Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:46

"Кўприк қуриб берса бўлмасмиди" - Шаҳрисабздаги "Ёшлар фестивали"га 1,5 млрд. сўм сарфлангани ўртага чиқди


Шаҳрисабзда 13-15 июнь кунлари ўтказилган ёшлар фестивали қатнашчилари.
Шаҳрисабзда 13-15 июнь кунлари ўтказилган ёшлар фестивали қатнашчилари.

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида 13-15 июнь кунлари ўтказилган "Ёшлар фестивали"га вилоят маҳаллий бюджетидан 1 ярим миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилгани маълум бўлди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг қарори нусхасида маҳаллий бюджетнинг 2021 йилги заҳира маблағлари ҳисобидан "Ёшлар фестивали"ни ўтказиш ишлари учун ҳокимликка 1 млрд 517 млн 800 минг сўм ажратиш сўралган.

Уч кунлик тадбирга бунақа катта пул сарфланиши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ғазабини келтирди. Баъзи блогерлар вилоят ҳокимини солиқ тўловчилар пулини кўкка совуришда айблаб чиқишди.

Шаҳрисабзда 13-15 июнь кунлари бўлиб ўтган "Ёшлар фестивали"да спорт мусобақалари, бадиий кўргазмалар ташкил этилди.

Тошкентдан келган эстрада юлдузларининг концерти ва дабдабали мушакбозлик ҳам ташкил этилди.

Қашқадарё вилояти Ёшлар агентлиги матбуот хизмати бошлиғи Акбарали Ҳудойбердиевнинг Озодликка айтишича, “Биз Aмир Темур авлодлари, унга издош бўламиз!” шиори остида ўтган ёшлар фестивалига 300 мингдан ортиқ одам йиғилган.

Аммо, Ҳудойбердиев фестивал учун маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳусусида изоҳ беролмаслигини айтди.

“Бюджетдан ажратилган пул ҳақида изоҳ беришга мени ваколатим йўқ. Бу кўпми, озми буни вилоят ҳокимлигидан сўрайсиз. Лекин, бунақа тадбирларни ўтказиш керак. Мақсад истеъдодларни аниқлаб, уларни рағбатлантириш. Ҳар бир тумандан ёшлар келиб, ўз билими, истеъдоди, маҳоратини кўрсатди. Чироқчидан гиламдўзлар, келди. Танлов ғолиблари, иқтидорли ёшлар, спортчилар, журналист ва блогерлар пул мукофотлари билан тақдирланди”, - дейди Ҳудойбердиев.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган қарори нусхасидан маълум бўлишича, Шаҳрисабздаги "Ёшлар фестивали"га вилоят маҳаллий бюджетидан 1 ярим миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг қарорида Ёшлар фестивали учун ҳокимликка 1 млрд 517 млн 800 минг сўм ажратиш сўралган.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг қарорида Ёшлар фестивали учун ҳокимликка 1 млрд 517 млн 800 минг сўм ажратиш сўралган.

Шаҳрисабзлик блогер Азиз Норовнинг Озодликка айтишича, "Ёшлар фестивали" учун ажратилган маблағлар фақат шу эмас.

"Уч кун давом этган тадбирга вилоят маҳаллий бюджетидан ажратилган маблағдан ташқари туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги, маданият, туризм ва спорт бошқармаси, Ёшлар Иттифоқи ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳам маблағ йўналтирган", -.дейди Норов.

Қашқадарёлик бошқа бир блогер Олим Тошев Озодлик билан суҳбатда Шаҳрисабздаги тадбирни “халқнинг пулини кўкка совуриш” деб атади.

“Қиммат мушакбозлик, Муниса Ризаева, Шоҳжаҳон Жўраев, Тоҳир Содиқовлар концерти. Ҳокимнинг мукофотлари. Ҳар бир журналист ва блогерга ана шу солиқ тўловчилар пулидан 5 миллион сўмдан берди. Бу ҳокимнинг ахборот воситалари оғзини бюджет ҳисобидан ўз фойдасига мойлаши эмасми. Қолаверса шунча пул сарфлаш иқтисодий қолоқ вилоят учун керакми? Бу катта пул аслида. Вилоят инфратузилмаси, мактаблари ҳароб аҳволда қолган бир пайтда халқ пулини, солиқ тўловчилар пулини бехудага кўкка совириш эмасми бу. Бу пулга қанча мактабни таъмир қилса бўларди. Шаҳрисабзнинг Ёнчи қишлоғи аҳолиси кўприк йўқлигидан йиллардан бери қийналади, кўприк қуриб берса бўлмайидими?”, - дейди блогер.

Озодлик Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Ёшлар ишлари, ижтимоий ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар бўйича муовини Рустам Йўлдошевдан изоҳ олмоқчи бўлди.

Ўзини Шоҳрух деб таништирган унинг ёрдамчиси "фестивал учун сарфланган ҳаражатлар тийинигача ҳисоб-китоб қилинган ҳисобот яқин фурсатда эълон қилинишини" айтди.

Сўнгги бир ой ичида Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари ва пойтахт Тошкент шаҳрида ҳам "Ёшлар фестивали" ўтказилди.

Бу тадбирларга маҳаллий бюджетлардан қанча пул сафрлангани ҳақида Озодлик маълумотга эга эмас.

Кимга тўй, кимга аза...

Шаҳрисабзда 300 мингдан ортиқ одамни тўплаган тадбир Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна кўпая бошлаган кезда ўтказилди.

Ўзбекистонда коронавируснинг “хитойча” ва “британча” штаммларидан ташқари COVID-19 нинг энг хавфли кўринишларидан бири бўлмиш “ҳиндча” штамми ҳам аниқлангани тўғрисида Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази директорининг ўринбосари Алишер Абдуллаев podrobno.uz нашрига маълум қилди.

Озодликка юборилган суратларда Шаҳрисабздаги фестивалга йиғилганлар орасида масофа йўқлиги ва кўпчилиги ниқобсиз экани кўринади.

Шаҳрисабзда 13-15 июнь кунлари ўтказилган ёшлар фестивали қатнашчилари.
Шаҳрисабзда 13-15 июнь кунлари ўтказилган ёшлар фестивали қатнашчилари.

Қашқадарё вилояти Ёшлар агентлиги матбуот хизмати бошлиғи Акбарали Ҳудойбердиевнинг Озодликка айтишича, тадбирда коронавирус тарқалиши олдини олиш бўйича барча қоидаларга амал қилинган.

"Видеоларда кўрган бўлсангиз, учта тез-ёрдам машинаси турди ўша ерда. Масофа сақланмади, деган нарса нотўғри. Ҳатто спорт мусобақа қатнашчилари ҳам мусобақадан ташқари пайтда маккада юрди", - дейди Акбарали Ҳудойбердиев.

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистонда 23 июнь куни яна 442 кишида коронавирус аниқлади ва инфекция қайд этилганлар сони 107708 нафарга етган.

XS
SM
MD
LG