мигрантлар Самарадан 4 поездда олиб чиқилади

Айни дамда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги махсус штабнинг хабар қилишича, COVID-19 вируси билан боғлиқ карантин чекловлари ва транспортларнинг республикага кириб чиқишига қўйилган тақиқ 1 октябр куни бекор қилинади.

Ҳукумат 19, 23, 26 сентябр ва 5 октябр кунлари ташкил этилган махсус поезд қатновлари ёрдамида Самара вилоятида йиғилиб қолган муҳожирларни олиб чиқишни режалаштиргани айтилди.

Келиб тушаётган маблағларга олинган зарурий буюмлар ва озиқ-овқат.
Келиб тушаётган маблағларга олинган зарурий буюмлар ва озиқ-овқат.

"Поездлар келгунигача одамлар палатка шаҳарчасида қолишга мажбур", - дейди Людмила Мелниченко. У маҳаллий бозорда ишлаётган айрим ўзбеклар ўз юртдошларига қимматга егулик сотиб, пул ишлаётганидан ғазабланганини айтади.

- 18 сентябр куни одамларни қайдга олиш тўхтатилди. 5 октябрда охирги поезд кетиши билан лагер ёпилиши айтилмоқда. Аммо палаткалар ёзги, совуқ, озиқ-овқат ташкиллаштирилмаган уларга! Одамлар бозорчада сотиб олган идишида ўзига овқат қиляпти. Бу бозорда эса самаралик ўзбеклар уддабуронлик қилиб, Самарадан буюмларни олиб келиб, уч баробар нархда сотмоқда! Уят-ку!

Самаралик аёл озиқ-овқат тарқатиш билан бирга, бир ойдан ортиқ вақт давомида йиғилиб қолган ахлат ва чиқиндиларни тозалашга лагердаги ўзбекларни жалб қилаётгани маълум бўлди.

Поезд кутаётган муҳожирлар дала ошхонаси.
Поезд кутаётган муҳожирлар дала ошхонаси.

Самаралик кўнгилли у билан бирга бошқа ташкилот ва шахслардан ҳам ёрдам келаётганига гувоҳ бўлганини билдирди.

- Маҳаллий ўзбеклар жамиятларидан доимий равишда ёрдам келаётганини кузатганим йўқ. Поездга айланма йўллар билан билет сотиш бошланганида бу ерда тўполон ҳам кўтарилди бир. Бир марта консул келиб кетган экан, одамлар норозилигини билдирибди. Шу ишлар билан шуғулланиши керак бўлган амалдорларнинг “одамларга кунда иссиқ овқат тарқатилаяпти, улар жойлаштирилган, душлари бор” деган гапларини матбуотда ўқиб, ҳайрон қоляпман. Ундай эмас! Шунга қарамасдан, Самара вилояти раҳбариятига, мен орқали қийин аҳволда қолган ўзбекистонликларга ёрдам жўнатаётган оддий одамларга катта миннатдорчилигимни билдираман, - деди суҳбат сўнгида Людмила Мелниченко.

"Сартарошлар ҳам ўзимиздан!" Л.Мелниченко фотоси
"Сартарошлар ҳам ўзимиздан!" Л.Мелниченко фотоси

У одамларга бошқирдистонлик мусулмонлар, самаралик евангелистлар, москвалик собиқ ўзбекистонликлар ҳам ёрдам қўлини чўзишганини қўшимча қилди.

Людмила совуқ тушган маҳалда лагерда қолаётган одамлар орасида касаллар сони кўпайиб бораётгани ва уларга шифокор ёрдами зарур бўлаётганини маълум қилди.

Ўзбекистонликлар поезд, учоқ ва автомобиллар ёрдамида олиб чиқилмоқда

Бундан олдинроқ Озодлик Кинел шаҳарчаси ёнидаги лагерда кун кечираётган бир гуруҳ ўзбекистонликнинг Ўзбекистон ҳукуматига бўлган мурожаатини эълон қилган эди.

Бугунга қадар Россиянинг Новосибирск ва Самара вилоятларидан 1800 чоғли ўзбекистонлик махсус поездлар билан ватанига олиб келинди.

Ўтган ҳафта Екатеринбург ва Кинелдан 1700 га яқин ўзбекистонлик махсус поезд рейслари билан ватанига қайтарилгани ҳақида аввал хабар қилган эдик.

Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган. Баҳордан бери Россия-Қозоғистон чегарасида уйларига етиб олиш умиди билан ўзбекистонлик, қирғизистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар йиғилиб қоляпти. Аммо улар чегарадан расмийлар Қозоғистон орқали транзит ҳақида келишиб олганларидан кейингина ўтказиляпти.

Аксарият ҳолларда муҳожирлар юртларига гуруҳ-гуруҳ шаклида автобус, учоқ ва поездларда олиб чиқиб кетилмоқда.

XS
SM
MD
LG