Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2020, Тошкент вақти: 05:41

ИИБ ходими ва бегона аёл - Фарғонадаги "самосуд" видеоси шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳақидаги саволларни ўртага чиқарди


Жорий йилнинг 2 октябрь куни Маъмурий ишлар бўйича Фарғона вилояти Фурқат туман суди "шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш" ва "майда безорилик"да айбдор деб топилган икки шахсни 10 суткалик қамоқ жазосига маҳкум этган.

Айни иш бўйича жазога тортилган яна уч кишига 5 ва 7 суткалик маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.

Фурқат туманидаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи бу фуқароларнинг қамалишига шу йил июнида “ИИБ ходими билан ушланган“и иддао қилинган аёлнинг орадан икки ой ўтиб ёзган шикоят аризаси асос бўлган.

Маъмурий ишлар бўйича Фурқат туман судининг 2 октябрдаги қарори билан шикоят ёзган аёлнинг ўзи ҳам "ҳақорат қилиш"да айбдор деб топилиб, жазога тортилган.

Тунда олинган видео

Ноҳақ жазоланганини иддао қилаётган фурқатликлар Озодликка 2 дақиқаю 13 сониялик видео тақдим этди.

Жорий йилнинг 4 июнь тунида ёзиб олинган видеода бир хонадоннинг ҳовлиси, бир аёл ва икки эркак кўринади. Эркаклардан бири ИИБ ходими кийимида. Иккинчи эркак эса ИИБ ходимидан "тунда бу уйда нима қиляпсан?", деб сўрайди. ИИБ ходими “маълумот тушган эди, шуни текширишга келганман”, дейди ва камерани ўчиришни талаб қилади. Камера ортидан келаётган овозлардан ҳовлида яна бир неча киши борлигини англаш мумкин.

Видеони Озодликка жўнатганларнинг иддао қилишича, ИИБ ходими аёлнинг хонадонига "маълумот текшириш учун эмас, балки бутунлай бошқа ниятда" ташриф буюрган.

Видеода аёлнинг Россияда ишлаётган эрининг амакиси ҳам бор - y хонадонга "оила шаънини ҳимоя қилиш учун" гувоҳлар иштирокида келган.

Уй бекасининг айтгани

Озодлик видеодаги аёл билан боғланди.

Аёл (Озодликка унинг шахси маълум) уйига бостириб кирганлар унга туҳмат қилганини айтади.

Орадан икки кун ўтиб, улар мендан кечирим сўрашди, лекин кейин видеони ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборишди. Шунинг учун мен уларни судга бердим”, - деди фарзандлари бўйига етиб қолганини таъкидлаган фарғоналик аёл.

Маъмурий ишлар бўйича Фурқат туман судининг жорий йил 2 октябрида судья А.Миножиддинов раислигида ўтган мажлисида ҳар иккала томон жазоланган.

Аёл ва унинг онаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41- моддаси (Ҳақорат қилиш-таҳр.) бўйича айбдор топилиб, жаримага тортилгвн.

Аёлнинг уйига бостириб кирган қишлоқликлардан 5 киши эса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 45-моддаси (Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш- таҳр.), 461-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш- таҳр.) ҳамда 183- моддасида (Майда безорилик- таҳр.) назарда тутилган қилмишларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 5 суткадан 10 суткагача маъмурий қамоққа олинади. (Бир киши 7, икки киши 5, икки киши 10 сутка- таҳр.)

Қамалиб чиққанларнинг Озодликка иддао қилишича, "видеога тушиб қолган ИИБ ходими" суд мажлисига чақирилмаган.

Уларнинг сўзларига кўра, маҳкама, умуман, "4 июнь тунидаги воқеани ўрганмаган".

“ИИБ ходими коронавирусга чалинган, мажлисга келолмайди дейишди, бироқ эртасигаёқ биз унинг соппа-соғ юрганини кўрдик”, - дея иддао қилади маъмурий қамоқ жазосига тортилганлардан бири.

Озодлик видеода акс этган ИИБ ходими билан боғлиқ саволларга жавоб олиш мақсадида Фурқат туман ИИБ билан боғланди. Навбатчи бу ишдан хабарсизлигини билдириш билан чекланди.

Айбланганлардан яна бирининг иддао қилишича, улар белгиланган қамоқ муддатидан ташқари, жаримага ҳам тортилганликларини 12 октябр куни, суд қарори нусхасини олгандан сўнг билишган.

Озодликда суд қарори нусхаси бор. Унда қамоқ жазосидан ташқари, 5 нафар судланувчининг ҳар бири 223 000 сўмдан жаримага тортилган.

Маъмурий ишлар бўйича Фурқат туман суди мулозими Озодлик саволларига "ишни ўрганиб чиққанидан сўнг" жавоб беришини билдирди, бироқ кейинроқ Озодлик қўнғироқларга жавоб бермади.

"Қонунга зид"

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида айни мазмундаги видеоматериаллар бот-бот тарқалаётганини кузатиш мумкин.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг огоҳлантиришича, бу каби видеоларни тарқатиш қонунга хилоф.

