Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 07:58

Андижондаги сайловолди тадбирида Грузия ислоҳоти ҳақидаги китоб “зарарли” деб айтилди


Asaxiy.uz асосчиси, ношир ва блогер Фируз Аллаев.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси¸ Тошкентдаги Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбарияти ва диний воизлардан иборат гуруҳ Андижон вилоятидаги қатор масжид ва зиёратгоҳларга ташриф буюриб, намозхонлар ва аҳоли вакиллари билан учрашди. Расман маърифий тарғибот тадбирлари деб аталган учрашувлар Ўзбекистондаги президент сайловлари арафасида ўтказилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати тарқатган хабарларда айтилишича, бу учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов йиғилганларни "дину диёнат, имон-эътиқод, сабру тоқат, шукроналик, олийжаноблик ва самимийлик каби фазилатларга даъват этган", шунингдек, "мусулмонларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган энг сўнгги янгиликлар билан хушнуд қилган".

Ҳайъат аъзоси бўлган бошқа бир марузачи¸Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази масъул ходими экани айтилган Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) Андижондаги кутубхона ходимлари билан учрашув пайтида таҳлилчи Лариса Буракованинг яқинда ўзбек тилига таржима қилинган “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” китобини “Ўзбекистонда рангли инқилоб қилишга ташвиқ” дея танқид қилди.

“Грузия ҳақидаги китоб ҳозир трендда. У китоб бизнинг миллатни ичида ҳўв океан орқасидаги одамларнинг пули билан баъзи ишларни қилишга тарғиб қиладиган китоб. Эҳтиëт бўлишимиз керак. Сороснинг пули билан Грузияда ундай қилдик¸ палончини сотдик¸ палончини сотмоқчимиз, деган китоб. Уни ўқиб чиқсангиз нима бўлади? Ҳа сотса бўлаверар экану. Келинглар, Ўзбекистонни сотиб юборамиз, деган фикрни шакллантиради", деб айтган ижтимоий тармоқларда зиддиятли чиқишлари билан танилган Ислом цивилизацияси маркази ходими.

Андижондаги тадбир
Андижондаги тадбир

Китобни ўзбекчага таржима қилдириб нашр қилган тадбиркор ва блогер Фируз Аллаевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Лариса Буракованинг китоби “Ўзбекистондаги ислоҳотларга уйғун руҳда ëзилган "керакли" китоб.

У Ислом цивилизацияси маркази ходими "бу китобни ўқимасдан¸ шунчаки Россия матбуотидаги чала-чулпа танқидларга асосланиб" хулоса чиқарганига ишонади.

Таниқли журналист Сардор Салимнинг Фейсбук саҳифасида ёзишича, бу китобнинг “сазойи қилиниши” сайловолди андишалари билан боғлиқ:

"Элита "рангли инқилоблардан" чўчияпти, асосий душман "интернет". Саакашвилининг муваффақиятли ислоҳотлари ҳақидаги Асахий таржима қилган "Грузия муваффақиятга қандай эришди?” китоби "классик рангли инқилобларнинг китоби" деб эълон қилинди, мусулмонлар учун хавфли экан бу китоб. Берилаётган муждани тўғри англаган бўлсам, элитамиз мусулмонлар билан ўзига хос "ижтимоий битим" тузмоқчи. Мусулмонларга статус-квони қабул қилиш, сиёсатга аралашмаслик, аралашса ҳам "тўғри" томонда бўлиш таклиф қилинмоқда”.

Ўзбекистондаги "ислоҳот" рассом Слава Охунов тасаввурида
Ўзбекистондаги "ислоҳот" рассом Слава Охунов тасаввурида

Ношир ва тадбиркор Фируз Аллаев “китобни ўқимай лаънатлаëтган “блогер” фикри "танқиддан тубанлиги"га диққат қаратди.

Ислом цивилизацияси марказининг Озодлик суҳбатлашган ходими эса, “Ўзбекистон билан қардошлик ва дипломатик ришталарга эга бўлган Грузия давлатидаги иқтисодий ислоҳотларнинг тарихий ўрни муҳимлигини урғулади. Марказ мулозимининг айтишича, ўриндошлик асосида ярим ставка ишлайдиган блогер Аброр Абдуазимовнинг Грузиядаги ислоҳотлар ëритилган китоб ҳақидаги гаплари Ислом цивилизацияси маркази нуқаи назарини ифодаламайди.

Лариса Буракова
Лариса Буракова

Лондонда иқтисод илмидан таҳсил олган¸ Россиядаги иқтисодий таҳлил интитути ходими Лариса Буракованинг “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” китоби 2011 йилда Россиядаги "Юнайтед Пресс" нашриëти томонидан нашр қилингани ортидан кенг китобхонлар оммаси орасида муваффақият қозонган эди.

“Бу китоб Ўзбекистон президенти¸ Бош вазир ва барча юқори бўғин мулозимлари столи утида туриши шарт бўлган китобдир”, деди Анқарада сиëсатшунослик бўйича илмий иш ëзаëтган Фирдавс Аннагелдиев:

“Нега Ўзбекистонда у ëки бу ислоҳотлар боши берк кўчага кириб қолади? Бу саволга жавобни Лариса Буракованинг “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” китобидан топиш мумкин. Дарҳақиқат, Грузияда ислоҳотлар самара берди. Буни Саакашивилига ўзини мухолиф санаганлар ҳам тан олади. Грузияда бир- бири билан боғлиқ 80га яқин реформалар амалга оширилди ва мамлакат совет қолипини тарк этиб, қайта форматланди¸ янги қиëфа касб этди. Агар Михаил Саакашивили ва Каха Бендукидзенинг кучли сиëсий аралашуви бўлмаганида, бу ислоҳотлар қоғозда қолиб кетарди. Муаммоларни ҳар ким ҳар-хил талқин қилади. Аммо ҳамма гап шу муаммо ечимида. Мамлакатни ўзгартира олишда. Шу маънода ўзбек ноширининг бу китобни ўзбек тилида чиқаргани давлат бошқаруви ходимлари ва умуман, давлатчилик билан қизиқадиганлар учун айни муддао бўлди”.

Грузиядаги ислоҳот меъморлари Михаил Саакашвили ва Каха Бендукидзе.
Грузиядаги ислоҳот меъморлари Михаил Саакашвили ва Каха Бендукидзе.

XS
SM
MD
LG