Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:35

“Дард устига чипқон”. Ғазо шифохоналари уруш қурбонларини даволашга ожизлик қилмоқда


 Исроил Ғазони бомбардимон қила бошлаши ортидан вазият янада оғирлашди.
Исроил Ғазони бомбардимон қила бошлаши ортидан вазият янада оғирлашди.

Бир неча ҳафта олдин Ғазо секторининг заиф соғлиқни сақлаш тизими коронавирусга чалинганлар сони кўпая бошлагани сабаб мушкул аҳволга тушиб қолган эди. Маҳаллий расмийлар касалхоналарнинг операция бўлимларини коронавирус беморлари учун бўшатиб, шошилинч бўлмаган тиббий ёрдам кўрсатишни тўхтатиб қўйди.

“Дарс устига чипқон” деганларидек, Исроил Ғазони бомбардимон қила бошлаши ортидан вазият янада оғирлашди.

Жорий ҳафтада Исроил ва “Ҳамас” ўртасидаги зиддият туфайли 119 нафар фаластинлик, жумладан, 31 нафар бола ҳалок бўлди, 830 га яқин киши яраланди. Исроил ҳаводан хонадонлар, машина ва биноларга зарба берди.

Гавжум соҳил анклави бўйлаб жойлашган шифокорлар эндиликда реанимация бўлимлари фаолиятини қайта йўлга қўймоқда. Улар қўли қўлига тегмай яраланганларни даволаш ва ампутация қилиш билан машғул.

Жароҳат олганларнинг яқинлари тез ёрдам машиналарини кутмай, беморларни шахсий автоуловда ёки пиёда ҳудуддаги энг катта “Шифо” касалхонасига етказмоқда.

Жабалия шаҳридаги “Индонезия” шифохонаси яқинига бомба тушгач, мазкур клиника ҳам беморларга тўлди. “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги беморлар ҳатто шифохона йўлакларида ётганини хабар қилди.

Узоқ йиллик зиддиятлар туфайли 2 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Ғазо секторининг соғлиқни сақлаш тизими буткул издан чиққан. “Ҳамас” ва Ғарбий Соҳилда фаолият юритадиган Фаластин маъмурияти ўртасидаги ихтилоф ва 14 йилдан бери давом этаётган қамал туфайли минтақа инфратузилмаси аянчли аҳволга тушиб қолган. Шифохоналарда қон, жарроҳлик лампалари, анестезия воситалари ва антибиотиклар етишмайди. Шахсий ҳимоя воситалари, нафас олиш аппаратлари ва кислород идишлари эса янада тақчилдир.

Ўтган ойда Ғазода кундалик коронавирус юқтириш ҳолатлари ва ўлим сони рекорд даражага етди. Бунга вируснинг илк бор Британияда аниқланган штамми шиддат билан тарқалиши ҳамда аҳоли бепарволиги туртки бўлди.

Ишсизлик даражаси 50 фоизни ташкил этадиган Ғазода омон қолиш истаги олдида соғлиқни сақлаш мутахассислари тавсиялари муҳим аҳамият касб этмайди. Тест кўлами чекланган бўлса-да, соғлиқни сақлаш идоралари бугунга қадар 105 700 дан ортиқ одам вирус юқтиргани ва 976 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Ўтган йили расмийлар клиникаларни COVID-19 беморлари учун ҳозирлаган эди. Аммо шиддатли ҳаво ҳужумлари ортидан вазият ўзгарди.

Хон Юнус шаҳридаги “Европа” касалхонасида ҳамширалар ярадорларга ўрин топиш мақсадида ярим тунда ўнлаб вирус юқтирган беморларни бошқа бинога кўчиришга мажбур бўлган.

Шифохона раҳбари Юсуф ал-Аққод агар вазият янада кескинлашса, клиникада ковидга чалинган беморларни даволаб бўлмаслигини айтди.

Энг ёмони, сешанба куни Исроил ҳаво ҳужумларида Ғазо шаҳри шимолидаги иккита соғлиқни сақлаш клиникаси ҳам зиён кўрди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) кўра, ҳужумлар ортидан “Ҳала аш-Шава” шифо маскани вайрон бўлган, тиббий ходимлар эвакуация қилинган. “Индонезия” касалхонасига ҳам зарар етган.

2014 йилги уруш пайтида ҳарбий жиноятларга қўл ургани учун Халқаро жиноят суди томонидан тергов қилинаётган Исроил бу ҳафта нишонга олинган ҳудудлар аҳолиси аввалдан огоҳлантирилганини иддао қилди. Аммо ҳаво ҳужумларида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётгани, ҳудуд инфратузилмаси катта зарар кўраётгани рад этиб бўлмас ҳолатдир.

ЖССТнинг Ғазодаги ваколатхонаси раҳбари Саша Бутсманинг айтишича, зўравонлик туфайли коронавирус тестини ўтказадиган ўнлаб соғлиқни сақлаш марказлари ёпилган. Тўқнашув бошланишидан олдин кунига 3000 та тест олинаётган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 300 га тушиб қолган.

XS
SM
MD
LG