Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2021, Тошкент вақти: 12:47

Зеленский Путиннинг яқин дўстини жазолашга қарор қилди


Ўтган ойда Украина етакчиси Володимир Зеленский Кремлга яқин жисмоний ва юридик шахсларга, жумладан, уч телеканал ва президент Владимир Путин билан дўстона муносабатда бўлган нуфузли тадбиркорга қарши санкция жорий қилди.

Ислоҳот тарафдорларига кўра, бу каби мисли кўрилмаган чоралар Зеленский 2019 йилги президентлик сайлови кампанияси давомида ваъда қилганидек, ўзгаришларга жиддий хайрихоҳ эканидан далолат беради. Бошқа бир гуруҳ кузатувчиларнинг таъкидлашича, Зеленский санкциялар орқали қуйига шўнғиган рейтингини кўтариш ва АҚШнинг янги президенти маъмуриятига яхши кўриниш илинжини кўзлаётган бўлиши мумкин.

Жо Байден маъмурияти Украинани Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда кўмак ваъда қилиб келади. Аммо, айни чоқда, Вашингтон Киевдан суд тизимини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши курашни кучайтиришни талаб қилмоқда. Демак, бу жиҳатдан Киевга нисбатан ташқи босим кучайиши кутилмоқда.

Жорий йил 2 февраль куни Зеленский Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши томонидан “Ҳаёт учун платформа” мухолиф партияси депутати Тарас Козакка қарши таклиф қилинган ҳужжатни имзолади. Хусусан, Козакка қарши санкция жорий қилинди, унга тегишли “112”, “NewsOne” ва “ZIK” телеканаллари фаолияти тўхтатилди.

Европа билан интеграция тарафдорлари мазкур телеканалларни Украина ҳудудида Кремль ташвиқотини юритиш ва дезинформация тарқатишда айблайди.

Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим яриморолини ишғол қилди. Боз устига, мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачиларга ҳарбий, сиёсий ва молиявий ёрдам кўрсата бошлади.

Украина парламентидаги иккинчи йирик партия cаналган “Ҳаёт учун платформа”ни асосан мамлакат шарқи ва жанубида яшовчи русийзабонлар дастаклайди. Партия Москва билан яқин иқтисодий ва сиёсий алоқалар ўрнатиш тарафдоридир.

Зеленский Миллий хавфсизлик кенгаши маслаҳати билан Украинанинг энг бой ва қудратли шахсларидан бири, Путиннинг узоқ йиллик дўсти Виктор Медведчукка ҳамда унга алоқадор 19 та ширкат ва саккиз кишига қарши ҳам санкция жорий қилди.

Медведчук “Ҳаёт учун платформа” партиясининг энг юқори мартабали аъзоларидан биридир. Шунингдек, у фаолияти тўхтатилган телеканалларнинг ҳақиқий эгаси экани айтилади. Путин ва Медведчукни оилавий робиталар ҳам боғлайди. Путин Медведчукнинг қизига чўқинтирган ота саналади.

Санкцияларга биноан, Медведчук ва унинг рафиқаси Оксана Марченкога тегишли маблағлар уч йил муддатга музлатилади. Жуфтликнинг Украина ҳудудида бизнес юритиши ҳам тақиқланади.

АҚШнинг Киевдаги элчихонаси Украинанинг суверенитет ва ҳудудий яхлитликни санкциялар ёрдамида ҳимоя қилиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Медведчукка қарши чоралар эълон қилинар экан, Миллий хавфсизлик кенгаши уни терроризмни молиялаштиришда айблади. Корчалон Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводидан тушган даромаднинг бир қисмини Украина шарқидаги айирмачиларга юборгани иддао қилинмоқда. Медведчук бу тахлит айбловларни “сафсата” дея рад этган.

Т.Козак эса носоғлом тарғибот ва иқтисодий қинғирликда айбланмоқда. Миллий хавфсизлик кенгашига кўра, депутат айирмачилар назоратидаги ҳудудларда қазиб олинган кўмирни Россияга пуллаган ва тушган ноқонуний даромаддан ўз телеканалларини молиялаштирган.

XS
SM
MD
LG