Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2020, Тошкент вақти: 14:43

Тоғли Қорабоғда суриялик ёлланма аскарлар Озарбайжон қўшинлари ёнида жанг қиляптими?


СУРИЯ -- "Эркин Сурия армияси" жангчилари/ 2018, 1 сентябрда олинган сурат.

Тоғли Қорабоғда суриялик ёлланма аскарлар жанг қилаётгани ҳақидаги кўплаб хабарларга қарамай, Туркия Озарбайжон томонида учун жанг қилиш учун суриялик жангариларни жалб қилганини Боку ва Анқара инкор этмоқда.

Озарбайжон армиясига ёрдам бериш учун суриялик жангарилар ёллангани ҳақида илк хабарлар сентябрь охирида пайдо бўлган эди.


Улар ҳақида Reuters ва BBC сингари халқаро ахборот агентликлари мухбирлари, шунингдек, Британиянинг The Guardian ва The Independent каби газеталари хабар берди.

Туркия қўллаб келаётган «Эркин Сурия армияси» гуруҳи ветеранлари ушбу нашрларга интервью бериб, уларни Озарбайжонда жанг қилиш учун хусусий турк ширкати ёллагани ҳақида сўзлаб беришган.

Интервью берганларнинг аксари маошсиз қолиши ёки жазоланиши мумкинлигини айтиб, исмини ошкор қилишдан бош тортган.

«Эркин Сурия армияси» гуруҳининг бир неча аъзоси уларга Озарбайжонда ишлаш учун ойига 1,2 – 2 минг доллар маош ваъда қилишганини сўзлаб берган.

Уларга Озарбайжонда нефть иншоотларини «ҳимоя» қилишлари ёки Арманистон ва Озарбайжонни ажратиб турувчи «Алоқа линияси»да қўриқчилик қилишларини айтишган.

Reuters агентлигига интервью берган жангариларининг бири:

«Мен боришни хоҳламагандим, лекин пулим йўқ. Бу ерда қашшоқлик, ҳаёт жуда оғир», - деган.

Кўп ўтмай суриялик жангарилар бу таклифга рози бўлишганидан афсуслана бошлагани хабар қилинди, чунки уларни тўғри жанг майдонига юборишган.

Айирмачи Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни шиддатли жанглар бошланганидан бери юзлаб аскар ҳалок бўлди.

Улар орасида суриялик жангарилар ҳам борлиги, нобуд бўлган ёлланма жангариларнинг жасадлари Сурия-Туркия чегара постида қариндошларига топширилгани хабар қилинди.

Арманистоннинг Россиядаги элчиси Вардан Тоганян Россиянинг «РИА Новости» давлат ахборот агентлигига сентябрь охирида берган интервьюсида Туркия Озарбайжон томонида жанг қилиш учун 4 минг суриялик жангарини юборганини иддао қилди.

Озарбайжонга суриялик ёлланма аскарлар юборилгани тўғрисидаги хабарларни асосли деб ҳисобловчи мустақил экспертлар ҳам Тоганян аскарлар сонини ошириб кўрсатганини айтишди.

Бу орада Франция Президенти Эммануэль Макрон, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний ва Россия разведка хизмати расмийлари Озарбайжон томонида суриялик ёлланма жангарилар курашаётганини билдирдилар. Лекин уларнинг ҳеч бири ўз даъволарини тасдиқловчи далил келтирмади.

Россия Хорижий разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин можаро минтақа «халқаро террор ташкилотлари Россия ва бошқа қўшни мамлакатларга кириб бориши учун янги майдончага» айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

6 октябрь куни Наришкин можарога Яқин Шарқдан келган «ёлланма аскарлар ва террорчилар» жалб қилинаётганини таъкидлади.

«Қорабоғ урушида пул ишлаб олишга умидвор юзлаб ва минглаб радикаллар ҳақида сўз боряпти», - деди расмий.

Туркия ва Озарбайжон расмийлари бу иддаоларни кескин рад этмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Франция ва Россияни Арманистон томонини қурол-яроғ билан таъминлашда айблади. Аммо Туркия раҳбари Россия Озарбайжонга ҳам қурол-аслаҳа сотаётганини тилга олмади.

Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш учун музокаралар олиб бориш мақсадида тузилган Минск гуруҳининг аъзосидир.

