Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:56

Афғонистон: Мозори Шариф Толибон қўлига ўтди, маршал Дўстум "хавфсиз жойда"


Толибон 1996 йилда Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олгач "Дўстлик" кўприги номини "Ҳайратон" деб ўзгартирган. Кўприк Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрини Афғонистон жанубидаги Ҳайратон порт шаҳри билан боғлайди - Ҳайратон, 20 март, 2016
Толибон 1996 йилда Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олгач "Дўстлик" кўприги номини "Ҳайратон" деб ўзгартирган. Кўприк Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрини Афғонистон жанубидаги Ҳайратон порт шаҳри билан боғлайди - Ҳайратон, 20 март, 2016
  • Шанба куни Афғонистоннинг тўртинчи йирик шаҳри ва Ўзбекистон билан қўшни вилоят маркази - Мозори Шариф толиблар назоратига ўтди.
  • Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеода Термиздаги Ҳайратон кўприги устидаги машиналар карвонини кўриш мумкин. Улар афғон ҳукумат кучлари ва ўзбек маршал Дўстумга тегишли экани айтилади.
  • Балх вилоятининг собиқ ҳокими Ато Муҳаммад Нур Твиттер саҳифасида ўзи ва маршал Дўстум "хавфсиз жойда" эканини ёзди.
  • Ўзбекистон томони чегарадаги сўнги вазият бўйича баёнот берганича йўқ. Толибон шимолда ҳужумларни авж олдирган ўтган ой бошида ўзбек расмийлари чегарадан ўтган афғон ҳарбийларининг бир неча гуруҳини ортга қайтарганини тасдиқлаган эди.
  • Август ойининг биринчи ва иккинчи ҳафталарида Ўзбекистон ҳарбийлари Россия ва Тожикистон ҳарбийлари билан аввалига ўзбек-афғон, кейин эса тожик-афғон чегараларидаги ҳарбий машқларда қатнашган.
  • 14 август ҳолатига Афғонистондаги 34 вилоятнинг 20 тасини назорат қилаётган Толибон кучлари ҳозирда пойтахт Кобул сари илгарилаб бормоқда.

Айрим хабарларга кўра, Дўстум Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган ва президент Ашраф Ғани администрацияси мулозимлари ҳам Ўзбекистондан бошпана сўрамоқда. Аммо бу хабарларнинг ҳозирча расмий тасдиғи йўқ.

Маршал Абдулрашид Дўстум ўтган ҳафта Афғонистон шимолида Толибонга қарши ҳукумат кучларининг амалиётини мувофиқлаштиришга масъул этиб тайинланган эди.
Маршал Абдулрашид Дўстум ўтган ҳафта Афғонистон шимолида Толибонга қарши ҳукумат кучларининг амалиётини мувофиқлаштиришга масъул этиб тайинланган эди.

Балх вилоятининг собиқ ҳокими Ато Муҳаммад Нур ўзининг Твиттер саҳифасида Мозори Шарифнинг толибларга жангсиз таслим бўлганини тасдиқлади. Унинг ёзишича, шимолдаги кучларнинг қатъий қаршилигига қарамай, "бутун ҳукумат ва афғон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучларининг ҳарбий техникаси уюштирилган йирик ва қўрқоқларча фитна натижасида Толибонга топширилган".

"Улар маршал Дўстум ва мени қопқонга туширмоқчи бўлишди, аммо бунга муваффақ бўлганлари йўқ", деб ёзди Муҳаммад Ато Нур. Собиқ ҳоким ва Афғонистон тожиклари раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирда унинг ўзи, маршал Дўстум, Балх вилоят ҳокими ҳамда ва вилоят кенгаши аъзолари "хавфсиз жойда".

Мозори Шарифдаги манбалар толиблар шаҳарни узоқ вақт қамал қилиб тургани, аммо пировардида шаҳар жангсиз таслим бўлганини айтган. Рейтер агентлиги Балх вилоят кенгаши раиси Афзал Хадиднинг "Толибон Мозори Шариф устидан назорат ўрнатди", деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда. Маҳаллий мулозимнинг айтишича, ҳукумат аскарлари ҳарбий техникани ташлаб, Ўзбекистон чегараси томон йўл олган.

