Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2021, Тошкент вақти: 18:38

Facebook Жапаровнинг COVID-19ни заҳарли илдиз билан даволаш ҳақидаги постини ўчирди


Қирғизистон президенти Садир Жапаров (чапдан иккинчи)

“Facebook” Қирғизистон президенти Садир Жапаров COVID-19 инфекциясини даволаш учун заҳарли илдиздан фойдаланишни тарғиб қилиб ёзган мунозарали постини “дезинформация” деб атаб, ўчириб ташлади.

15 апрель куни Жапаров “Facebook”да Қирғизистонда COVID-19 инфекциясини даволашнинг “самарали” усулини топганини эълон қилган эди.

Президент ўз постига ҳимоя воситаси тақмаган бир гуруҳ эркак жунғор айиқтовони илдизи экстрактини идишга солаётгани акс этган видеони илова қилди. Видеодаги шахслар эритмани совуқ ҳолатда ичиш ўлимга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Кейинчалик ушбу пост “Facebook”дан ўчириб ташланди.

19 апрель куни ширкат ходими Озодлик радиосига президент пости ўчириб ташланганини тасдиқлади.

“Биз ушбу хабарни ўчириб ташладик, чунки биз ҳеч ким, шу жумладан, сайланган мансабдор шахслар жисмоний зарар етишига олиб бориши мумкин бўлган нотўғри маълумот тарқатиши ёки COVID-19ни даволаш ёки олдини олиш тўғрисида ёлғон даъволарни тарқатишига йўл қўймаймиз”, дейилади “Facebook” баёнотида.

16 апрель куни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев матбуот анжумани ўтказиб, коронавирус билан касалланган 300 беморга айиқтовон илдизи эритмаси берилганини эълон қилди.

Шунингдек, у журналистлар олдида заҳарли илдиз экстракти солинган стакандан ҳўплаб, “бу эритма инсон саломатлиги учун хавфли эмас”, деди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Қирғизистондаги миссияси бу таклифни кескин танқид қилди ва айиқтовон илдизи бирор касаллик, шу жумладан, коронавирус инфекциясини даволаш учун хавфсиз восита эканини кўрсатувчи далил йўқлигини билдирди.

Озодлик билан суҳбатлашган бир неча шифокор айиқтовон илдизидан COVID-19 инфекциясини даволашда фойдаланиш Қирғизистоннинг жамоат хавфсизлиги тўғрисидаги қонунларига зид эканини айтди.

Жунғор айиқтовони илдизи Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Шинжонда, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида учрайди.

Баъзи одамлар заҳарли ўсимлик соғлиққа фойда эканига ишонади ва унинг илдиздан тайёрланган эритмалардан фойдаланади.

Аммо айиқтовон илдизи таркибида аконитин заҳарли моддаси бор. Айиқтовон илдизини истеъмол қилиш касалликка ёки ҳатто ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

Қирғизистон матбуотида айиқтовон илдизини истеъмол қилиб, шифохонага тушган ёки ўлган шахслар ҳақида хабарлар учраб туради.

XS
SM
MD
LG