Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2020, Тошкент вақти: 15:41

Фарғонадаги манбалар коронавирусдан расмий ўлим статистикасини савол остига олмоқда


Фарғоналик врачнинг иддао қилишича, сўнгги тўрт кун ичида ўзи ишлайдиган Тўқимачилик касалхонасида Covid-19 касаллигидан камида уч бемор вафот этган.

У апрель ойидан буён айни касалхонада 14 кишининг коронавирус сабаб ҳаётдан кўз юмганини айтади.

Озодлик марҳумлардан икки нафарининг яқинларига боғланди. Улар қариндошларининг коронавирусдан вафот этгани, аммо "пневмониядан ўлди" деб расмийлаштирилганини айтишади.

Тўқимачилик касалхонаси маъмурияти ҳам, Фарғона вилоят Тиббиёт бошқармаси расмийлари ҳам "Covid-19 дан ҳеч ким ўлмагани"ни билдиришди.

Расмий статистикада 3.7 миллиондан ортиқ аҳолига эга Фарғона вилоятида коронавирусдан фақат битта ўлим ҳолати қайд этилган.

Озодлик бундан аввал ҳам Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятларида коронавирусдан ўлим холатлари яширилгани ҳақида хабар қилган эди.

Расмийлар эса, пневмония туфайли вафот этган, лекин вафотига қадар коронавирус ташхиси қўйилмаган марҳумлар статистикага киритилмаётганини айтишади.

Расмий статистикага қаралса, Ўзбекистон бўйича коронавирусдан 521 ўлим қайд этилган бўлиб, аксари Тошкент шаҳри ва вилоятига тўғри келмоқда.

53 ёшли тўрт фарзанднинг онаси Г.О., яқинларининг Озодликка айтишича, 12 октябрь куни Фарғона шаҳридаги Тўқимачилик касалхонасида коронавирусдан вафот этган.

- Тўрт кун касалхонада ётди. Илгари кун, касалхонага ётганининг бешинчи куни, бўлмай қолди. Шу куни эрталаб 7ларда телефон қилиб, қазо қилганини айтишди. Моргга бериб юборишган экан, материалга ўраб олиб чиқишди, пешинда қўйиб келдик, - дейди марҳумнинг тоғаси.

Бу Фарғонадаги Тўқимачилик касалхонасида сўнгги тўрт кун ичида юз берган коронавирус билан боғлиқ ягона ўлим эмас.

11 октябр куни Қувасой шаҳридан бўлган 60 ёшли Й.Қ. айни касалхонада вафот этган.

Яқинлари унинг коронавирусдан вафот этганини Озодликка тасдиқлашди.

Ишдан ҳайдалиб кетишидан қўрқиб, исми ошкор қилинмаслигини сўраган врач иддаосича, 10 октябрдан буён ўзи ишлайдиган касалхонада тўртта ўлим қайд этилган.

- Тўртталови ҳам коронавирусдан вафот этди, лекин ўлим расмий статистикада акс этмаслиги учун яшириляпти.

Врач иддаосича, касалхонада ўлим ҳолатларини яшириш учун вафот этган баъзи беморларнинг яқинларидан "ўз ихтиёрим билан касалхонадан олиб кетяпман, уйда ўзим қаратаман" деган мазмунда тилхатлар олиняпти.

- Ҳар куни ўлим бўляпти, лекин беркитиляпти. Бунинг учун яқинларидан "соғ-саломат олиб чиқиб кетяпман" деган мазмунда тилхат олишяпти. Ёзмаса майитни бермаймиз, ўзимиз кўмамиз, деб қўрқитишяпти.

Озодлик суҳбатлашган икки марҳумнинг яқинлари эса, улардан бундай тилхат ёздириб олинмаганини айтишди.

- Майитни моргга бериб юборишган экан, ўша ердан махсус ўралган ҳолатда олдик ва уйга олиб бормасдан, қўйиб келдик, - дейди 12 октябр куни вафот этган аёлнинг тоғаси.

Фарғонадаги Тўқимачилик касалхонаси бош врачининг ёрдамчиси касалхонада Covid-19 дан ўлим ҳолатлари яширилётгани ҳақидаги иддаоларини рад этди.

- Биринчидан, бизда коронавирусдан ўлим ҳолати бўлмаган, унақа тилхатлар ҳам олинмаяпти. Агар ўлим бўлса, 4-сон шаҳар касалхонасини орқасида Патолого-анатомия маркази бор, ўша ерга ўлик берилади. Яқинлари шу ердан олишади. Яна бир бор айтаман, коронавирусдан ўлим ҳолати бўлмаган бизда, - деди Тўқимачилик касалхонаси бош врачининг ёрдамчиси.

Озодлик Фарғонадаги Covid-19 беморлари даволанаётган бошқа касалхоналаридаги аҳвол ҳақида маълумотга эга эмас.

Фарғона вилоят Тиббиёт бошқармаси расмийлари сўнгги бир ой ичида Covid-19 дан ҳеч ким ўлмаганини иддао қилишмоқда.

"Бизда ўлим йўқ, барча маълумотлар Республика махсус комиссиясига юборилади, ҳар қандай саволга жавобни ўша ердан олиш мумкин”, - деди Озодлик суҳбатлашган бошқарма мулозими

Расмий статистикада Фарғона вилояти бўйича коронавирусдан битта ўлим ҳолати, у ҳам бўлса, август ойида қайд этилган.

Вилоятда Covid-19 юқтирганлар сони расмий статистикага мувофиқ, 400 нафардан кўпроқ.

Нега расмий статистикада ўлим кам?

Озодлик бундан аввал ҳам, жойлардан олинган маълумотларга таяниб, коронавирусдан ўлим ҳолатлари яширилгани ва расмий статистикада акс этмаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Жумладан, Бухоро ва Хоразм вилоятларида Озодлик билан суҳбатда бўлганлар коронавирус сабаб қазо қилган қариндошларининг ўлим ҳолатини қайд этиш ҳақидаги гувоҳномасига "пневмония" ташхиси ёзилганини айтишган.

Навоий вилоят Соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи мулозим томонидан Озодликка тақдим этилган ҳужжатлар бу ҳудудда COVID-19 вирусга чалинганлар сони расмий статистикадан бир неча баравар кўплигини кўрсатган.

Маҳаллий расмийлар айрим ўлим ҳолатларининг расмий статистикада акс этмаётганини Covid-19 эпидемияси қурбонларини ҳисобга олишнинг Ўзбекистонда қўлланилаётган методикаси билан изоҳлашади.

30 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов фақат ПЗР таҳлили коронавирусни тасдиқлаган беморлар статистикага киритилаётганини айтган. Оқиловга кўра, пневмония туфайли вафот этган, лекин вафотига қадар коронавирус ташхиси қўйилмаган марҳумлар статистикага киритилмаяпти.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотида 14 октябрга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 61 950 нафар, ўлганлар 512 нафарни ташкил этмоқда.

XS
SM
MD
LG