Линклар

Шошилинч хабар
12 май 2021, Тошкент вақти: 16:19

Жиззахда Мирзиёевнинг эхтимолий ташрифи олдидан йўлларга асфальт босилмоқда


Жиззахда Мирзиёевнинг эхтимолий ташрифига йўллар асфальт қилинмоқда

Жиззахда президент Шавкат Мирзиёевнинг эхтимолий ташрифи олдидан йўллар асфальт қилинмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг Озодликка айтишича, деярли бутун вилоятдан техникалар, қурилиш ва йўл таъмирлашга алоқадор барча хизматлар ходимлари Жиззах шаҳри ва атроф туманлардаги "қолоқ маҳалла"ларга сафарбар этилган.

Сўнгги бир ой ичида Мирзиёев Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятларига сафари чоғида қолоқ маҳаллаларга кутилмаган ташрифлар қилиб, у ердаги йўллар аҳволини танқид қилган эди.

Танқидлар ортидан шаҳар сектор раҳбарлари ишдан олинганди.

Исми очиқланмаслигини сўраган жиззахлик такси ҳайдовчиси президент Шавкат Мирзиёев келишига йўлларга асфальт ётқизилиб, транспорт қатновлари тўхтатиб қўйилганини айтади.

"Президент келишига тайёрганлик бошланди, йўлларни ёпиб қўйишди. Намангандагидай бўлиб қолмаслиги учун қолоқ маҳаллаларда йўлларга асфальт ётқизиляпти", - дейди ҳайдовчи.

Жиззахда Мирзиёевнинг эхтимолий ташрифига йўллар асфальт қилинмоқда.
Жиззахда Мирзиёевнинг эхтимолий ташрифига йўллар асфальт қилинмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззахга ташрифи ҳақида расман эълон қилинмаган.

Жиззах вилояти ҳокимлиги расмийларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган Жиззах шаҳридаги маҳалла фаолларидан бири ҳокимликдан: "Президент истаган пайтда келиб қолиши мумкин, тайёр туринглар", - деган топшириқ бўлганини айтди.

Ўтган ой Ўзбекистон президенти Фарғона шаҳридаги Шодиёна маҳалласига кутилмаган ташриф уюштириб, у ердаги аҳволни танқид қилгани ортидан шаҳар ҳокими, прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва солиқ инспекцияси раҳбарлари ишдан бўшатилганди.

Президентнинг маҳаллаларга кутилмаган ташрифи унинг Наманган ва Тошкент вилоятларига сафари чоғида ҳам кузатилди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам "президентнинг эхтимолий ташрифи"га тараддуд кўрила бошлагани ҳақида хабарлар келмоқла.

Ҳашар кўринишида бўлаётган бу жараёнда тадбиркорлар ва идора-ташкилотлар ҳомийликка мажбурланмоқда.

Ўзбекистонда кўзбўямачилик қилиш марҳум президент Ислом Каримов даврида муҳим сиёсий тадбирларнинг бир қисмига айланган эди.

Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин ўзининг жойларга ташрифи олдидан вилоят, туман ва шаҳарлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан қилинаётган кўзбўямачиликларни бир неча марта қоралаган.

XS
SM
MD
LG