Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2020, Тошкент вақти: 22:13

Бош прокуратура Саида Мирзиёева тақдим этган “Мендирман Жалолиддин” фильми юзасидан жиноят иши очган


Uzbekistan - document about a movie

Ўзбекистон Бош прокуратураси “Мендирман Жалолиддин” ва яна 13 та фильмни суратга олиш жараёнида "катта миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштирилгани ва растрата йўли билан талон - тарож қилингани" юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Озодликда нусҳаси бўлган тергов ҳужжатларига кўра, жорий йилнинг 11 сентябрида “Ўзбеккино” миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167 - моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш-таҳр.) бўйича жиноят иши очилган.

21 сентябрь куни Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси терговчиси ААбдулаҳадов томонида имзоланган ҳужжатда "мазкур жиноят иши бўйича ҳужжатларни олиб қўйиш ҳақидаги қарор ижросини таъминлаш" ҳақида сўз боради.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозими 6 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда “Мендирман Жалолиддин” фильмига давлат ғазнасидан маблағ сарфланмаганини айтган эди.

3 октябрь куни Тошкентдаги тақдимот маросимида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева фильм тўлалигича Ўзбекистондаги энг йирик хусусий банклардан “Orient Finans Bank” томонидан молияланганини таъкидлаган.

Бош прокуратура хати
Бош прокуратура хати

Озодлик танишиб чиққан 170012/2020-79ВС сонли тергов ҳужжатларига кўра¸ “Ўзбеккино” миллий агентлиги “Best organizer” ширкати билан “Мендирман Жалолиддин” (тергов ҳужжатларида "Менман жалолиддин" деб ёзилган-таҳр.) фильмини суратга олиш борасида шартнома тузган ва унинг ҳисобига катта миқдордаги маблағларни ўтказиб берган.

Озодлик суҳбатлашган терговга яқин мулозим “Мендирман Жалолиддин” фильми учун “Ўзбеккино” ўтказган пулнинг аниқ суммаси "тергов сири бўлгани важидан очиқланмаслиги"ни билдирди.

Озодлик Бош прокуратура терговига жалб қилинган кинорежиссёр билан ҳам суҳбатлашди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги матбуот хизмати вакили Озодликка “Мендирман Жалолиддин” ва бошқа фильмлардаги талон-тарож юзасидан жиноят иши очилганини тасдиқлади.

Бош прокуратура ҳужжати
Бош прокуратура ҳужжати

3 октябрь куни Тошкентда ўтган тақдимот маросимида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиëева “Мендирман Жалолиддин” фильми "ўз орзусининг рўëби" бўлганини айтган эди.

Лойиҳага яқин манбалар президент қизининг ундаги роли "рамзий" эканини айтишади.

Ижтимоий тармоқларда тақдимотга муносабат билдирган айрим ўзбекистонликлар марҳум президент Ислом Каримовнинг ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган тўнғич қизи Гулнора Каримованинг дабдабали "Олтин гепард" кинофестивалини ёдга олишган.

Бош прокуратура ҳужжатларни олиб қўйди

Аммо 170012/2020-79ВС сонли жиноят иши материалларида бу фильмни суратга олиш учун давлат маблағи ажратилгани ва бу маблағлар "ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-тарож қилингани" ҳақида сўз боради.

"Мендирман Жалолиддин" фильмидан кадр
"Мендирман Жалолиддин" фильмидан кадр

Озодлик суҳбатлашган терговга яқин мулозимга кўра¸ жиноят иши доирасида “Мендирман Жалолиддин” фильми билан боғлиқ шартнома¸ банк тўловлари ва бошқа ҳужжатлар 21 сентябрь куни Бош прокуратура тарафидан олиб қўйилган.

Бундан аввал Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон бошқарувига яқин бир-биридан мустақил мулозимлар ва киноижодкорлар “Мендирман Жалолиддин” фильми лойиҳаси ҳамда молиясининг шаффоф эмаслигига эътибор қаратишганди.

“Турли "откат схемалари" ҳақидаги иддаолар менга ҳам етиб келди ва мен бундан ҳайратланмадим”, - деган эди Озодлик билан 6 октябрь кунги суҳбатда кинорежиссёр Улуғбек Йўлдошев.

3 октябрь куни Tashkent cityдаги Конгресс-Холлда ўзбек ва турк киноижодкорлари ҳамкорликда суратга олган “Мендирман Жалолиддин” сериалининг биринчи қисми жамоатчиликка тақдим қилинди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ бу фильм туркиялик продюсер Меҳмет Бўздоғнинг “Бўздоғ фильм” киностудияси томонидан суратга олинган бўлиб, лойиҳа ғояси Озодбек Назарбеков ижро қилган “Мендирман ўша” қўшиғи устига қурилган.

Озодбек Назарбеков
Озодбек Назарбеков

17 миллиардлик камомад

“Ўзбеккино” миллий агентлиги матбуот хизмати вакили Нозим Сафарий “Мендирман Жалолиддин” ва бошқа фильмларда давлат маблағларининг ўзлаштирилиши юзасидан жиноят иши очилганини Озодликка тасдиқлади.

“Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармаси 2017-2019 йилларда давлат томонидан кинога ажратилган маблағларнинг ишлатилишини ўрганиб чиқди. Бошқарма жорий йилнинг июнь ойида 2017-2019 йилларда давлат томонидан ажратилган маблағларидан 17 млрд сўм миқдоридаги маблағ мақсадга хилоф ва ноўрин ишлатилган ҳолатларни аниқлади. Ҳозирда ушбу материаллар Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда“.

Сафарийнинг айтишича¸ жорий йилнинг май ойида “Ўзбеккино” МА қошида тузилган Жамоатчилик кенгаши мақсадсиз сарфланаётган харажатларнинг олдини олиш бўйича таклифлар киритган.

Озодликда мавжуд ҳужжатларга кўра, 14 та киноасар яратилишида камомадга йўл қўйилган.

“Мендирман Жалоладдин”¸”На краю света”¸ “Барон 2”¸ “101 Рейс”¸ “Сунбула”¸”Ҳайрат”¸”Шоир ва гўрков”¸ “Орзулар қанотида”¸ “Зобит 55”¸ “Мавжуд”¸ “Арафа” фильмлари ҳамда “Сеҳрли танбур” мультфильми шулар жумласидан.

Озодликда мавжуд ҳужжатларга кўра¸ “Best organaizer”¸ “Мирзааҳмедов М.М” "Fox music cinema” МЧЖ¸ “ Ravshan Norboyev Pictures” МЧЖ ¸ “The first group”¸ “Dishon Media”¸ “Эмто Студиа-5” каби ўнлаб ширкатлар воситасида давлатнинг миллардлаб маблағлари талон-тарож қилинган.

Озодлик мухбири камомадда айбланаëтган кинорежиссёрлардан бири билан суҳбатлашди. Унинг иддао қилишича¸ “ҳаммаси 109 киночи “Ўзбеккино” раҳбари устидан шикоят қилганидан кейин бошланган”.

“14 апрель куни 109 нафар кино арбоби «Ўзбеккино» директори Фирдавс Абдуҳолиқовни яккаҳокимликда¸ цензорлик ва кино соҳасини билмасликда айблаб, Бош вазир Абдулла Ариповга жамоавий шикоят хати билан чиқди. Ана шундан кейин Абдуҳолиқов Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармасини чақириб, тафтиш ўтказди. Тафтишда камомад чиқди. Ҳозир терговга қатнаб юрибмиз”, - деди номи ошкор қилинишини истамаган кинорежиссёр.

35 йилдан кўпроқ “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлаб келаëтган ва 25 дан зиёд кинокартинани суратга олишда қатнашган кино арбобига кўра, соҳадаги тафтишлар янгилик эмас.

“Кино соҳасида текширув тинмаган. 2013 -2014 йилларда ҳам прокуратура текшириб, жуда кўп одамларни катта-катта жарималарга тортган эди. Ҳозирги текшириш кўлами шунга ўхшаш", -дейди номини ошкор этмасликни сўраган кинорежиссёр.

Унинг Озодликка айтишича, коррупцияга олиб келадиган муайян сабаблар бор.

"Биринчиси, одамларга ҳақ тўлашнинг эскирган нормативлари. Шу боис, кино маъмурлари қонун-қоидаларни айланиб ўтишади. Масалан, Сижжакда эшагини ижарага берадиган амаки дарҳол нақд пул хоҳлайди. Маъмур эса батарея сотиб олдим, дея пулни нақдлаштириб, эшак эгасига беради. Бу нормативларни алмаштириш керак. Кино олиш жараëнидаги тўлов тизими реал ҳаëтга яқинлашиши керак. Фильм олиш жараëнидаги харажатлар шаффоф бўлиши лозим. Электрон ҳисобот шаклида. Сайтга кириб, қайси пул қаерда сарф бўлганини кўриб туриш учун. Бюджет пули бўлгани боис, солиқ идораси ҳам, прокуратура ҳам, “Ўзбеккино” раҳбарияти ҳам онлайн режимда қараб турсин пул қаерга сарфланаëтганига. Аслида давлатдан пул олмай, бозор иқтисодиёти шароитида тижорий асосда кино қилсак, кўп муаммо ўз-ўзидан ечиларди. Бу энди, алоҳида масала.”

Барча санъатлар ичида энг коррупциялашгани...

Ўзбекистондаги кино саноати энг коррупциялашган соҳалардан бири сифатида кўрилади. 2014 йилда “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятида олиб борилган тафтишларда давлат маблағларини катта миқдорда талон-торож қилиш фактлари аниқланган ва жиноят иши очилган эди.

Тафтиш ортидан “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг маҳсулотларини сотиш бўлими бошлиғи, 51 яшар Назаров Тўлаган Толипович “Ўзбекфильм” биносида ўзини осгани билдирилган.

Кейинроқ бир неча масъуллар шартли жазо ва жарималарга тортилган эди.

Фильм олиш жараëни
Фильм олиш жараëни

Озодлик Ўзбекистон Бош прокуратураси олиб бораётган тергов, хусусан, "Мендирман Жалолиддин" лойиҳасининг кейинги суратга олиш жараёнлари - туркиялик киноижодкорлар ҳамкорлигига қандай таъсир кўрсатишини ўрганмоқда ва мавзуга яна қайтади.

XS
SM
MD
LG