Линклар

Шошилинч хабар
03 март 2021, Тошкент вақти: 01:45

“Мукаммал қотиллик”. Христо Грозев  – “ФХХ заҳарловчилари” ҳақида


Россияда мухолифат етакчиси Алексей Навальний заҳарланиши ортида турган ФХХ “заҳарловчилар жамоаси” Кабардин-Болқор ва Доғистонлик икки фаол - Тимур Куашев ва Руслан Магомедрагимовни, ҳамда сиёсатчи Никита Исаевни заҳарлаб ўлдиргани айтилмоқда.

Bellingcat тадқиқот гуруҳи ва The Insider нашри яна уч нафар россиялик фаоллар ва сиёсатчилар Россия Федерал хавфсизлик хизматининг қурбони бўлган деб ҳисоблайди. Мухолифат етакчиси Алексей Навальний заҳарланиши ортида турган ФХХ “заҳарловчилар жамоаси” Кабардин-Болқор ва Доғистонлик икки фаол - Тимур Куашев ва Руслан Магомедрагимовни, ҳамда сиёсатчи Никита Исаевни заҳарлаб ўлдиргани айтилмоқда.

Bellingcat, The Insider нашри ҳамда Германиянинг Der Spiegel газетаси ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги суриштирувда айтилишича, махсус хизматлар хуш кўрмаган одамларни заҳарлашда бош-қош бўлган ФХХ Криминалистика институти ўзи алоқадор бўлган камида бир қотиллик юзасидан ўтказилаётган терговда ўзи экспертиза ўтказган ва, табиийки, шубҳали ҳеч нарса топмаган. “Эксперт” сифатида институт ходими Василий Калашников иштирок этган. Алексей Навальний ўзига қарши суиқасд иштирокчиларидан бири эканини айтган ФХХ тезкор ходими Константин Кудрявцев билан суҳбатда унинг исми ошкор қилинганди.

Bellingcat, The Insider нашри, Германиянинг Der Spiegel газетаси ҳамда Озодлик радиоси Россияда кимёвий қуроллар тайёрлаш дастури ҳамда Навальнийни “Новичок” моддаси билан заҳарлашга уринишлар ҳақида туркум суриштирувлар эълон қилган. Суриштирув муаллифларидан бири Христо Грозев 2017 йилдан буён Навальнийни заҳарлашга уриниб келган ФХХнинг ихтисослашган яширин бўлинмаси ходимларининг парвоз ва қатновлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиб, интернет фойдаланувчиларини расмий ўлим сабаби шубҳали кўринган ҳоллар билан ушбу қатновлар ўртасида туташликларни топишга чақирганди.

Бундай туташликлар дарҳол топилган. Bellingcat’нинг янги суриштируви бағишланган қурбонларнинг номи аллақачон бошқа ОАВда айтилган ҳам эди. Масалан, журналист, ҳуқуқбон ва “Яблоко” партияси аъзоси Тимур Куашев Нальчикда вафот этганда, ФХХ жамоасининг бир ходими ҳам ўша ерда бўлгани аниқланган.

27 яшар Куашев 2014 йилнинг 1 августида Нальчик шаҳрида ўлик ҳолда топилган эди. Ўнг кўзининг тагида қон талашгани, қўлтиғи тагида эса нинадан из қолгани учун у ўлдирилган деб гумон қилинган. Ички органлари шикастланмагани учун экспертлар ўшандаёқ Куашев номаълум модда билан заҳарланганлигини гумон қилган эди. Шунга қарамай, унинг ўлими сабаби деб расман “номаълум вирус инфекциясидан келиб чиққан юрак етишмовчилиги” айтилган. Марҳумнинг ота-онаси, дўстлари ва ҳамкасблари ушбу ҳулосани рад этиб, Куашев ўлдирилганлигини таъкидлайди. 2018 йилда улар Европа инсон ҳуқуқлари маҳкамасига мурожаат қилган.

Суриштирувда тилга олинган ФХХ ходимларидан бири 2015 йил мартида Доғистонга келган. Ўша кунлари у ерда “Бирлик” ҳаракати фаоли Руслан Магомедрагимовнинг ҳам ўлиги топилган. Марҳумнинг яқинлари унинг бўйнида иккита нина изи бўлганини, у нафасни сиқувчи модда билан заҳарланганини айтиб келишади – Руслан нафас етишмовчиликдан ўлган.

