Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:35

Ўғит бозоридаги “сунъий танқислик"дан ким фойда кўради?


Жорий йилнинг октябрь ойида Республика товар-хомашё биржасига кунига 400 тонна карбамид ўғити сотувга қўйилди. Ўтган йилнинг шу даврида кунига 800 тонна карбамид сотувга қўйилган. Озодликда мавжуд ҳужжатларга кўра¸ деҳқонлар учун зарур карбамид ўғити нархи ўтган йилдагидан кўра анча ошган.

Фермер хўжаликларига ўғит етказиб берадиган тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ биржага «O’zkimyosanoat» атайлаб кам ўғит чиқариб, сунъий дефицит яратгани боис нархлар ошган”.

«O’zkimyosanoat»ниннг минерал ўғитлар билан шуғулланадиган ходими Озодлик билан суҳбатда бу иддаода келтирилган рақамларни тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, “ўтган йилдагидан кам ўғит биржа сотувига қўйилгани рост, аммо бу харидор эҳтиëжи камайгани билан боғлиқ”.

Аммо «O’zkimyosanoat» биржага қўйган минерал ўғит мамлакат президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПҚ-4484-сон қарори иловасида белгиланган ҳажмдан деярли ярмига кам.

Минерал ўғит бўйича ҳужжат
Минерал ўғит бўйича ҳужжат

Озодлик суҳбатлашган тадбиркорга кўра¸ “сунъий танқислик ҳосил килиниши натижасида 2020 йилнинг сентябрь ойида бир тоннаси 1.900.000 бўлган карбамид¸ 5 октябрга келиб, 2.000.000 сўмдан ошиб кетган”.

Республика корхоналари томонидан ишлаб чикариладиган карбамид маҳсулотининг “қисқа муддатда нархи ошгани” Озодлик суҳбатлашган тадбиркор назарида “фермерларни камбағал¸ мулозимларни эса бенефициар” қилган.

Қопчилар фойда кўрди

Озодлик Республика товар-хомашё биржасида ишлайдиган брокер билан ҳам суҳбатлашди. Брокернинг айтишича¸ «O’zkimyosanoat» биржага фақат қопга солинган карбамид минерал ўғитини сотувга чиқарган. Ҳолбуки, Озодликда нусхаси мавжуд прейскурантда “Б” маркали карбамид ўғити қопга солинган ва эгаси ўз идишига солиб, ортиб кетадиган шаклда сотилиши ëзилган.

“Оддий бу. Қопдагиси қиммат туради. Қопланмагани эса арзон. Фермер ëки улгуржи савдогар қоп бизнесини ҳам бойитиши учун фақат қопдаги ўғит савдога қўйилган”, - дейди мутахассис.

Озодлик ўғитларни биржадан улгуржи сотиб оладиган тожир билан гаплашди. Унинг айтишича, қопланган ўғит сотиб олган тадбиркор фойда қилмайди.

“Авваллари ишлаб чиқарувчилар қопга солинмаган маҳсулотни, бизга ўхшаган улгуржи корхоналар эса, қопланган маҳсулотни харид қилар эди. Ҳозир эса, ишлаб чиқарувчи ҳам улгуржи, савдо корхоналари ҳам қопланган маҳсулотни харид қилишга мажбур бўлмоқда. Бунинг ортидан нарх кўтарилди. Натижада эса, қишлок хўжалиги маҳсулотининг таннархи ошишига олиб келади. Яна оддий деҳқон қийналади”.

Расмий жавоб

Озодлик ўғит бозорида "сунъий танқислик" яратилгани борасидаги иддаолар юзасидан 5 октябрь куни «O’zkimyosanoat»нинг уч нафар мулозими билан суҳбатлашди.

Ўғит соҳасига мутасадди эканлигини айтган мулозим, “сотувга қўйилган минерал ўғит¸ хусусан карамид ҳажмининг камайгани мавсумий характерга эга” эканлигини таъкидлади.

“Мавсумий бу. Бозор иқтисоди тили билан айтадиган бўлсак, маҳсулотга эҳтиëж камайгани учун таклиф ҳам озайди. Эрта-индин сезон бошланса, биржада яна маҳсулот кўпаяди”, - деди у.

Аммо мулозим “Нега ўғит сотиш учун октябрь ойига белгиланган график президент қарори иловасида белгиланган ҳажмдан кам?“ деган саволни жавобсиз қолдирди.

Фарғона вилояти Данғара туманида пахта¸ буғдой ва мош етиштирувчи фермернинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, октябрь-ноябрь ойларида иссиқхоначилар карбамид ўғитининг асосий харидори ҳисобланади.

Озодлик ихтиëрида «O’zkimyosanoat» раиси томонидан имзоланган биржа савдосига минерал ўғит чиқариш графиги бор.

Бу график-жадвалда ëзилишича¸ республикада карбамид ўғити ишлаб чиқарадиган "Максам Чирчиқ АЖ" ва "Фарғонаазот АЖ" учун сентябрь ойига 7.600 тонна ва октябрь ойи учун 9.500 тонни маҳсулотни биржа савдосига қўйиш белгиланган.

Ўтган йилнинг шу давридаги жадвал билан таққосланса, фарқ катталиги кўринади.

Ушбу жадвалга асосан, 2019 йил октябрь ойида 18.650 тонна карбамидни савдога қўйиш тасдиқланган. Бу эса, 2020 йилнинг шу давридаги ҳажмдан 9.150 тонна кўп демакдир.

Ўзбекистонда йилига 42 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Экинларнинг тез ўсишини таъминлайдиган ва кимëвий асорати бўлмагани боис талабгир карбомид ўғитини оддий деҳққонлар "мочевина" деб аташади.

Ўғит ишлаб чиқариш ва савдога қўйишни Ўзбекистон Бош вазирининг Аграр масалалар бўйича ўринбосари Шухрат Ғаниев назорат қилади.

Ғаниев 2004—2007 йилларда «O’zkimyosanoat» раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Фарғона вилоятининг зиддиятли ҳокими бўлган Шуҳрат Ғаниев ўтган ой охирида ҳукуматда қишлоқ хўжалик комплекси учун масъул лавозимга тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG