Линклар

Шошилинч хабар
26 июл 2021, Тошкент вақти: 18:06

Путин «Спутник» вакцинаси билан эмланганини ошкор қилди


30 июнь куни ўтказилган анжуманда Путин мамлакат бўйлаб карантин чоралари киритилмаслигига умид қилаётганини айтди.

Россия президенти Владимир Путин аҳоли билан бу йилги мулоқотини россияликларни COVID-19га қарши вакцина олишга ундашдан бошлади.

Расман «Жонли линия» деб номланувчи анжуман Россияда коронавирусга чалинаётганлар ва вирус туфайли нобуд бўлаётганлар сони ошиб бораётган бир кезга тўғри келди.

30 июнь куни ўтказилган анжуманда Путин мамлакат бўйлаб карантин чоралари киритилмаслигига умид қилаётганини айтди.

Президент, шунингдек, аҳоли вакцина олишга мажбурланмаслигини қўшимча қилди. Россияликлар мамлакатда ишлаб чиқарилган вакцина ҳамда ҳукуматга ишончсизлик билан қараётгани учун Россия саноатлашган мамлакатлар орасида эмланганлар сони бўйича ортда бормоқда.

29 июнь куни соғлиқни сақлаш идоралари бир кун ичида қарийб 21 минг киши вирус юқтирганини ҳамда 652 ўлим қайд этилганини маълум қилди. Бу кўрсаткич Россия учун янги антирекорддир. Пандемия бошланганидан буён Россияда умумий ҳисобда 135 000 дан зиёд COVID-19 билан алоқадор ўлим қайд этилди.

Путин оддий россияликлар дардига қулоқ солишини кўз-кўз қилишга қаратилган шоу бошида Путин биринчи марта маҳаллий «Спутник V» вакцинаси билан эмланганини айтди. Ўтган йилнинг декабрида ёпиқ эшиклар ортида эмланган Путин қайси вакцинани олгани ҳақида турли хил фикрлар тарқалган эди.

Путин «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиққанлар рақибларидан ноҳақ ўзиб кетмаслиги учун бугунга қадар қайси вакцина билан эмланганини жамоатчиликка ошкор қилмаганини иддао қилди.

«Бу масалада чаласавод ва миш-миш тарқатадиган одамларга эмас, балки мутахассисларга қулоқ солиш керак», - деди президент. Россияликлар орасида ўтказилган сўровларнинг аксари улар коронавирусга қарши эмланишга ошиқмаётганини кўрсатди.

Ўтган йилларда Кремль бир неча соат давом этадиган тадбир давомида Путинни Россиянинг ўтмишдаги ва ҳозирги ютуқларини мақтайдиган, шунингдек, ахлатхоналардан тортиб, тўланмаган иш ҳақи каби маҳаллий муаммоларга эътибор қаратадиган хайрихоҳ раҳбар ўлароқ кўрсатиб келади.

Мулоқот давомида Путин гўё оддий руслар телефон орқали берган саволларга, шунингдек, СМС ёки ижтимоий тармоқлар орқали юборилган саволларга жавоб беради.

Ўтган йили Кремль бу тадбирни пандемия туфайли бекор қилган эди. Бу йилги тадбир эса Россияда миллий парламент сайловлари ўтказилишидан 11 ҳафта олдин уюштирилди.

Путин пандемия шароитида оммавий чекловлар тўғрисида қарор чиқаришни маҳаллий расмийлар зиммасига юклади.

Айрим эпидемиологлар эпидемия траекторияси Россияда август ойи охири ёки сентябрь ойи бошида кўрсаткичлар максимал даражага етишини кўрсатаётганини айтмоқда. Бу эса 19 сентябрь бошланадиган сайловларга жуда яқиндир.

Парламентнинг қуйи палатасида ўз ҳукмронлигини сақлаб қолишга умид қилаётган «Ягона Россия» партияси учун бу бошоғриқ бўлиши мумкин.

Кейинги йилларда «Ягона Россия» рейтинги тушиб кетди. Натижада Кремль ва Президент маъмурияти сиёсий партиялар ва альянслар билан ҳамкорлик қила бошлади. Шунингдек, партия таниқли шахслар ёки юқори лавозимли расмийлари ёрдамида ўз рейтингини кўтаришга урина бошлади.

Ҳукумат, шунингдек, мухолиф сиёсий ҳаракатларни, жумладан, суриштирувлари билан Путиннинг обрўсига салбий таъсир кўрсатган коррупцияга қарши курашчи Алексей Навальнийнинг фаолиятини кескин чеклади.

Жорий ойда «Ягона Россия» партиясининг қурултойида расмий равишда партияга аъзо бўлмаган Путин ҳукумат сайловларгача йўллар каби инфратузилма лойиҳаларига катта миқдорда маблағ сарфланишига ишора қилди.

Путиннинг рейтинги ҳали ҳам юқори, аммо сўнгги йилларда зиддиятли пенсия ислоҳотлари, ошмаётган маошлар, турмуш даражаси пасайиб бораётгани ва чуқур илдиз отган коррупция туфайли олдингидан пастлади.

XS
SM
MD
LG