Bellingcat’нинг янги суриштирувида тилга олинган яна бир исмни Христо Грозев аввалроқ айтган эди. Сиёсатчи Никита Исаев 2019 йил ноябрида Тамбовдан Москвага кетаётган поездда ўлган. Ўлимга сабаб деб расман инфаркт кўрсатилган.

Тимур Куашев

27 яшар Тимур Куашев 2014 йилнинг 1 августида Нальчик шаҳрида ўлик ҳолда топилган эди.
27 яшар Тимур Куашев 2014 йилнинг 1 августида Нальчик шаҳрида ўлик ҳолда топилган эди.

Янги суриштирувда таъкидланишича, Куашевни заҳарлаш операцияси 2014 йилнинг 13 июлидан бошланган. Шу куни, кейинчалик Навальний билан суҳбатидан сўнг машҳур бўлиб кетган “заҳарловчилар жамоаси”нинг аъзоси Константин Кудрявцев Налчикка учиб келди. Тўққиз кун ўтиб унга ҳамкасби Иван Осипов (сохта исми – “Иван Спиридонов”) Москвадан Минеральние Води орқали келиб қўшилди. Осипов аввал 30 июлдаги рейс билан қайтиши керак эди, лекин у кунини 31 июлга ўзгартирган. Осипов бу рейсда ҳам қайтмай, режасини яна ўзгартирди. У Москвага 1 август соат 14:05даги рейс билан, Куашевнинг жасади топилганидан бир неча соат ўтиб, учиб кетди.

Кудрявцев ва Осипов заҳарлаш операциясида иштирок этган ФХХнинг ягона ходимлар бўлмаган, дейди Bellingcat ва The Insider. Фаолнинг ўлимидан бир неча кун аввал ФХХнинг яна уч тезкор ходими, жумладан, Навальний заҳарланиши бўйича суриштирувда тилга олинган Алексей Александров ҳам Владикавказга учиб келган. Суриштирувда яна иккита исм илк бор тилга олинмоқда – Денис Мачикин ва Роман Матюшин.

Навальний билан суҳбатда Константин Кудрявцевнинг айтиб беришича, видеокузатув камераларига тушиб қолиш эҳтимоли бор жойларда ФХХ ходимлари камераларни “ўчириб турадилар”. Тимур Куашевни заҳарлашда ҳам айнан шундай қилинган: фаолнинг отаси талаби билан олиб борилган расмий терговда аниқланишича, Куашевни олиб кетиш онлари тушиб қолиши мумкин бўлган камералар “коммутатор носозлиги” деб ишламай қолган. Куашевнинг телефон қўнғироқлари биллинги кўрсатишича, унинг телефони 1 августда ўчиқ бўлган.

Энг муҳими, Куашев кўйлагида қолган қон экспертизасини Станислав Макшаков раҳбарлигидаги “заҳарловчилар жамоаси” ишлайдиган яна ўша ФХХ Криминалистика институтининг ўзи амалга оширган. Экспертиза ҳулосасига имзо чекканлар орасида Навальний заҳарланишидан кейин Томскда далилларни йўқотишга қатнаган Василий Калашниковнинг имзоси ҳам бор. Шу экспертиза ҳулосасидан сўнг Куашевнинг ўлими бўйича жиноят иши ёпилган эди.

Руслан Магомедрагимов

Руслан Магомедрагимовнинг жасади Доғистоннинг Каспийскида 2015 йилнинг 24 март куни топилган эди.
Руслан Магомедрагимовнинг жасади Доғистоннинг Каспийскида 2015 йилнинг 24 март куни топилган эди.

Минтақавий “Бирлик” (“Садвал”) ҳаракати фаоли бўлмиш Руслан Магомедрагимовнинг жасади Доғистоннинг Каспийскида 2015 йилнинг 24 март куни топилган эди. Ўша пайтда “Черновик” нашрининг ёзишича, Русланнинг яқинлари унинг ўлимини дарҳол ижтимоий-сиёсий фаолияти билан боғлаган. Магомедрагимов лезгин халқининг ҳақ-ҳуқуқлари, ҳамда Россия ва Озарбайжон лезгинларини “Лезгистон” мухторияти остида бирлаштириш учун курашган. “Черновик”нинг ёзишича, Руслан маҳаллий ҳокимиятни доим танқид қилиб келган.

