Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2021, Тошкент вақти: 13:01

Лукашенконинг яқинлари Ғарб санкцияларига йўлиқди


Александр Лукашенко ва бошқалар спорт мусобақаларини томоша қилмоқда. Минск, 2017.

Ғарб давлатлари бугунга қадар Беларуснинг авторитар президенти Александр Лукашенко ва унинг атрофидагиларга қарши уч туркум санкция жорий қилди. Лукашенко 2020 йилнинг августида бўлиб ўтган сайловда катта устунлик билан ғалаба қозонганини айтиб келади, аммо кўплаб беларусликлар фикрича, сайлов натижалари сохталаштирилган.

Мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ҳукумати, санкцияларга қарамай, сайлов ортидан бошланган норозилик намойишларини аёвсиз бостиришда, мухолифатни таъқиб қилишда давом этмоқда.

23 май куни Беларусь ҳукумати Афинадан Вильнюсга учиб кетаётган Ryanair учоғини Минскка мажбуран қўндириб, унинг икки йўловчиси — ўтган йилда тазйиқлар туфайли Беларусдан қочиб кетган блогер Роман Протасевич ҳамда унинг қиз ўртоғи, россиялик талаба София Сапегаларни ҳибсга олиши ортидан, Лукашенкога босимни ошириш чақириқлари кучайди.

21 июнь куни Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва Буюк Британия Лукашенкога қарши қўшимча санкцияларни эълон қилди. «[Лукашенко] тузуми инсон ҳуқуқлари, эркинликлар ва халқаро қонунчиликка ҳужум қилишда давом этаётганидан чуқур хавотирдамиз», дейилади тўрт давлат эълон қилган қўшма баёнотда.

«Биз Беларусь халқининг узоқ вақтдан бери бостириб келинаётган демократик интилишларини қўллаб-қувватлашга содиқмиз ва тузум халқаро мажбуриятларни ошкора менсимаётгани учун биргаликда унга босим ўтказишда давом этамиз», - дейилади баёнотда.

Санкциялар бир вақтда эълон қилинган бўлса-да, Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва Буюк Британия турли хил шахс ва ташкилотларни нишонга олди.

АҚШ Молия вазирлиги томонидан нишонга олинган ташкилотлар орасида асосий хавфсизлик хизмати ҳисобланувчи КГБ, Ички ишлар вазирлиги қўшинлари ҳамда Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бош бошқармаси (ГУБОПИК) бор. Ушбу идораларнинг барчаси намойишчилар ва мухолифат аъзоларига босим ўтказишда иштирок этиб келади.

Шунингдек, АҚШ Бош прокурор Андрей Швед ҳамда Ички ишлар вазирлиги қўшинларига раҳбарлик қилувчи вазир ўринбосари Николай Карпенковга қарши санкция жорий қилди. АҚШ Молия вазирлигига кўра, сургундаги мухолифат раҳбари Светлана Тихановскаяга «терроризм айблови ва экстрадиция талабларини» айнан Швед чиқарган.

21 июнь куни Люксембургда бўлиб ўтган йиғинда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Беларусь иқтисодиётининг асосий тармоқлари, жумладан, банк, нефть, тамаки ҳамда даромадли поташ саноатига қарши санкция қўллашга келишиб олдилар. Иттифоқ раҳбарлари ушбу «саноат санкцияларини» яқин кунларда тасдиқлаши кутилмоқда.

Вазирлар 78 киши ва саккиз ташкилотни санкциялар рўйхатига расман киритди. Уларга қарши виза тақиқлари ҳамда мулкни музлатиш каби чоралар қўлланилади. Бугунга қадар белоруслик 166 нафар шахс ва 15 та ташкилот Европа Иттифоқи санкцияларига йўлиқди.

Санкциялар рўйхатига киритилган 78 киши орасида мудофаа ва транспорт вазирликлари ходимлари бўлиб, уларинг етти нафари Ryaniar самолётининг мажбуран қўндирилишига алоқадор экани айтилмоқда.

Қолган 71 киши эса «Лукашенко тузумдан фойда кўргани ва уни қўллаб-қувватлагани» учун санкциялар рўйхатига киритилди. Улар орасида россиялик магнат Михаил Гуцериев, Лукашенконинг ўғли Дмитрий ва катта келини Лилия бор.

Қуйидаги Европа Иттифоқи қора рўйхатига киритилган олти шахс билан танишишингиз мумкин.

Михаил Гуцериев

Михаил Гуцериев (ўртада) Александр Лукашенко билан
Михаил Гуцериев (ўртада) Александр Лукашенко билан

Лукашенконинг эски таниши экани айтиладиган Гуцериев энергетика, поташ, меҳмонхона хизматлари ва бошқа соҳаларда йирик бизнес империясини яратган. Бу бизнесларнинг айримлари Беларусь ичида жойлашган ёки Беларусь билан тижорат қилади. Хабарларга кўра, унинг активлари қиймати камида 2 миллиард долларга тенг.

