Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2021, Тошкент вақти: 06:51

Коронавирус: Беморлар ўз ҳисобидан таътилга чиқариляпти, эмланмаганлар ишсиз қолиш хавфи остида


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 август кунги ҳукумат мажлисида коронавирусдан ҳимояланишнинг учта муҳим шартларидан бири вакцинация эканини айтганди.

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ кунлик рақамлар ортиб борар экан касалликка чалиниб, вақтинча меҳнатга қобилиятсиз аҳволда қолган беморларга берилиши керак бўлган нафақалар кечикаётгани, баъзи жойларда берилмаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Коронавирусга чалинган беморларнинг айримлари “ўз аризасига кўра” ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурлангани ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Баъзи корхоналарда эса коронавирусга қарши эмлашдан бош тортган ишчиларга ишдан ҳайдаш билан таҳдидлар бўлмоқда.

Хоразм вилояти “Ҳудудгаз” корхонасининг Озодлик суҳбатлашган ишчиси бу ҳақда Озодликка сўзлаб берди.

“Уч ой ичида бизда икки ҳамкасбимиз коронавирус бўлди. Ҳозир безсодержанияда ётишибди. Ойликсиз, пулсиз. Улардан ўз ихтиёри билан ойликсиз таътилга чиқиши ҳақида ариза ёздириб олинган. Агар ўз ихтиёри билан чиқса, ойлик ҳам берилмас экан, бюллетень пули ҳам. Бошлиқлар айтяпти, вакцина олинглар. Агар олмасанглар, мана шунақа ойликсиз, пулсиз қолиб кетасизлар, деяпти. Шунга ҳозир ҳамма Хитой вакцинаси бўладими, “Спутник” бўладими, олиб ётибди, ишсиз қолсак шу оладиганимиз 1 ярим миллион сўм ҳам бўлмайди”, - дейди ишчи.

Бундан олдин Ўзбекистондаги баъзи бошқа корхона ишчилари ҳам бу ҳақда Озодликка айтишган.

“Оғир шароитда ойликсиз таътилга чиқариш инсофданми?”

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Нефт газ қудуқларини синаш ташкилоти ишчиси касаликка чалиниши ортидан ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурлангани ҳақида Озодликка сўзлаб берганди.

"Ариза ёзишга мажбурлашяпти касаллик юқтирганларни. Без содержания олишга. Шундай оғир шароитда одамни хеч нарса тўламасдан таътилга чиқишга мажбурлаш инсофданми”, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган ишчи.

Ўзбекистон президенти ўтган йил март ойида қабул қилган "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган фармонида коронавирусга чалинган ёки чалинган деб гумон қилинаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши ҳақида айтилган.

Бундан ташқари, 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши керак.

Айни фармонда, шунингдек, ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши ҳам таъкидланган.

“Иш берувчи ўз ҳисобингдан таътилга чиқ, дея олмайди”

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги юристи Озодлик билан суҳбатда меҳнат ҳуқуқлари бузилиш холлари ҳақида фуқаролар вазирликнинг 1176 қисқа рақамли ҳамда 71 200 06 00 ишонч телефонларига мурожаат қилишлари мумкинлигини айтди.

“Коронавирус билан боғлиқ форс-мажор ҳолатлар бутун дунёда бўляпти. Ишчилар билан бир қаторда, бу иш берувчиларни ҳам мураккаб аҳволга тушириб қўйган.

Меҳнатга қобилиятсиз аҳволда қолган беморларга берилиши керак бўлган нафақалар нега кечикяпти ёки берилмаётгани ҳақидаги саволга келсак, бу Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасида. Улар ҳал қилади буни.

Коронавирусга чалинган беморларнинг ойликсиз таътилга чиқарилиши фақат уларнинг аризасига кўра бўлиши керак. Иш берувчи бунга мажбурлай олмайди, ўз ҳисобингдан таътилга чиқ дея олмайди. Агар мажбурлаш ҳолатлари бўлаётган бўлса, ишчилар бизга бу ҳақда ёзишлари мумкин, биз буни ўрганиб чиқамиз. Иш жойларида вакцинация бўйича.

Ҳозир жойларда эмлаш ишлари олиб бориляпти. Агар ходим эмланишдан бош тортса иш берувчи уни корхона ҳудудига киритмаслиги ҳам мумкин. Чунки битта одам вакцина олмаса ва касалликка чалинса, 10та одамга хавф солади.

Иш берувчи ўз корхонаси ва ишчилари хавфсизлигини ўйлаб қатъий талабларни қўйиши мумкин”, - дейди Вазирлик юристи.

Эмлашни рад этган ходимлар иш жойига қўйилмайди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 август кунги ҳукумат мажлисида коронавирусдан ҳимояланишнинг учта муҳим шартларидан бири вакцинация эканини айтганди.

“Шу боис эмлаш тадбирларини кенг жорий этиш мақсадида куни кеча махсус қонунни имзоладим. Ушбу қонун орқали иш берувчиларга соғлиғига кўра қарши кўрсатма бўлмаган, лекин профилактик эмлашни рад этган ходимларини иш жойига киритмаслик ҳуқуқи берилди”, - деганди Мирзиёев.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 10 мингга яқин бемор шифохонада, 3 минг нафари уй шароитида даволанаётган бўлса, 2,4 минг нафари оғир, 890 нафари ўта оғир аҳволда ётибди.

Касалликка чалиниб, вақтинча меҳнатга қобилиятсиз аҳволда қолган беморларга берилиши керак бўлган нафақалар кечикаётгани, баъзи жойларда умуман берилмаётгани ҳақидаги шикоятлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG