Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2021, Тошкент вақти: 21:56

Беларусь учоқни фавқулодда қўнишга мажбурлаб, ҳибсга олган журналист ким?


23 май куни Роман Протасевични ҳибсга олиш учун Беларусь расмийлари Ryanair самолётини фавқулодда қўнишга мажбур қилган.

Якшанба куни Беларусь расмийлари Ryanair самолётини фавқулодда қўнишга мажбур қилиб, унинг бортидаги йўловчилардан бири – журналист ва мухолифат фаоли Роман Протасевични ҳибсга олди. Бу ҳолатни Европа давлатлари кескин танқид қилмоқда.

Қуйида Reuters агентлиги 26 га тўлган Протасевич ҳақида тўплаган маълумотлар билан танишишингиз мумкин.

Протасевич ўтган йили Польшадан туриб бошқариладиган ва 1 миллиондан ортиқ обуначига эга Nexta Live Telegram каналининг муҳаррири бўлиб ишлаган. Беларуснинг авторитар президенти Александр Лукашенкони ошкора танқид қилиб келаётган канал 2020 йилда Лукашенкога қарши бўлиб ўтган улкан мухолифат намойишларини ёритиб боришда муҳим роль ўйнади.

Nexta Live, шунингдек, норозилик намойишларини уюштириш ва мувофиқлаштиришга ёрдам берди.

Роман Протасевичнинг 2020 йил ноябрида Беларусь расмийлари Польшага уни топшириш ҳақида сўров йўллаган пайт Настояшчее Время телеканалига берган интервьюси:

Беларусда 2020 йил августдан бери оммавий намойишлар ўтказилмоқда. Намойишчилар президент сайловининг расмий натижаларидан норози. Марказий сайлов комиссияси иддаосича, сайловда катта устунлик билан Лукашенко ғалаба қозонган.

Nexta Live каналида полиция намойишчиларга нисбатан кескин куч ишлатгани акс этган кадрларни ёйинлади. Беларусь ҳукумати хорижий оммавий ахборот воситаларини мамлакатга киритишга зўр бериб тўсқинлик қила бошлагани учун Nexta Live канали улашган кадрлар халқаро нашрлар томонидан кенг қўлланилди.

Ноябрь ойида Протасевич Twitterда Беларусь расмийлари тузган террорчилар рўйхати нусхасини эълон қилди. Рўйхатда унинг ҳам исми бор эди. Ҳужжатда у Nexta Live каналида ишлаган пайтида оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланаётгани эътироф этилди. Шунингдек, Протасевич ижтимоий тартибни бузишда ва ижтимоий нафратни қўзғатишда айбланди. Узоқ йилга қамалиши мумкин бўлган фаол бу айбловларни асоссиз сиёсий репрессия деб ҳисоблайди.

Беларуслик журналистларни қўллаб-қувватловчи Media Solidarity гуруҳи маълумотларига кўра, Протасевич ҳокимият тазйиқлари туфайли 2019 йилда Беларусдан Польшага қочиб кетган. Ота-онаси кузатув остига олингандан кейин, уларни ҳам Польшага олиб кетган. Кейинчалик у Литва пойтахти Вильнюсга кўчиб ўтган. Беларусь мухолифати етакчи Светлана Тихановская ҳам Вильнюсда фаолият юритиб келади.

Ҳозирда Протасевич 260 минг обуначига эга «Беларусь головного мозга» (Бош мия Беларуси) Telegram каналининг бош муҳарриридир.

Протасевич Грециядан Вильнюсга учиб кетаётган бўлган. Грецияга Тихановская ташрифини суратга олиш учун борган бўлган. Уйга қайтишидан олдин олган суратларини ижтимоий тармоқларда улашган.

Беларусь расмийлари қўнишга мажбурлаган Ryainair самолёти йўловчиларидан бири Литванинг Delfi ахборот агентлигига берган интервьюсида Протасевич учоғи Беларусга йўналтирилиши ортидан у бошини ушлаб, титрай бошлаганини сўзлаб берди.

Хабарларга кўра, хавфсизлик ходимларини уни олиб кетаётганида Протасевич:

«Мени бу ерда ўлим жазосига ҳукм қилишади», - деган.

XS
SM
MD
LG