Гуцериев «Сафмар» рус конгломератига эга бўлиб, ушбу ширкат 2020 йилда бошида Беларусь Россия билан жанжаллашиб қолиши ортидан Беларусга нефть сотишда давом этган ягона ширкатдир. Ўшанда Лукашенко Россия билан «иттифоқ давлати» тузиш тўғрисида 1990 йилларда имзоланган келишув шартларни бажаришдан бош тортгани учун Москва ғазабига йўлиққан эди.

Гуцериев, шунингдек, Любань шаҳри яқинда калий-хлорид қазиб чиқариш ва қайта ишлаш заводини қураётган Slavkali ширкатига эгалик қилади. Қарийб 2 миллиард долларга баҳоланаётган ушбу лойиҳа Беларусдаги энг йирик сармоя лойиҳаси экани айтилмоқда. Лукашенко Любань шаҳри номини Гуцериевга ўзгартиришини айтган.

Гуцериевнинг Беларусдаги бошқа бизнес манфаатлари орасида ёқилғи қуйиш шохобчалари ва нефть омборлари, шунингдек, меҳмонхона, бизнес маркази ва Минскдаги аэропорт терминали ҳам бор.

Алексей Алексин

Алексин нефть ва энергетика, кўчмас мулк, тамаки, чакана савдо ва молия каби қатор соҳаларда фаолият юритувчи бизнесмен бўлиб, ҳам Александр Лукашенко, ҳам унинг ўғли Викторга яқин экани айтилади.

Алексиннинг ширкати шарқий Могилёв вилоятида жойлашган ва айримлар «президент қароргоҳи» деб аяйдиган мулкка эгалик қилади. У ерда Лукашенко тез-тез меҳмон бўлиб туриши айтилади.

Алексин, шунингдек, «Бремино-Орша» махсус иқтисодий зонани ривожлантириш учун тендерни қўлга киритган Bremino гуруҳи эгаларидан биридир. Хабарларга кўра, Bremino Group тендерни Виктор Лукашенко қўллови билан ютган.

Алексин ва унинг яқин қариндошлари Inter Tobacco ва Energo-Oil компанияларини назорат қилади. Икки ширкат президент фармонига биноан Беларусга тамаки маҳсулотларини олиб кириш бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга.

Беларусдаги мустақил оммавий ахборот воситалари ва Европа Иттифоқи Алексинни Беларусда ташкил этилган ва ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланадиган илк «ГардСервис» хусусий хавфсизлик компаниясига алоқадир эканига ишонади. Хабарларга кўра, бу ширкатнинг давлат хавфсизлик идоралари билан алоқаси бор.

Сергей Тетерин

Таҳлилчилар фикрича, Тетерин Лукашенконинг яқин доираси аъзосидир. У алкоголли ичимликлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва мебель соҳаларида бизнес юритади. Шунингдек, у Беларусь давлат телеканалларида реклама сотиш орқали даромад топадиган VIBEL компаниясига ҳам эгалик қилади.

2019 йилда Тетериннинг «БелГлобалСтарт» компанияси Минскдаги президент қароргоҳи яқинида бизнес марказини қуриш учун танлаб олинган.

Лукашенко сингари, Тетерин ўзини ўзини спорт ихлосманди ўлароқ кўрсатиб келади. У Беларусь теннис федерацияси раиси бўлиб, ўтмишда Лукашенконинг спорт масалалари бўйича ёрдамчиси ўлароқ ишлаган.

Тетерин демократия тарафдорларини дастаклаган ва тинч намойишчилар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши тазйиқларни қоралаган беларуслик спортчиларни кескин танқид қилди. Тетерин давлатга қарши чиқиш қилган спортчилардан ҳукумат уларга сарфлаган пулини қайтариб беришни талаб қилган.

Александр Зайцев

Зайцев Лукашенконинг тўнғич ўғли 45 ёшли Виктор Лукашенконинг собиқ ёрдамчиси ва миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчидир. Ҳозирги кунда унинг Sohra Group компанияси трактор ва юк машиналари каби давлат компаниялари маҳсулотларини Форс кўрфази ва Африка мамлакатларига экспорт қилиш бўйича эксклюзив лицензияга эга. Зайцев Алексин билан бир қаторда Bremino гуруҳига эгалик қилади.

Лилия Лукашенко

Виктор Лукашенконинг рафиқаси Лилия Лукашенко Dana Holdings / Dana Astra, «Белхудожпромыслы» концерни ва Eastleigh Trading Ltd. ширкатларига алоқадор эканига ишонилади.

Dana Astra пойтахтда 3,5 миллиард доллар қийматга эга Minsk World турар-жой ва савдо мажмуасини қурмоқда.

Дмитрий Лукашенко

Дмитрий Лукашенко (чапдан учинчи)
Дмитрий Лукашенко (чапдан учинчи)

Лукашенконинг уч ўғлининг иккинчиси – 41 ёшли Дмитрий бизнесмен бўлиб, 2005 йилдан бери Президент спорт клубининг раисидир.

XS
SM
MD
LG