Ҳудди Тимур Куашев воқеасида бўлганидек, Навальний иши бўйича фош этилган ФХХ Криминалистика институти ходимлари Каспийскдан бир неча км наридаги Махачкалага бир неча бор келган. Иван Осипов бу шаҳарга 2015 йилнинг январида икки марта, Константин Кудрявцев ҳам икки марта, жумладан, суиқасд режаланган кундан олдинроқ, 11 мартдан 16 мартгача келиб кетган. Осипов шунингдек 24 мартдаги заҳарлашдан бир неча кун олдин Владикавказга келган ва минтақада олти кун қолган. У Москвага фаолнинг ўлимидан икки кун ўтиб қайтган.

Никита Исаев

Никита Исаев 2019 йилнинг 16 ноябрга ўтар кечаси Тамбов- Москва поездида ўлган.
Никита Исаев 2019 йилнинг 16 ноябрга ўтар кечаси Тамбов- Москва поездида ўлган.

Сиёсатчи ва блогер, “Янги Россия” ҳаракати етакчиси Никита Исаев ўзини коррупцияга қарши курашчи сифатида тақдим этса ҳам, аслида тизимдаги кремлпараст сиёсатчи бўлган. Исаев 2019 йилнинг 16 ноябрга ўтар кечаси Тамбов-Москва поездида ўлган. The Insider эслатишича, “Справедливая Россия” партияси раҳбари Сергей Миронов Исаевни ўзига минтақавий бўлинмалар бўйича маслаҳатчи этиб тайинлаган эди, Тамбовга ҳам у айнан шу масалалар бўйича кетаётганди.

Исаевнинг ўлими Томскдан Москвага парвоз қилаётган самолётдаги Алексей Навальний билан содир бўлган жараёнга жуда ўхшаш. У билан бирга бўлган ёрдамчиси Алина Жестовскаянинг айтишича, Исаев ярим кечаси ҳожатхонага чиқиб, деярли икки букилиб купега қайтиб келган ва ўша ерда ҳушидан кетиб қолган. Расман унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган деб айтилган. Лекин Bellingcat ва The Insider сиёсатчининг сафарлари билан уни 2018 йил декабридан бошлаб Россия бўйлаб таъқиб этган “заҳарловчилар жамоасининг” парвоз ва қатновлари 13 марта туташганини аниқлаган. Исаевни Навальний иши доирасида маълум бўлган ўша-ўша Алексей Александров ва Иван Осиповлар, ҳамда исми илк бор янги суриштирувда келтирилаётган яна уч нафар ФХХ ходими Александр Самофал, Виктор Кравченко ва Михаил Тихоновлар кузатган. Шу бешовлондан камида биттаси “Янги Россия” етакчиси билан айни кунларда Тамбов шаҳрида бўлган.

Исаев ўлими билан боғлиқ жиноят иши очилмаган, дейди Алина Жестовская. У шунингдек Озодлик радиоси билан суҳбатда, Исаев ФХХ ходимлари томонидан заҳарланганига ишонмаслигини айтган.

Bellingcat’нинг янги суриштирувида таъкидланишича, Исаевнинг заҳарланишини ФХХ “заҳарловчилар жамоаси” билан боғлаш мумкин бўлган бошқа ўлимлар орасида энг ғалатиси. The Insider ёзишича, Исаевнинг яқинлари у Владислав Сурков ҳали президент администрация раҳбари ўринбосари бўлган даврлариданоқ администрация билан қалин бўлганини беркитмайди. Исаев, шунингдек, кремлпараст ёшлар ташкилотларининг мафкурачиси бўлмиш Василий Якименко билан ҳам яқин муносабатда бўлган. Балки, дейди суриштирув муаллифлари, Исаевнинг ўзи рус махсус хизматлари томонидан ёлланган ва кейинчалик “икки томонга ишлайдиган агент” сифатида гумон остига тушиб қолган бўлиши мумкин. “Экспорт бўйича мутахассис” ҳамда “суғурта компанияси ходими” сифатида сиёсатчи чет элга кўп чиқар эди. Агарда ушбу версия тўғри бўлса, унинг чет элдаги баъзи учрашувлари ёки алоқалари ФХХ томонидан шубҳали деб топилиб, ўзи “сотқин” сифатида бартараф этилган бўлиши мумкин.

