Линклар

Шошилинч хабар
09 май 2021, Тошкент вақти: 10:49

Навальнийнинг суриштирув-фильмига мукофот берилиши кино оламида жанжалга сабаб бўлди


Кинорежиссёр Никита Михалков (суратда) Алексей Навальнийга мукофот берилганидан кескин норози бўлди.

Россиянинг кинотанқидчилар гильдияси раҳбарияти ҳамда “Белий слон” мукофотининг Экспертлар кенгаши ўртасида ихтилоф вужудга келди. Ихтилофга Экспертлар кенгашининг мухолифатчи Алексей Навальний гуруҳи суратга олган ҳужжатли фильм-суриштирувлар туркумини махсус мукофот билан тақдирлаш ҳақидаги қарори сабаб бўлди.

Ўтган йил мобайнида Россия раҳбариятининг коррупцияга ботганини фош этган видеоларни миллионлаб киши YouTube платформасида томоша қилди. Бу видеолар Қора денгиз соҳилида президент Владимир Путин учун қурилган сарой, Навальнийни Сибирда ФХХ (ФСБ) заҳарлагани тўғрисидаги суриштирув фильмларидир.

Тезда одамлар орасида тарқалиб кетган бу видеолар Россия мутасаддиларни ғазаблантирган, улар бу видеоларни АҚШда жойлашган Youtube платформасидан олиб ташлаш талаби билан мурожаат қилган. Расмийлар, шунингдек, фильмда янграган айбловларга муносабат билдиришга мажбур бўлган.

Бир қатор категорияларда бериладиган “Белий слон” киномукофотининг совриндорлари 14 март куни эълон қилинди. Навальний ва унинг ижодий жамоаси, жумладан Москвадаги Коррупцияга қарши фонд (ФБК) ходимлари “Йил ҳодисаси” категориясида ғолиб деб топилган ва бу расман кейинги ой бўлиб ўтадиган тадбир давомида эълон қилиниши режалаштирилган эди.

Лекин Путиннинг энг ашаддий танқидчиси бўлмиш Навальнийни тақдирлаш қарори, Экспертлар кенгашининг баёнотида айтилишича, “мукофотнинг 22 йиллик тарихида илк бор” жиддий ихтилофга олиб келди. Бу келишмовчилик “тазйиқ ва кенгаш фаолиятини цензуралашга ҳаракатлар” шароитида рўй берди, дейилади баёнотда.

Натижада Россия Киночилар уюшмасининг бир қисми бўлмиш Россия кинотанқидчилар гильдияси 1998 йилдан бери тақдим этиб келаётган мукофотига бошқа ҳомийлик қилмаслигини эълон қилди.

Киночилар уюшмасига раҳбарлик қилиб келаётган таниқли режиссёр ва Путиннинг ашаддий мухлиси Никита Михалковнинг айтишича, Навальний танлов шартларига зид равишда мукофотга лойиқ деб топилган. “Агарда Навальний режиссёр бўлса, унда мен ўзимни режиссёр дея олмайман. Навальнийнинг кино оламига ҳеч қандай даҳли йўқ. Агарда сиёсат учун мукофот бермоқчи бўлсангиз, шуни аниқ-тиниқ қилиб айтинг-да”, деган Михалков “Собеседник” газетасининг мухбирига. Михалков Владимир Путиннинг 55 ёшига бағишлаб “55” номли фильм олган эди.

Навальнийинг ўзига хос услубда ишланган видео-суриштирувлари Россияда жуда машҳур бўлиб кетган. Шулардан энг кўп кўрилгани Геленжик яқинидаги 1,36 миллиард доллар деб баҳоланган “Путин саройи” ҳақидаги суриштирув бўлди. Алексей Навальний бошчилик қиладиган Коррупцияга қарши кураш фонди бу видеони 19 январь куни, Навальний Германиядан қайтгач, ҳибcга олингандан 2 кун ўтиб эълон қилганди. Шундан бери бу суриштирув деярли 115 миллион маротаба кўрилган.

Гильдия ҳомийликдан воз кечган бўлса ҳам, Экспертлар кенгаши “Белий слон” мукофотини беришда давом этишини билдирган. Лекин ихтилоф “Россия киночилар уюшмасидаги турғунлик гаровига тушиб қолган гильдиянинг обрўсига путур етказади” деб огоҳлантирилган кенгашнинг баёнотида.

Экспертлар кенгашининг баёнотига 43 нафар таниқли режиссёр, журналист ва кинотанқидчи имзо чеккан. Шулар қаторида Навальнийни мукофотлаш тўғри қарор бўлганини ёқлаб чиққан таниқли кинотанқидчи Антон Долин ҳам бор.

“Агарда сюжет, муаллиф, мавзу, саспенс, салбий ва ижобий қаҳрамон, ҳазил ва ҳоказо элементлар мавжуд бўлса, демак бу аниқ фильмдир. Агарда бу фильм муайян қоидаларга мос тушмаса, демак қоидаларни ўзгартириш вақти келибди”, деб ёзди Долин New Times интернет-нашрида чоп этилган мақоласида.

XS
SM
MD
LG