Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2021, Тошкент вақти: 03:10

Гулнора Каримова музлатилган 350 миллион долларни қайтариш имконини қўлга киритдими?


Лондонда яшаётган ўзбекистонлик тадқиқотчи Алишер Илҳомов фикрича, Швейцария судининг қарори музлатилган 350 миллион доллар Гулнора Каримовга қайтарилишини англатмайди. 

Bloomberg нашри Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Швейцарияда бўлиб ўтган судда ютиб чиққани ва бу ғалаба унга музлатилган 350 миллион долларни қайтариб олиш имконини бергани ҳақда ёзди.

Нашрга кўра, Швейцария Федерал апелляция суди 3 декабрь куни Г. Каримовани Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant ширкатининг қонуний бенефициари деб топишга оид аризасини қаноатлантирган.

Мазкур ширкатнинг Швейцариядаги банк ҳисоб рақамидаги пуллар 2018 йилги жиноят иши доирасида музлатиб қўйилган эди.

“Федерал прокуратура Гулнора Каримованинг активларини мусодара қилишга ҳаракат қилгани эътиборга олинса, бу у учун жуда муҳим ғалабадир”, деган Г. Каримованинг адвокати Грегуар Манжа.

Бу Гулнора ва унинг адвокати учун процессуал ғалаба холос

Лондонда яшаётган ўзбекистонлик тадқиқотчи Алишер Илҳомов фикрича, Швейцария судининг қарори музлатилган 350 миллион доллар Гулнора Каримовага қайтарилишини англатмайди.

Илҳомовга кўра, баъзи нашрлар Швейцария суди қарорини нотўғри талқин этган.

"Мен ўзим суднинг асл қарорини ўқиб чиқдим ва ишонтириб айтаманки, унга 350 миллион доллар қайтарилиши ҳақида гап йўқ. Бу унинг адвокати учун процессуал ғалаба холос. Биринчидан, унинг илгари рад этилган апелляцияси суд томонидан кўриб чиқилади. Иккинчидан, унинг ўзи Takilant ширкати бенефициари эканлигини тан олганлиги сабабли, унинг адвокати ҳам ушбу офшор компанияни ҳимоя қилади. Аммо бу ҳали у ва Гулнорага ўша миллионларни қайтариб олиш имконини беришини англатмайди.

Бу жиноят ишлари бўйича суд томонидан ҳал қилинади. Суд фақат Гулнора унинг олдида судланувчи сифатида келган тақдирдагина қарор қабул қилиши мумкин.

Гап фақат суд иштирокчиси сифатида унинг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида бўляпти бу ерда. Ўзбек ҳукумати уни қўйиб юбормаганлиги сабабли, бу жараён ҳали давом этади", деб фикр билдирди Алишер Илҳомов ўзининг Facebook саҳифасида.

Жиноят иши бўйича пулларнинг асл эгаси Гулнора Каримова бўлганини яшириш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирганликда ва пул ювишда айбланган ўзбекистонлик Б. исмли шахс айбдор деб топилган.

Айбловлар

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди шу йил 18 март куни Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят иши бўйича ўз ҳукмини эълон қилинганди.

Суд Г. Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, уни 13 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда, жазо муддатини 2015 йил 21 августидан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.

Аввалроқ Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ваколатли идоралар иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йил 14 майида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганини очиқлаганди.

XS
SM
MD
LG