Линклар

Шошилинч хабар
01 март 2021, Тошкент вақти: 06:24

Ашхободда Толибон вакиллари Туркманистон ҳукумати билан нимани муҳокама қилди?


6 февраль куни Толибон экстремистик гуруҳи делегацияси Туркманистонга бориб, мамлакат расмийлари билан учрашди.

6 февраль куни Толибон экстремистик гуруҳи делегацияси Туркманистонга бориб, мамлакат расмийлари билан учрашди.

На Толибон, на Туркманистон расмийлари ўтказилган музокаралар
ҳақида батафсил маълумот берди.

Ашхободга борган Толибон делегациясига мулла Абдул Ғани Барадар етакчилик қилди.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ўша куниёқ эълон қилган баёнотга кўра, Толибон Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон (ТАПҲ) табиий газ линияси лойиҳасини ҳамда Афғонистонни темир йўл орқали Туркманистон билан боғлаш масалаларини муҳокама қилиш учун борган.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Толибон делегацияси аъзоси Муҳаммад Суҳайл Шоҳиннинг қисқача баёноти ҳам келтирилди.

Унга кўра, Шоҳин «Шубҳасиз, ТАПҲ, ТАП лойиҳаларини ва Туркманистондан Афғонистонга темир йўл ётқизишни эрта бошлаш
Афғонистонда тинчлик ва иқтисодий ривожланишга эришишга ҳисса қўшади», деган.

Шоҳиннинг айтишича, Толибон гуруҳи «мамлакатда амалга оширилаётган барча миллий лойиҳаларни ҳимоя қилинишини» таъминлайди.

Экстремистик гуруҳ вакили «ТАПҲ ва мамлакатимиздаги бошқа инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳар томонлама ёрдам берамиз», деган.

Толибон бундай ваъдаларни олдин ҳам берган. Жумладан, 2016 йил ноябрида гуруҳ матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид баёнот бериб, «Толибон халқ манфаатини кўзлайдиган ва миллатнинг
ривожланиши ва гуллаб-яшнашига ҳисса қўшадиган барча миллий лойиҳаларни қўллаб-қувватлабгина қолмай, уларни ҳимоя қилишга содиқдир», деган эди.

Аммо ўша йилнинг январь ва февраль ойларида Толибон Афғонистоннинг шимолий қисмида Тожикистон ва Ўзбекистондан электр энергиясини ташувчи электр линияларини узиб қўйган эди.

Мужоҳид бу ваъдани берганидан кейин президент матбуот котиби ўринбосари Шоҳ Ҳусайн Муртазавий Толибоннинг ушбу баёнотидан бир неча ой олдин гуруҳ 302 мактаб, 41 соғлиқни
сақлаш клиникаси, 50 масжид минораси, 5 305 уй, 1 818 дўкон, 1 ҳукумат биноси, 6 кўприк, 293 эстакада ва 11 вилоятда 123 километр йўлни вайрон қилганини билдирди.

2020 йилнинг май ойида эса Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Тариқ Арян Толибон ўтган олти ой ичида 14 та вилоятда 110 та ҳукумат лойиҳасини вайрон қилганини маълум
қилди.

ТАПҲ қувури орқали Туркманистондан Ҳиндистонга газ етказиб бериш режалаштирилган. Ушбу қувурнинг узунлиги 1 814 км, қиймати эса 10 миллиард долларни ташкил этади.

Туркманистон 25 йилдан ортиқ вақтдан бери лойиҳани якунлашга уриниб келади. Аммо Афғонистондаги хавфсизлик муаммолари бунга тўсқинлик қилмоқда.

Толибон ҳақида китоб ёзган журналист Аҳмед Рашид Озодликка берган интервьюсида: «1990 йилларда Ашхобод ТАПҲ қувурини қуриш учун курашар экан, толиблар футбол стадионларида аёлларни қатл қила бошлаган, натижада лойиҳани бошлаш имконсиз бўлиб
қолганди», - деди.

«Агар толиблар ҳукумат назоратини қўлга киритса, Қобулдаги тузум билан муросага келмаса, улар билан иш олиб бориш услубини ишлаб чиқмаса, Афғонистонга хорижий сармоя ётқизилиши амри
маҳол», - дея қўшимча қилди у.

Кейинги йилларда Туркманистоннинг ТАПҲ лойиҳасини якунлаш истаги янада кучайди, чунки мамлакат жиддий иқтисодий муаммоларга дучор бўлган.

Бу муаммолар замирида мамлакатнинг асосий экспорти бўлмиш табиий газ савдоси ётади.

