Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:37

Қозоғистонда паспорти олиб қўйилган наманганлик эр-хотин юртига қайтолмаяпти(ВИДЕО)


Баҳромбек Саибоев ва унинг турмуш ўртоғи Туркистондан кетолмай қолди.
Баҳромбек Саибоев ва унинг турмуш ўртоғи Туркистондан кетолмай қолди.

Наманганлик Баҳромбек Саибоев ўтган йилнинг ноябридан буён Қозоғистонда бир иш берувчининг қўлидан бошқасига ўтказилмоқда. У 7 ойлик ҳомиласи бор хотинини паспортсиз уйига юбора олмаяпти.

Баҳромбек Саибоевнинг Озодликка айтишича, унинг ва хотинининг паспортлари иш берувчи томонидан олиб қўйилган.

36 яшар Баҳромбек Саибоев олдинги оиласига алимент тўлаши, ҳозирги оиласини эса боқиши керак. Наманганда иш тополмаган новвой Баҳромбек ўтган йилнинг ноябрида бир танишининг тавсияси билан Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида ўз касби бўйича иш топади.

Суҳбатдош қозоғистонлик бир тадбиркор аёл ўз одамлари ёрдамида уни турмуш ўртоғи билан бирга Черняевка постидан ўказиб қўйганини сўзлади:

- Туркистонлик у аёл “Иш бераман, йўлга кетадиган ҳаражатларингни келиб, узасан”, дегани учун ишониб Туркистонга келдик. Одамлари бор экан бизни чегарадан гаплашиб ўзлари олиб ўтишди, чунки Қозоғистонга Ўзбекистондан ўтишга ҳали йўл очилмаган. Ҳақиқатан, чегарадаги одамларга кўз олдимда пул берди. Бу аёл биз келган хонадон эгасидан 200 минг танга (салкам 500 АҚШ долл.) пул олиб, бизни шу ерга ташлаб кетди. Келганимизга 4 ойдан ошди, лекин ҳали ҳам паспортимизни олганимиз йўқ. Биз шу вақт орасида 845 доллар қарзимизни узиб қўйдик. “Паспортимизни олиб беринг десак”, эрта-индин деб алдаб юришибди".

Б.Саибоев: Беш ойдан бери қарзимизни тўлай олмаяпмиз!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:22 0:00

Наманганлик новвойнинг айтишича, унинг ҳозирги турмуш ўртоғи ҳомиладор, ҳомиласи 7 ойлик бўлди. Шифокорларга учраган муҳожир аёлнинг қорнидаги бола ривожланишида салбий ўзгаришлар топилган.

- Аёлим 7 ойлик ҳомиласи билан оғир ётибди. 12 март куни УЗИга тушиб келди. Болада озгина босим бор экан. Даволаниши учун қиммат дориларни ёзиб берди. Бола Ўзбекистонда даволаниши керак экан. Шунга консулликданми, бошқа жойданми ёрдам сўраб, Озодликка мурожаат қилдим.

Б.Саибоев декабрдан бери олиб борган ҳисоб дафтари.
Б.Саибоев декабрдан бери олиб борган ҳисоб дафтари.

Маълум бўлишича, Баҳромбек 2008 йилдан бери Қозоғистонда новвойлик қилиб келар экан. У доимо мамлакат миграция қонун-қоидаларига риоя қилиб келгани, ўз вақтида ҳужжатларини расмийлаштириб, тўловларни амалга ошириб келганини айтди.

Наманганлик муҳожир бундан бирмунча вақт олдин маҳаллий милиция ёки ҳуқуқ-тартибот идорасига мурожаат қилмоқчи бўлганида унга босим ва зўравонлик бўлганини эслади:

- Биз турган ҳудуд участкавойига мурожаат қиламиз деганимизда ва 24 феврал куни бу уйдан чиқиб, бирорта департаментгами, Ички ишлар ходимига йўлиқамиз деганимизда, бизни тазйиқлар билан қайтариб олиб келиб қўйишди. Бу уйни 6-та камераси бор. 6 ноябрдан бери биз шу ерда эканимизни ўша камералардан кўриш мумкин. Ҳозир чакка ўтаётган, совуқ хонада ётибмиз. Аёлим ҳозир бир дори олиб, ўраниб ётибди. Жиноятчимасмиз, Қозоғистонга келиб ишлаш жиноятмас. Биринчи марта шундай алданиб қолдик. Врачлар ўғил бола дейишди - шу болани Ўзбекистонда эсон-омон туғилишига ёрдам беришингизни сўрайман.

Баҳромбек Саибоев 1999 йилда отаси ичкилик орқасидан оёғини синдириб олгани ва уни даволатиш учун ҳовлини сотишга мажбур бўлганини гапириб берди. Шу пайтдан бошлаб у мактабни битирмасдан, муҳожирликда пул топишга ўтади.

Суҳбатдошнинг сўзларича, ижарада Тошкентда яшаб келган Баҳромбекнинг биринчи турмуш ўртоғи йўқчиликка бардош беролмасдан, икки қизини олиб, кетиб қолган.

Наманганлик муҳожир йигит ноиложликдан ёрдам сўрашга мажбур эканини билдирди.

Наманганлик муҳожир Туркистонда қул меҳнатига мажбурланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:11 0:00

Шоҳида исмли туркистонлик тадбиркор аёл Баҳромбек Саибоев ва унинг хотинига тегишли паспортлар нима учун қайтариб берилмаётгани масаласида бундай жавоб берди:

- Буларнинг паспорти Аян деган бир қозоқ йигитда, мендамас. Улар 845 доллар бермагунингча паспортларни бермайман, деяпти. Мен ҳужжатларини сўраб борганим учун уйимга одам жўнатиб, мени ҳам қўрқитишга киришди. У одам ўзи қамоқда ўтириб чиққан, маҳаллий авторитетлардан. Шунинг учун буларга қандай ёрдам беришни билмай қолдим, - дея ишонтиришга уринди Шоҳида.

Бироқ, Баҳромбек қарзини узиш учун барча тўловларни новвойхона эгаси бўлган бу аёлга бергани, аммо у вақтида Аянга етказмагани ҳам аниқланди.

Озодлик Баҳромбек Саибоев ва унинг рафиқаси билан боғлиқ вазият юзасидан Ўзбекистоннинг Олмаотадаги консуллиги билан боғланишга бир неча бор уринди. Бироқ қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев берган маълумотга кўра, пандемия бошланмасдан олдин Қозоғистонга 2,5 миллион Ўзбекистон граждани кириб келган. Вазир ўзбекистонликларнинг 1 миллион нафари меҳнат муҳожири сифатида қайдга тургани, яна 500 минги - вақтинча ишлашга келгани, қолганлари турли бошқа юмушлар билан келганини билдирган эди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари ўртасидаги қатновларнинг барча турлари 2020 йилнинг 16 мартидан тўхтатилган.

XS
SM
MD
LG