Линклар

Шошилинч хабар
25 феврал 2021, Тошкент вақти: 09:39

Тиниб-тинчимаган японлар. Украинадаги уруш Японияда қайта тикланди


Япония. Донбассдаги уруш қатнашчисидай кийинган япон Калашников автомати билан ўтирибди.

Бир қарашда украин ҳарбийларининг бу суратлари Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлари пайти олинган деб ўйлайсиз. Аслида эса улар Донецк ёки Луганскдан минглаб чақирим йироқда – Японияда олинган.

Бу суратларни февраль бошларида Харьковда истиқомат қилувчи япон тилидан таржимон Борис Мороз ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида обуначилари ва дўстларига тақдим этди. Сиртдан қараганда одатий манзаралар: “Азов” батальони ва бошқа украин бўлинмаларининг жангчилари Украина байроғи фонида турфа алфозда суратга тушган.

Чиндан ҳам тафовутни бир қарашда пайқаш амримаҳол. Мана, масалан, қуйидаги суратда жангчи Донецк аэропортини россияпараст айирмачилардан мудофаа қилгани билан донг қозонган 79-бригада байроғи фонида кўриниш берган. Аммо, ишончингиз комил бўлсинки, барча суратлар Япониянинг Тиба префектурасидаги хароба бинода чекилган.

Маълумки, Украина шарқидаги уруш тарихдаги номдор жангларни реконструкция қилишга ишқибоз Игорь Стрелков бошлиқ отряднинг Славянск шаҳрига бостириб киришидан бошланган эди. Чархнинг айланишини кўрингки, энди дунёнинг олис бир гўшасида Стрелковнинг ўзи ҳам шундай ижодий тажрибага “хомашё” бўлиб турибди!

Турфа фотосуратларга қараганда, серҳафсала японлар нафақат украин ҳарбийлари, балки россияликлар, хусусан, Қримни босиб олишда қатнашган машҳур “яшил одамчалар” қиёфаларини ҳам тикламоқда.

Ҳарбийлар қўлидаги аслаҳалар ҳақиқий эмас, балки замонавий қуролларнинг страйкбол ва эйрсофт ўйинлари учун чиқарилган нусхаларидир. Ўқ ўрнида пластик зўлдирчалар отадиган пневматик милтиқлар, бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Японияда қонуний тарзда сотилади. Масалан, страйкбол ўйнаш учун ясалган Калашников автоматини 265 долларга харид қилиш мумкин.

Япон реконструкторлари билан 2016 йилдан бери бирга ишлаб келаётган Хаяо Сато ушбу ҳобби шинавандалари илгари асосан америкалик ҳарбийларга тақлид қилганини айтади. Бироқ, кейинги йилларда Украина шарқидаги уруш қатнашчиларининг сиймолари ҳам тобора оммалашмоқда.

Сатонинг сўзларига кўра, рус милитаризми мавзусига қизиқиш унда АК-47 автоматини кўрганидан сўнг пайдо бўлган. “Россиядан кейин эса унга қўшни давлатлар армиялари билан қизиқа бошладим”, – дейди у.

Икки япон реконструктори “Озодлик” билан суҳбатда бу машғулот тагида бирон бир мафкура йўқлигини таъкидлади. Айтишларича, бу шунчаки, “ковбойлар ва ҳиндулар жанги” ўйинининг такомиллаштирилган талқини бўлиб, рамзий белгилар урушаётган томонларни бир-биридан фарқлаш учунгина қўлланади.

Шунга қарамай, йигитлар жангчиларнинг уст-боши, қуроллари ва бошқа уруш деталларини ниҳоятда синчковлик ва ҳафсала билан танлашади. Зарур ашё ва жиҳозлар аксари махсус форумлар орқали сотиб олинади. Нодир қуроллар эса буюртма билан 3D босма усулида тайёрланади. Япониялик дўкондор ўз мижозларига бир оз кийилган, аммо ҳақиқий рус ҳарбий уст-бошларини топиб беришини айтиб мақтанар экан, “тижорат сири”ни рўкач қилиб, молларни қаердан ва қандай келтиришини очиқлашдан бош тортди.

Хаяо Сатога кўра, украин ёки россиялик аскарнинг бир комплект уст-боши, ҳарбий анжом ва қуроли 2000 долларга боради.

Японлар совет замонидаги ҳарбий дала тушлигини ҳам реконструкция қилишибди. Уларнинг меҳнатини ҳурмат қилган ҳолда, айтиш керакки, “Evian” минерал суви ҳамда постсовет мамлакатлардаги якка-ярим овлоқ жойлардан бошқа ерда учрамайдиган “казак арағи” муаллифларни фош қилиб қўйган.

Японлар рус ҳарбийлари билан бирга Россия “омончи”ларига ҳам бажонидил тақлид қилишади. Қолаверса, ўтган аср 90-йиллари “гопник”ларини ҳам маромига етказиб гавдалантиришади.

Украина жанубидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига кўп марталаб борган “Озодлик” украин хизматининг кўп йиллик фотографи Андрей Дубчак суратларни кўриб бундай муносабат билдирди: “Хотиржам алфозда аввал украин ҳарбийларининг, кейин эса уларнинг душманлари кийимларини киядиган одамларга қандай баҳо бериш мумкин?! Лекин, афсуски, воқелигимиз шундай, бундай фактлар оммага қизиқ-жозибали кўринади”.

XS
SM
MD
LG