Айни дамда туркман газининг асосий харидори Хитойдир. Аммо ўтган йилда Пекин Туркманистондан харид қиладиган газ кўламини қисқартирди.

ТАПҲ қувури орқали 33 миллиард метр куб туркман газини 1 800 кмдан ошиқ масофага юбориш режалаштирилган.

Лойиҳа якунланса, Афғонистон Туркманистондан 5 миллиард метр куб, Покистон ва Ҳиндистон эса 14 миллиард куб газ харид қилиши мумкин бўлади.

2018 йилнинг апрель ойидан бери Туркманистон камида уч маротаба Афғонистон тинчлик музокараларига мезбонлик қилишни таклиф қилди. Аммо 6 февраль куни бўлиб ўтган музокаралар ҳақидаги хабарларда бу таклиф ҳақида ҳеч нима дейилмади.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида тинчлик музокаралари тўғрисида

«Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш ва қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти» ҳақидаги умумий гапдан бошқа ҳеч қандай маълумот берилмади.

Толибон делегацияси ва Туркманистон ҳукумати нафақат газ, балки электр энергияси масаласини ҳам муҳокама қилган бўлиши мумкин.
Туркманистон Афғонистон орқали Покистонга электр энергиясини экспорт қилишни истайди.

Бунинг учун 500 киловольтли Туркманистон – Афғонистон – Покистон (ТАП) линиясини ётқизиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 14 январь куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани ТАП лойиҳасининг биринчи қисми бўлмиш Карки (Отамурот)
– Андхўй – Пули Ҳумри электр узатиш лойиҳаси очилишини видео орқали томоша қилдилар.

Туркманистон Афғонистоннинг шимолий қисмига электр энергиясини экспорт қилади. Кейинги йилларда Афғонистон шимолидаги йирик ҳудудлар Толибон назоратига ўтди.

Толибон ушбу ҳудудларда яшовчи халқдан электр энергияси учун ҳақ тўпламоқда. Аммо бу пулнинг қанча қисми Туркманистонга етиб бораётгани номаълум.

Одатда электр энергияси тўловларини Туркманистонга Афғонистон ҳукумати тўлаб келади. Айни дамда Толибон назорати остидаги ҳудудларда ишлатилаётган электр энергияси учун Қобул
Ашхободга қанча ҳақ тўлаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Аммо Толибон Афғонистоннинг шимолий қисмида ўз мақсадларига эришиш йўлида Туркманистон электр энергиясидан фойдаланиб келаётганига шубҳа йўқ.

2018 йилнинг июль ойи охирида Туркманистондан Афғонистонга электр узатувчи учинчи линия ишга туширди. 110 киловольтли электр линияси Бадғис вилояти маркази Қалаи Науга етиб боради.

2019 йилнинг апрель ойида Толибон Бадғисдаги электр симёғочларини портлатиб юборди ва таъмирлаш ишларига тўсқинлик қилди.
Ўшанда Бадғис вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Абдул Ғафур Маликзай:

«Толиблар 21 та қишлоқни электр энергияси билан таъминлашни истайдилар ва уларнинг талаби қабул қилинди. Аммо бу бир кунда битадиган иш эмас», - деган деди.

6 февраль куни бўлиб ўтган учрашув ортидан Бадғис вилоятининг амалдаги ҳокими Ҳесамуддин Шамс Азади – Озодлик радиосининг Афғонистондаги хизматига интервью бериб, Толибонинг
инфратузилмани барбод қилмаслик ҳақидаги ваъдасини мамнуният билан қабул қилишини
айтди.

Ҳоким эндиликда гуруҳ «ўз ваъдасига амал қилиши кераклигини» қўшимча қилди Туркманистон расмийларининг Толибон делегацияси билан учрашув ҳақида деярли барча маълумот бермагани эътиборга лойиқдир.

Озодликнинг туркман хизматига кўра, давлат оммавий ахборот воситалари «афғон делегацияси» ташриф буюргани ҳақида “абар берган, аммо улар билан учрашган туркман расмийларининг
исмини очиқламаган.

Аммо тарқатилган камида битта фотосуратда Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов музокаралар столида ўтирганини аниқ кўриш мумкин.
Афғонистон ҳукумати Толибонниннг Ашхободга ташрифи ҳақида аниқ изоҳ бермади, аммо Қобулдаги ҳукумат вакили Азади радиоси билан суҳбатда афғон халқи бошқа азоб чекмаслиги учун Афғонистондаги барча гуруҳлар мамлакат инфратузилмасини ҳимоя қилиши кераклигини
айтди.

Шунингдек, расмий Толибонни зудлик билан тинчлик сулҳига рози бўлишга чақирди.

XS
SM
MD
LG