29 сентябрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев Тоғли Қорабоққа Суриядан жангарилар олиб келингани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканлигини айтиб, уларни «Арманистон тарғиботи ва ёлғон хабарлари» дея таърифлади.

Озарбайжонликларнинг аксари Тоғли Қорабоғда суриялик ёлланма аскарлар жанг қилаётганига ишонмайди. Улар сунний исёнчилар шиа Озарбайжон томонида курашишига шубҳа билдиришмоқда.

Озарбайжонлик мустақил журналист Сеймур Казимов яқинда можаро ҳудудидан Озодликка берган интервьюсида:

«Cурияликлар биз томонда жанг қилаётгани ҳақидаги миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Буни тасдиқловчи ҳеч қандай далил йўқ», - деди.

Унинг сўзларига кўра, бу «жанжал» бир нафар чет эллик журналист томонидан бошланган бўлиб, у «бир йигит гапларига асосланиб мақола ёзган – исмсиз, расмсиз. Ҳеч нарсасиз».

Аммо The Washington Post газетаси Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувларда 52 нафар суриялик ёлланма жангчи ҳалок бўлганини ва уларнинг танаси Озарбайжондан олиб чиқиб кетилганини хабар қилди.

Нуфузли ахборот агентликлари, хорижий ҳукуматлар ва мустақил таҳлилчилар суриялик ёлланма аскарлар Озарбайжон томонида жанг қилаётганига ишонувчи ягона манбалар эмас: ижтимоий тармоқларда можарода суриялик жангарилар қатнашаётгани акс этган видеолар тарқалмоқда.

The Independent газетасининг ёзишича, таҳлилчилар суриялик жангарилар Арманистонда эканликлари ҳақида гаплашаётгани акс этган видеони ўрганиб чиқиб, у Ҳорадиз шаҳридаги Озарбайжон базасида – жанг майдонидан бир неча километр масофада ёзиб олинганини хулоса қилишган.

Аммо ижтимоий тармоқларда улашилган видеоларнинг айримлари ҳақиқий эмаслиги фош қилинди.

Масалан, Озодлик радиосининг Шимолий Кавказ хизмати 4 октябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган ва Тоғли Қорабоғда чечен жангарилари жанг қилаётгани акс этгани иддао қилинган қисқа видеони ўрганиб чиқди.

Геолокация усулларидан фойдаланган ҳолда, Озодлик 37 сонияли видео аслида Қримда суратга олинганини аниқлади. Украинанинг Қрим минтақасини 2014 йили Россия аннекcия қилиб олган.

Туркия бундан олдин ҳам бошқа мамлакатларга ёлланма аскарларни юборишда айбланган эди.

БМТ мутахассисларининг таъкидлашича, 2019 йилнинг декабрида Туркия Ливиянинг халқаро миқёсда тан олинган Миллий келишув ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун 5 мингга яқин суриялик жангчини ёллай бошлаган.

Айни дамда, БМТ мутахассислари Россия генерал Халифа Ҳафтарнинг тан олинмаган Ливия миллий армиясини қўллаш учун Сурия президенти Башар Ал-Ассадни қўлловчи 1,2 минг нафар суриялик жангарини ёллаганини билдирдилар.

Ғарб матбуоти хабарларига кўра, Туркия ёллаган жангариларга Ливия иншоотларини қўриқлаш ваъда қилинган. Аммо жангарилар Ливияга етиб боришганидан кейин, улар Ҳафтар кучларига қарши жангларда тўғридан-тўғри иштирок этишга мажбур бўлишган.

БМТ терговчилари Сурияда Туркия қўллаб келаётган «Эркин Сурия армияси» жангарилари томонидан содир этилган жиноятлар, шу жумладан, одам ўғирлаш, зўрлаш ва товламачилик жиноятлари ҳақида исбот-далил тўплаган.

Туркия ҳукуматини қўлловчи SETA таҳлил марказига кўра, «Эркин Сурия армияси» гуруҳига кирувчи 28 фракциянинг 21 таси Суриядаги «Исломий давлат» экстремистик гуруҳига қарши курашиш учун АҚШдан ёрдам олган.

Аммо «Эркин Сурия армияси» таркибига кирувчи «Аҳрор аш-Шом» сингари гуруҳлар бошида «Ал-Қоида» экстремистик гуруҳи билан ҳамкорлик қилган. Шунинг учун АҚШнинг баъзи расмийлари уларни «террористик» ташкилот сифатида таърифлаб келади.

XS
SM
MD
LG