Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2021, Тошкент вақти: 01:29

Грузия полицияси Саакашвили асос солган партия раҳбарини ҳибсга олди


Грузия полицияси "Бирлашган миллий ҳаракат" партияси етакчиси Ника Мелияни қамоққа олди. 2021, 23 февраль.

Грузия полицияси 23 февраль куни мухолиф партия – Бирлашган миллий ҳаракат (БМҲ) офисига бостириб кирди ва унинг етакчиси Ника Мелияни қамоққа олди.

Бир неча кун аввал мухолифат раҳбарини ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилингани сабабли Грузия бош вазири Георгий Гахария истеъфо берган эди.

БМҲ раиси Ника Мелия 2019 йилдаги аксилҳукумат намойишлар пайти оммавий зўравонликларни уюштиришда айбланмоқда. Унинг ўзи бу айблов ортида сиёсий сабаблар турганини таъкидламоқда.

Ўтган ҳафта Тбилиси шаҳри суди гаров пулини тўламади деган иддао билан Мелияни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган эди.

Мухолифат етакчисининг партия қароргоҳидан олиб чиқиб кетилаётгани жонли эфирда кўрсатилган. “Мтавари” телеканалига кўра, махсус полиция кучлари 17 февралдан бери БМҲ қароргоҳида тунаётган Мелия тарафдорлари ҳамда мамлакатнинг бошқа мухолиф партиялари етакчиларига қарши ёш оқизувчи газ қўллаган. Операция пайти яна ўнлаб фаоллар ҳибсга олинган.

“Қароргоҳдан узатилган лавҳалар мени ларзага солди. Зўравонлик ва бошбошдоқликка ўрин йўқ. Томонларни соғлом ақл билан ҳаракат қилишга чақираман”, – деб ёзди Буюк Британиянинг Грузиядаги элчиси Марк Клейтон ўз Twitter саҳифасида.

Ҳибсга олиш операцияси Грузия парламенти Георгий Гахария ўрнига Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги янги ҳукуматни сайлаганидан бир кун ўтиб амалга оширилди. Гахария Мелияга қарши суд қарори юзасидан ҳукмрон коалиция билан келиша олмаганини ўз истеъфосига сабаб ўлароқ кўрсатган. Собиқ бош вазир мухолифат етакчисини қамоққа олиш қарорини қўллаб-қувватламаган. Унинг фикрича, бу сиёсий инқирозга олиб келади.

Янги бош вазир Ираклий Гарибашвили ва ҳукумат аъзолари 150 депутатдан иборат парламентнинг 89 аъзоси томонидан сайланди. БМҲ ва бошқа партиялардан сайланган депутатлар ҳукуматни шакллантириш жараёнига бойкот эълон қилди.

Ўтган йил октябрда бўлиб ўтган парламент сайловидан буён Грузия сиёсий саҳнасида беқарорлик ҳукм сурмоқда. Иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси овоз бериш якунида ғолиб чиққанини эълон қилди. Лекин мустақил кузатувчилар сайлов жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйилган деб ҳисоблайди.

Мухолиф партия раҳбарининг қўлга олиниши мамлакатдаги ўзи шундоқ ҳам беқарор сиёсий вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин. Қайд этиш жоизки, Бирлашган миллий ҳаракатга 2004-2013 йилларда Грузияга раҳбарлик қилган Михаил Саакашвили томонидан асос солинган.

XS
SM
MD
LG