Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2021, Тошкент вақти: 20:12

Навальнийнинг ўтмишдаги миллатчилик руҳидаги чиқишлари ўзига панд бермоқда


Алексей Навальний Москвада бўлиб ўтган "Рус марши" акциясида нутқ сўзлаяпти. 2011, 4 ноябрь

Россиялик сиёсатчи Алексей Навальний бутун дунёга таниқли мухолифатчига айланишга улгурди. Ўн йилдан бери президент Владимир Путин ва унинг атрофидаги мулозимларнинг порахўрлигини фош қилиб келаётган Навальнийнинг фаолияти Россия ва хорижда кенг қўллаб-қувватланмоқда, мамлакатда ҳукуматга қарши такрорий намойишларга сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, ўтмишдаги миллатчилик руҳидаги баёнотларидан воз кечишдан бош тортаётган Навальний танқидга ҳам учрамоқда.

23 февраль куни Аmnesty International ташкилоти 2000-йиллар ўрталарида қилган чиқишларидаги “нафрат риторикаси”ни деб Алексей Навальнийни “виждон тутқуни” деб топишга оид қарорини бекор қилди. Alнинг мазкур қарори Навальнийнинг 2000-йиллар ўрталарида қилган чиқишлари ҳамда рус миллатчилари билан алоқалари ўрганиб чиқилиб, уларда расизм ва нафрат риторикаси топилганидан кейин қабул қилинган.

Amnesty International ташкилоти Алексей Навальний январда қўлга олингани ортидан уни “виждон тутқуни” деб топганди. Шундан сўнг ташкилотга Навальнийнинг ўтмишдаги баёнотлари ҳамда рус миллатчилари билан алоқалари бўйича текшириш ўтказиш ҳақида ёппасига талаблар келиб тушган. Бу мухолифатчини обрўсизлантириш учун Кремль томонидан “мувофиқлаштирилган кампания”нинг бир қисми бўлиши ҳам мумкинлиги айтилмоқда.

Ташкилотнинг аноним ходими рус ОАВига билдиришича, ташкилотга келиб тушаётган талабларнинг барчасида Навальнийнинг баҳсли баёнотларининг рўйхати келтирилган. Бу рўйхатни АҚШда истиқомат қилаётган таржимон Катя Казбек илк бор ўз Twitter саҳифасида жамлаган эди. (Асл исми Екатерина Дубовицкая бўлмиш Казбек “Amnesty International ташкилотига алоқадор ҳеч ким билан била туриб алоқа қилмаганини” айтмоқда).

Amnesty “мутлақо сиёсий мотивлар” асосида таъқиб қилинаётган Навальнийни зудлик билан озод қилиш талаби ўз кучида қолишини урғулаган. Аммо қатъий критерияларга асосланган ҳолда Навальний “виждон тутқуни” мақомига ортиқ лойиқ эмаслигини билдирган ташкилот шу билан танқид остида қолиб кетди.

Ашаддий миллатчи?

Диққат марказига Навальний 2000-йилларнинг охирида рус миллатчиларини тўлиқ қўллаб-қувватлаши, ҳусусан ўта миллатчилар ҳар йил ўтказадиган “Рус юришлари”даги иштироки чиқди. Бу қарашлари деб “Яблоко” партияси уни ўз сафидан ҳайдаган эди. Бунга жавобан Навальний Youtube’да “Рус миллий озодлик ҳаракати” миллатчилар гуруҳининг баннерлари фонида ўзини “ашаддий миллатчи” деб атаб, деярли беркитилмаган ксенофобик ғояларни тарғиб қилган.

Кейинчалик у ўз лисонини озгина юмшатган бўлсада, қатъийроқ иммиграцион сиёсатни, Хусусан Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режимини ўрнатиш талабларини илғор суришда давом этган. Ҳаттоки, кечи билан 2015 йилларда ҳам у “исломистларга” қарши чиқишлар қилаётган эди.

Навальний журналистлар билан суҳбатларда ўтмишдаги баёнотлари ёки чиқишларидан воз кечмаслигини бир неча бор урғулаган. Унинг айтишича, ҳам либераллар, ҳам миллатчиларнинг тилини топа олиши сиёсатчи сифатида унинг жозибадорлигининг бир қисмидир.

Сўлга силжиш?

Сўнгги йилларда Навальнийнинг сиёсий фаоллиги сўлга силжигандек туюлмоқда. У янгича касаба уюшмалари зарурати ҳақида гапириб, реал даромади тушиб кетаётган ишчиларнинг маошини оширишда ёрдам беришни ваъда қилмоқда.

“Касаба уюшмаларини тарғиб этиш билан Марказий Осиёдан келаётган мигрантлар учун виза талабини жорий этиш ўртасида зиддиятни кўрмаяпман”, деган Навальний Der Spiegel билан ўтган йили Германияда даволанаётганида бўлиб ўтган суҳбатда.

Кремлпараст ОАВ анчадан бери уни ва иттифоқчиларини обрўсизлантириш мақсадида Навальнийнинг ўтмишдаги миллатчилигидан унумли фойдаланиб келмоқда.

Давлат телеканалларида у нео-нацист деб таърифланади ва Гитлерга ўхшатилади, бу лавҳалар университет талабаларига маърузалар вақтида ҳам қўйиб берилмоқда. Бундай иддаоларнинг аксариятида Навальнийнинг қарашлари ёки чиқишлари бузиб талқин қилинган бўлсада, улар учун қулай замин мавжуд. Навальнийнинг баҳсли видео ва баёнотларини, жумладан 2007 йилдаги видеоларини ҳамон интернетда бемалол топса бўлади.

Навальний бошчилик қилган Коррупцияга қарши кураш фондининг ходимлари ушбу мақола ёзилаётганда ҳамон изоҳ бермаган эди. Лекин, Навальний минтақавий штаблар тармоғининг раҳбари Леонид Волков аввалроқ The New Yorker журналига билдиришича, Навальний ҳали ҳам рус миллатчилари билан мулоқотни кенгайтириш тарафдоридир. Навальний мигрантларни депортация қилиш ҳақидаги 2007 йилдаги чиқишидан афсусда бўлса ҳам, “бу тарихий факт” бўлгани учун, у видеони Youtube платформасидан ўчирмаган.

Волковнинг айтишича, Навальнийнинг асосий мақсади Путинга қарши мухолифатни салмоқли кучга айлантиришдир. “Навальний “Рус юришлари”да қатнашадиган миллатчилар билан мулоқот қилинмаса, улар скинхедлар томон ўтиб кетишига ишонади. Лекин миллатчилар билан мулоқот қилинса, уларнинг асл душмани Путин эканлигига ишонтириш мумкин”, дейди Волков.

XS
SM
MD
LG