Bellingcat ходими Христо Грозевнинг Озодлик радиосига айтишича, навбатдаги суриштирув баъзи сабабларга кўра суиқасдан сўнг, Алексей Навальний каби, тирик қолган инсонларга бағишланади. Булар орасида "Медиазона" нашри асосчиси Петр Верзилов ва сиёсатчи Владимир Кара-Мурзалар бўлиши мумкин.

- Сиз шартли равишда «заҳарловчилар жамоаси» деб аталмиш гуруҳнинг уч қурбони ҳақида гапириб бердингиз. Бу ҳикояларда энг кўзга кўринган деталлар қайсилар, сизнингча? Шу ўлимларга айнан ФХХ алоқадор бўлганлигига сафарлардан ташқари яна қандай далиллар бор,?

- Куашев воқеасида биз Навальний билан суҳбатда Кудрявцев ошкор қилган ФХХ усулининг тўлиқ такрорланишини кузатяпмиз. Масалан, улар операция мобайнида камераларни ўчириб қўйишини, ҳатто ягона «бригада» бўла туриб, турли рейслар билан учишини кўрдик. Масалан, Осипов бир аэропортга, Александров бошқа аэропортга қўнган, ҳамда бир кун оралиғи билан айни аэропортдан учиб кетган. Лекин, энг муҳими, биз «мукаммал жиноят»га гувоҳ бўляпмиз: жиноят аломатларини аниқлаш, масалан, қон ёки кийимда заҳарни аниқлаш экспертизаси ўша жиноятни амалга оширганларни ўзига топширилган. Масалан, Куашев воқеасида экспертиза ҳулосасига Навальний заҳарланганидан сўнг далилларни йўқотиш билан шуғулланган Калашников имзо чеккан.

Исаев масаласида, ҳудди Навальний масаласида бўлганидек, жуда кўп туташган сафарларни кузатяпмиз. Поезд ёки самолётда 13 маротаба қатновлар. Статистика нуқтаи назаридан бу ерда яхши гумон қилиб бўлмайди.

- Бу контекстда Исаевнинг ўлими энг ғалатисидир, чунки у аслида Кремлга жуда ҳайриҳох сиёсатчи бўлган.

- Ҳа, албатта. Бизнинг вазифамиз бунинг мотивларини топиш эмас, бу энг қийини. Биз бу масалани Исаевни яхши билган манбамиз билан муҳокама қилганмиз. Унинг эслашича, Исаев нимадандир чўчиган, оиласини чет элга олиб кетмоқчи бўлаётганини айтган. Бу айни шу 2018 йилнинг декабрларидаги суҳбат. У кўп ҳорижга чиқар эди, масалан, Тамбовдан қайтгандан сўнг АҚШга учиб кетиши керак эди. Унда ҳиёнат қилиш режалари бўлмаса ҳам, балки ФХХ шундай хавф бор деб ҳисоблагандир. Исаевда жуда кўп маълумотлар йиғилган эди, масалан, соф «муҳолифат» бўлмаган сиёсий лойиҳалар ҳақида.

- «Заҳарловчилар жамоасининг» сафарлари ҳақидаги маълумотни ошкор қилганингиздан сўнг, интернетда билдирилган бошқа версияларга асос топа олдингизми? Масалан, эҳтимолий ФХХ қурбонлари орасида Петр Верзилов, Владимир Кара-Мурза, ҳаттоки рэпер Дэцлнинг исмлари келтирилган эди.

- Биз бугун эълон қилган суриштирув фақатгина ўлдирилганларга бағишланган. Бунга паралель равишда биз ФХХ ўлдира олмаганлар ҳақида суриштирув устида ҳам ишлаяпмиз. Улар орасида сиз айтганларнинг баъзилари бор. Аниқ айтишим мукинки, жуда машҳур номлардан бири ҳақида бизда инкор этиб бўлмайдиган далиллар мавжуд. Уларни яқин ҳафталарда эълон қилишни режалаганмиз.

XS
SM
MD
LG