Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:15

Сайлов - 2020: Трамп ва Байден Олий суд устида тортишмоқда


Сайлов пойгасида Жо Байден (чапда) ва Дональд Трамп (ўнгда) президентлик учун курашмоқда
Сайлов пойгасида Жо Байден (чапда) ва Дональд Трамп (ўнгда) президентлик учун курашмоқда

Президентлик сайловига саноқли кунлар қолар экан, Дональд Трамп демократларни мамлакат бошқарув тизимини ўзгартиришга уринаётганликда айблади.

Президент Дональд Трамп ва Сенатдаги республикачилар сайлов олдидан Эйми Кони Баррет номзодини Олий судга тасдиқлатиб олишга уринмоқда. Демократлар бундан ғазабда.

Баъзи демократ фаоллар, агар Жо Байден ва унинг партияси 3 ноябрдаги сайловларда ғолиб чиқса, Олий суддаги ўринлар сонини кўпайтиришни таклиф қилмоқда.

Вице-президентликка номзодлар ўртасида ўтган баҳсда Трампнинг ҳамкори Майк Пенс судга қўшимча одам қўшиш бу институт сиёсий мустақиллигига раҳна солишини айтди.

“Олий судни севсангиз, ҳокимиятлар бўлинишини ардоқласангиз, ноябрда Байден ва Ҳаррисни сайламанг. Президент Дональд Трампни қайта сайласангиз, биз ҳокимиятлар бўлинишини ҳимоя қиламиз”, - деди Пенс.

Байден судялар сонини ошириш тарафдори эмаслигини айтган бўлса-да, унинг жамоаси бу ғояни рад этгани йўқ.

Пенс билан бўлиб ўтган мунозарада вице-президентлик учун Байден номзоди Камала Ҳаррис Трамп маъмуриятини қуйи судларни консерватив судялар билан тўлдираётганликда айблади.

“Президент Трамп аппеляция судларига тайинлаган 50 та одамни танийсизми? Бирорта ҳам қора танли одам йўқ”, - деди у.

Республикачиларнинг яна бир хавотири шуки, демократ қонунчилар Конгрессда кўпчилик ўринларни эгалласа, президентни тўғридан-тўғри эмас, балки сайловчилар ҳайъати орқали сайлаш тизимини бекор қилишга уриниши мумкин. Ҳозирги тизим сайловларда республикачиларга қўл келаётгани айтилади.

Масалан, 2016 йилги сайловда Дональд Трамп оммавий овозлар сони бўйича ютқазган, аммо сайловчилар ҳайъати овозлари ҳисобига ғалаба қозонган эди. 2000 йил Жорж Буш билан ҳам шундай бўлган.

Баъзи фаоллар фикрича, Конгрессда демократлар сонини ошириш учун иккита ҳудудга штат мақомини бериш керак: пойтахт Вашингтон ҳамда Пуерто-Рико орол ҳудудига.

Пуерто-Рикога штат мақомини бериш таклифини республикачилар ҳам қўллаган.

Таҳлилчилар фикрича, томонларнинг муросани эмас, балки бир-бирини енгиш йўлларини қидираётгани демократияни таҳдид остига қўяди.

“Демократия заифлашиб бораётган жамиятларда шундай бўлади. Бу эса бир партияли демократияни яратишга бўлган уринишдир”, - дейди Жорж Вашингтон университети профессори Лара Браун.

Байден ўз навбатида нафақат демократлар, балки партиясизлар ва амалдаги маъмуриятдан норози республикачилар овозини ҳам олишга уринмоқда.

XS
SM
MD
LG