Ҳуқуқшунос Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 461-моддаси “Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш” деб аталишини эслатди. Ушбу моддада “Шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, деб белгилаб қўйилган.

Шу йил июнида Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги "самосуд" ҳодисаси юзасидан жиноят иши очилган
Шу йил июнида Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги "самосуд" ҳодисаси юзасидан жиноят иши очилган

4 июнь тунидаги воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда эълон қилинганидан сўнг, ундаги аёлнинг Озодликка айтишича, 3 йилдан бери Россиядан келмаган эри билан ажрашиб кетган, уч акаси ундан воз кечган.

“Самосуд" ва маҳалла

Тошкентлик педагог олим Маҳмуджон Йўлдошевнинг Озодликка айтишича, Фарғонада юз берган ҳодиса алоҳида ва иҳоталанган бир ҳодиса эмас.

"Бир қараганда, "қўшнилар" яхшигина ахлоқ ҳимоясидаги тадбирни уюштиришган. Аммо шахснинг эркинлик ҳуқуқи деган тушунча ҳам бор-ку, ахир", - дейди олим.

Унинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда "қандайдир шахснинг ўзи қозию ўзи ҳоким сифатида кимнингдир устидан ҳукм чиқариб, жазо қўллаш ҳоллари кўпайиб бормоқда".

"Мен ёмон кўрган мақоллардан бири, бу - "маҳаллада етти-саккиз ота-она" ҳақидаги мақол. Энди ўйлаб қарайлик, ҳамма келиб, сизнинг болангизга оталик ёки оналик қилаверса, ҳеч кимга ёқмаса керак. Бу томонини ўйлаб ҳам ўтирмаймиз-да, мақолни қайтараверамиз", - дейди Маҳмуджон Йўлдошев.

Унинг айтишича, муаммонинг илдизи фақат маиший эмас, балки жамиятдаги мавжуд институтлар ва ҳатто бошқарув тузилмаларига бориб тақалади.

"Яна бир жиддий ўйлаб кўрадиган масала, бу - Маҳалла ташкилоти (жорий йил 18 февралидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги - таҳр.) Бундай қарасангиз, дурустгина ташкилотга ўхшайди. Аммо бу ташкилотнинг ўз-ўзидан сизнинг ҳаётингизга аралаша бошлаганини қандай қабул қиласиз? Баъзилар айтади, сиз у маҳаллада яшайсиз-ку ахир, деб. Хўп, яшасам маҳалладаги ҳамма нарсага мен жавобгарми ёки менинг ҳаракатларимга бутун маҳалладагилар жавоб бериши керакми? Мана, масаланинг томири қайси томонларга кетяпти", - дейди педагог олим.

Унинг таъкидлашича, жамиятда қонунлар ҳурмат қилинмас экан, "самосуд"лар кўпаяверади.

"Жамиятимизда "самосуд"га ўрин бўлмаслиги керак, ҳаммани фақат қонун олдида суд қилишимиз лозим ва буни ҳам фақат давлат қилиши мумкин", - дейди Маҳмуд Йўлдошев.

Фаол аралашув

Ўзбекистонда нафақат маҳалла ёки оддий аҳоли вакиллари, балки давлатнинг ҳам фуқаролар шахсий ҳаётига фаол аралашуви мунозара мавзуси.

Авторитар давлатларга хос фуқаролар ҳаётининг барча аспектларини назорат қилишга уриниш минтақанинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалган кўриниш.

Расмийлар кўпинча қонунлардан кўра “маънавият” ёки “миллий қадриятлар” сингари тушунчаларга мурожаат қилишади.

Миллий қадриятларга ётлиги важидан хориж сериалларидаги алоҳида саҳналарнинг олиб ташланиши цензура ҳақидаги танқидларга ҳам сабаб бўлган.

2016 йил сентябрига келиб Маъмурий ва Жиноят кодексларига шахсий ҳаёт ва маълумотларнинг дахлсизлигини бузганлик учун моддалар киритилган бўлса-да, амалда ҳуқуқ-тартибот идораларининг фуқаролар ҳаётига аралашуви кучайгани кузатилади.

Бир вақтнинг ўзида жиноятчиликка қарши профилактика чораларини кучайтириш мақсадида маҳаллада яшовчи участка нозирлари учун уйлар қуриш йўлга қўйилган.

Маҳалла, шунингдек, “Маънавият ва маърифат марказлари” сингари давлат ва ярим давлат тузилмаларининг роли борасида жамиятда қарама-қарши фикрлар мавжуд.

Ўтмишда Ҳьюман Райтс Уотч инсон ҳақлари ташкилоти маҳалла сингари фуқаролар ўз-ўзини бошқариш институти амалда тотал назорат воситасига айлантирилганини танқид қилган эди.

Озодлик таҳририяти Фарғонадаги ҳодиса, шунингдек, мақолада билдирилган фикрлар юзасидан расмийлар, жумладан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа томонларнинг муносабатига очиқ.

XS
SM
MD
LG