Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:39

Қашқадарё ҳокими уй ваъда қилганига 6 ой бўлди. Москвадан қайтган оила ҳануз ижарада яшамоқда (ВИДЕО)


Ярим йил олдин Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Исломбек оиласини уй-жой билан таъминлашга ваъда берганди.
Ярим йил олдин Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Исломбек оиласини уй-жой билан таъминлашга ваъда берганди.

Москвада карантин пайтида чиқиндилар орасидан қоғоз йиғиб, оиласига кўмаклашган 12 яшар бола эсингиздами? Бу ҳақда видео чиққач, Исломбек Боймуродов онаси ва опаси билан бирга Озодлик мухлислари ёрдамида Москвадан Шаҳрисабзга қайтганди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев улар билан учрашиб, маиший муаммоларини ҳал этишни, кам таъминланган оила сифатида уй-жой беришни ваъда қилганди. Аммо ярим йил ўтсада, ҳоким ҳамон ўз ваъдаларини бажармагани маълум бўлди – оила ҳамон ночор аҳволда қолмоқда.

Шаҳрисабзлик Исломбек Боймуродов онаси ва опаси билан бирга ўтган йил ўрталарида Озодлик мухлислари ва Ўзбекистон консуллиги мутасаддилари кўмагида Москвадан Шаҳрисабзга ўтган йилнинг июнида қайтганди.

12 яшар бола Москвада карантин пайтида чиқиндилар орасидан қоғоз йиғиб сотиб, оиласини боқиб келгани тўғрисида Озодлик видеолавҳа тайёрлаб, намойиш қилган. Исломбек онаси Шаҳноза ва опачаси билан Москвага 2020 йилнинг мартида келган. Оила Россияда бошланиб кетган карантин чекловлари пайтида ночор аҳволда қолган эди.

- Бундай қийин аҳволга тушиб колишимизни тушимда ҳам кўрмаганман. Ойимнинг қийналиб қолганига мен қараб тура олмадим, шунинг учун аҳлатхонада қоғоз қути йиғиб, онамга ёрдам бера бошладим, - деган эди қашқадарёлик бола.

Исломбекни чиқинди контейнерида кўриб қолган наманганлик Дмитрий Вантяхов уларни Ўзбекистонга юбориш мақсадида жамоатчиликка мурожаат қилганди.

Қийин аҳволга тушган бу ўзбек оиласига кўплаб одамлар, жумладан Озодлик мухлислари ёрдам қўлини чўзди. Йиғилган маблағ эвазига Шаҳноза ўғли ва қизи билан Ўзбекистонга жўнатиб юборилган эди.

"Ваъдалар ваъдалигича қолди..."

Қашқадарёга етиб борган бу оилага маҳаллий ҳокимият томонидан аввалига жуда катта эътибор қаратилди.

Исломбек, унинг синглиси ва онаси билан шахсан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев учрашиб, уларнинг маиший муаммолари ҳал этилиши, уларга кам таъминланган оила сифатида уй-жой берилишини ваъда қилди.

- Ман вилоят ҳокимиман. Россияда юрганингизни, Исломбекнинг қилган ишларини бу ердан туриб кузатдик. Сен жуда катта одам бўласан. Онангни сендан умидлари кўп - ҳаммасини рўёбга олиб чиқадиган йигит бўласан. Опа, сизга соғлик саломатлик, деган эди Қашқадарё вилоят ҳокими.

Ярим йилдан ортиқ вақт ўтиб Озодлик Шаҳноза ва унинг болаларидан хабар олиб, ҳоким Мирзаев берган ваъдалар бажарилмагани - ночор аҳволда қолаётган бу оила ҳали ҳам Шахрисабздаги “Дўстлик” маҳалласидаги квартиралардан бирида ижарада яшаётганини аниқлади.

43 яшар Шаҳнозанинг айтишича, у ҳеч қаерга ишга жойлаша олмаяпти, узоқ-яқинда турли юмушларни бажариб, ойига 500-600 минг сўм ишлаб топади. Оила асосан шу пул, одамлар бераётган эҳсон ва боқувчисиз қолган Исломбекка бериладиган 180 минг сўм миқдоридаги нафақа пулига тирикчилик қилмоқда. Бундай нафақани Исломбекнинг опаси ҳам олган, бироқ ўтган йили ёши 14 дан ўтганидан сўнг тўлов тўхтатиб қўйилган. Оилага бир ойда кирадиган пулнинг асосий қисми коммунал тўловларга кетмоқда.

Онанинг айтишича, на Шаҳрисабз туманининг олдинги ҳокими Исроил Омонов ва на ҳозирги ҳоким Саман Ҳасановлар вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги буйруғини бажарган.

- Еттинчи ой кетяпти - бизга уй-жой ҳали берилгани йўқ. Туман ҳокимлигига бордим учрашгани, чақиришди кейин, лекин менга ҳеч қанақа ёрдам кўрсатишмади. Раҳмат, туман аёллар кенгашидан келиб ёрдам беришяпти, хабар олиб туришибди. Туман ҳокимлигидагиларнинг масъулиятсизлиги, айрим қўштирноқ ичидаги “раҳбарлардан” кўнглим қайтганлиги учун 13 йилдан бери уй ололмаяпман. Келганимдан бери ишсизман, ижара, свет-газ, сув мусор пули бор. Ёлғиз бошим билан ишсиз иккита болани ижарада қандай эплай мен? деди ёлғиз она.

Озодликка маълум бўлишича, бу оилага уй-жой ажратиш масаласи Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз тумани ҳокимликлари ўртасида "копток" бўлмоқда. Шаҳнозанинг айтишича, паспортидаги қайдга мувофиқ, кам таъминланганлар дафтарига киритилган унинг оиласини уй-жой билан Шаҳрисабз туман ҳокимлиги таъминлаши кераклиги айтилган.

Исломбекнинг онаси 42 ёшли Шахноза Ўзбекистонда собиқ турмуш ўртоғидан болаларга тегишли бўлган алимент пулини ундира олмагани ва уй-жойсиз қийналганидан икки вояга етмаган боласини олиб, Россияга кетишга мажбур бўлганини айтганди.

Унинг кичик фарзанди - Исломбек ҳозир Шаҳрисабздаги мактаблардан бирида 5 синфда ўқияпти.

Ўзбек мутассадилари уни “ҳарбий мактабга жойлаштириш” тўғрисидаги ваъдаларини ҳам бажармаган кўринади. Исломбек Боймуродов ҳозирча ҳарбий бўлиш орзусини четга суриб қўйишга мажбур. Ижарада туришдан чарчаган бола ўз уйида яшаш истагида.

- Ҳозирча мен 14- мактабда ўқияпман. Ўқитувчиларим яхши. Ҳамма дарсларга, тўгаракларга қатнашяпман. Катта бўлганимда онамга уй олиб бериш, кейин ҳарбий бўлишни орзу қиламан, деди Исломбек Боймуродов.

Озодлик бу мавзуга оид видеолавҳани эълон қилганидан кейин бу оилага Шаҳрисабз туман ҳокимлиги Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари, бир нечта блогер ва МФЙ вакиллари келиб хабар олиб кетгани маълум бўлди.

Ёлғиз онага эртадан (19 февраль) бошлаб боғчага фаррошлик ишига чиқиш таклиф қилинди.

- Эртага ҳужжат билан ишга бориб, эртадан ишлайман экан. "Февралдан бошлаб сиз ишга кирдингиз" дейишди, - деди Шаҳноза.

XS
SM
MD
LG