Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:40

Туркманистонда 14 ёшли курашчи ўсмир рақибига ютқазиб бермагани учун уриб ўлдирилди


Сулаймон Турсунбоев
Сулаймон Турсунбоев

Туркманистонда 14 ёшли дзюдочи Сулаймон Турсунбоев мусобақада Ички ишлар вазирлиги курсантига ютқазиб беришдан бош тортди. Ғалабадан сўнг уни номаълум кишилар ўғрилашган ва ўласи қилиб дўппослаб кўчага ташлаб кетишган. Ўсмир оғир аҳволда қаровсиз қолиб, вафот этган.

Сулаймоннинг ота-онаси Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга мурожаат қилиб, айбдорларни жазолашни талаб қилмоқда.

“Ўғлимизни тўдалашиб урганлар, соғ жойи йўқ эди, бутун аъзойи баданим оғрияпти, деб айтарди. Жигарини эзиб лахта қонга айлантирганлар, бош суягини ёриб ташлаганлар”, — дейишади ота-она видеомурожаатида.

Онасининг сўзларига кўра, Сулаймон Америкада чемпион бўлиб, Туркманистон байроғини даст кўтаришни орзу қиларди. “Мен адолат талаб қиламан, айбдорларга қонунга биноан қаттиқ жазо берилсин”, — дейди аёл.

Маълумотларга қараганда, Турсунбоев Тошҳовуз вилоят, Қўҳна Урганч туманидаги Оққалъа қишлоғида туғилган. Ўрта мактабнинг олтинчи синфини битиргач, олимпия захиралари спорт интернатида таълим олаётганди.

Фожиа февраль ойи бошларида маҳаллий мусобақалардан бирида юз берди. Финал беллашувидан олдин Сулаймонга ИИВ курсанти бўлмиш рақибига ютқазиб бериши кераклигини айтишади. Ўсмир бунга рози бўлмайди ва ҳалол курашиб, ўз вазнида чемпионликни қўлга киритади.

Мусобақа тугаши билан спортчи келбатли номаълум йигитлар пайдо бўлиб, мураббийни шафқатсиз калтаклашади, Сулаймонни эса зўрлик билан олиб кетишади ва кейин уни ҳам ўласи қилиб дўппослаб, кўчада қолдиришади. Сулаймонни тасодифий ўткинчилар кўриб қолиб, тез ёрдам чақиришади. Турсунбоев Ашхободдаги касалхоналардан бирига олиб борилади, аммо у ердагилар беморни қабул қилишмайди ва уни расман яшайдиган ҳудудидаги шифохонага элтишни маслаҳат беришади.

Оғир аҳволдаги ўсмир 500 чақирим масофадаги Қўҳна Урганч тумани касалхонасига етказилади. Ва бир неча кундан сўнг ўша ерда вафот этади.

Turkmen.news нашри хабарига кўра, марҳум Сулаймоннинг рақиби президентнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедовга хотини томондан қариндошдир. “Аммо бу маълумотни на тасдиқлай оламиз, на рад этамиз. Ўша манбамизнинг сўзларига кўра, прокуратурага қотилликни тергов қилмаслик буюрилган. Гўёки Сулаймон ноқулай йиқилиш оқибатида ўлганмиш”, — деб ёзади нашр.

Иш юзасидан “Озодлик”нинг туркман хизмати ҳам суриштирув ўтказмоқда. Олинган маълумотларга кўра, фожиа интернетда шов-шув бўлгач, куч ишлатиш тизимлари Туркманистондаги барча спорт мактабларида йиғилишлар ўтказиб, мураббий ва ўқувчиларга “тилни тийиб юришни” ва Турсунбоевнинг ўлимини муҳокама қилмасликни тавсия қилишмоқда.

XS
SM
MD
LG