Линклар

Шошилинч хабар
24 октябр 2020, Тошкент вақти: 09:00

Камчаткадаги Авача кўрфази ифлосланиши ҳолати юзасидан тергов бошланди


Авача кўрфазида сув ифлосланиши ҳолати маҳаллий ҳукумат томонидан яширилган.

Россия Балиқчилик федерал агентлигининг маҳаллий бўлими Камчатка яриморолидаги Авача кўрфазида сув ифлосланиши ҳолати бўйича маъмурий иш қўзғатди.

Камчаткада хизмат ташрифи билан борган Давлат думаси спикери ўринбосари Ирина Яроваянинг сўзларига кўра, ифлосланиш ҳақида хабар тарқалиши ортидан маҳаллий ҳокимият тегишли чораларни кўрмаган.

Аввалроқ вилоят губернатори Владимир Солодов ифлосланиш ҳолатини яширишга уринган мансабдорлар ишдан бўшатилганини айтган эди.

Сентябрь ойи охирида гувоҳлар Халактир пляжида сув ранги ўзгаргани ҳақида хабар қилдилар. Маҳаллий сёрферлар сувга тушишганидан кейин кўзлари қизариб, терилари ачиша бошлаганини айтишди.

Маҳаллий аҳоли эса ижтимоий тармоқларда қирғоқда тўпланган денгиз ҳайвонлари фотосуратларини улашди. Соҳил яқинидаги сувларда нефть маҳсулотлари билан ифлосланиш даражаси нормадан уч ярим мартага юқори эканлигини, фенол кўрсаткичи эса нормадан икки ярим мартадан кўпроқ эканлиги аниқланди.

Журналист Юрий Дудь Instagramда Камчатка соҳиллари яқинида вертолётдан олинган видеони улашди. Дудь видеода тўкилган нефть маҳсулотларини кўриш мумкинлигини таъкидлади.

Губернатор Солодов эса Instagramда ифлосланган кўрфаздаги вазият «океаннинг ўзини-ўзи тиклаш қобилияти» туфайли «анча яхшиланганини» таъкидлади.

«Бугунги кунда Авача кўрфазидаги вазият яхши, деб айта оламан. Одамлар денгиз бўйида дам олишмоқда ва умуман олганда, океаннинг ўзига хос тикланиш қобилияти туфайли вазият нормаллашмоқда. [Ҳодиса] сабабларини тўлиқ ва пухта ўрганишга ҳаракат қиламиз, аммо вазият сўнгги кунларда сезиларли даражада яхшиланганини айта оламиз», - деди губернатор ўз видеомурожаатида.

Солодов аввалроқ аҳолини қирғоққа саёҳат қилмасликка чорлаган эди. Бу орада мутахассислар 250 кг сув, қум, чўкинди жинслар ҳамда нобуд бўлган моллюска ва жониворлар намуналарини тўплади.

Намуналар Москвада токсикология, кимё ва биология марказлари ходимлари томонидан ўрганиб чиқилади.

Мутахассислар бу ҳодиса Камчаткада Тинч океан флоти базаси борлиги билан боғлиқлигини тахмин қилмоқдалар. Уларнинг сўзларига кўра, чуқур сувда яшовчи жониворлар ҳам нобуд бўлгани у ерда узоқ вақт давомида нефть маҳсулотлари тўпланганини англатади.

XS
SM
MD
LG