“Ассошиэйтед Пресс" агентлигига Балх вилоят кенгаши аъзоси Аббос Иброҳимзодага таяниб, хабар беришича, афғон миллий армияси Балх вилоят корпуси Толибонга таслим бўлиши ортидан ҳукумат томонида жанг қилаётган маҳаллий жангчилар ва бошқа гуруҳлар ҳам толибларга қаршилик кўрсатишни тўхтатган.

Маҳаллий депутатнинг сўзларига кўра, вилоят марказидаги барча ҳукумат иншоотлари, жумладан, вилоят ҳокимининг идораси ҳам ҳозирда толиблар қўлида.

Икки кун аввал Афғонистон президенти Ашраф Ғани Толибонга қарши кучларни сафарбар қилиш мақсадида Мозори Шарифга сафар қилган эди. Мозори Шариф Афғонистон шимолидаги толиблар қўлига ўтган энг сўнги йирик шаҳардир.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия ҳарбийларининг Афғонистон билан чегарадаги ҳарбий машқлари ниҳоясига етган.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия ҳарбийларининг Афғонистон билан чегарадаги ҳарбий машқлари ниҳоясига етган.

АҚШ қўшинлари Афғонистондаги охирги қўшинини олиб чиқиб кетишига уч ҳафтадан камроқ вақт қоларкан, Толибон шимолий, ғарбий ва жанубий Афғонистоннинг катта қисмни эгаллаб олган. Айни пайтда толиблар мамлакат устидан мутлақ назорат ўрнатиши ёки Афғонистонда янги фуқаролар уруши бошланиб кетиши борасида хавотирлар кучаймоқда.

Афғон расмийлари ҳозирча Мозори Шарифнинг Толибон қўлига ўтганини расман тасдиқлаганлари йўқ. 14 август ҳолатига Толибон Афғонистондаги 34 вилоятнинг 20 тасини, мамлакатдаги 400 га яқин туманларнинг ярмидан кўпини назорат қилмоқда.

250 мингдан кўпроқ афғонлар зўравонликлардан қочиб уйларини ташлаб чиққан.

Толиблар Кобул остонасида

Афғонистоннинг ғарби, жануби ҳамда шимолий минтақаларнинг аксариятини қўлга киритган Толибон ҳозирда пойтахт Кобул томон шиддат билан илгариламоқда.

Шанба куни “Толибон” Кобулдан 70 километр масофада жойлашган Логар вилояти маъмурий маркази — Пули Аламни ҳам эгаллади.

Ҳаракат аъзолари ижтимоий тармоқларда ҳужумлар чоғида ўлжа олинган ҳарбий техникалар акс этган видеоларни тарқатмоқда. Афғон армиясининг кўплаб бўлинмалари “Толибон”га ҳеч бир қаршиликсиз таслим бўлаётгани тўғрисида маълумотлар бор.

Озодлик радиоси афғон хизмати хабарига кўра, 14 август куни АҚШ элчихонаси аксари ходимларининг эвакуация қилинишини таъминлаш учун америкалик ҳарбийларнинг биринчи гуруҳи Кобулга етиб келган.

Ўтган кунлар Норвегия, Дания ва Испания Кобулдаги ўз элчихоналарини ёпаётгани, Германия эс дипломат ходимлари сонини энг миқдоргача камайтириши маълум қилинди.

Аввалроқ CNN телеканали манбалари Америка элчихонасининг ҳозирча шаҳарда қолаётган ходимлари Кобул аэропортида ишлашга ўтказилишини маълум қилишган.

Толибон пойтахтга яқинлашаркан, Афғонистонни ташлаб чиқишга ошиқаётган минглаб одамлар Кобул аэропорти томон йўл олган.

Кобулдаги ягона паспорт идораси ташқарисида эса, мамлакатдан чиқиш учун ҳужжатларини расмийлаштирмоқчи бўлган афғонларнинг бир неча километрга чўзилган навбатлари юзага келган.

Президент Ғани Афғонистон халқига мурожаат қилди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 14 август куни мамлакат телевидениеси орқали чиқишида хавфсизликни кучайтришга бор имкониятни йўналтириши ва сўнгги 20 йилда эришилган натижа зое кетишига йўл қўймаслигини билдирди.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

"Ҳозир биз биз барча кучларни хавфсизликни оширишга қаратяпмиз. Қурбонлар, вайронагарчиликларга ва сўнгги 20 йил ичида эришилган натижалар зое кетишига йўл қўймаймиз”, - деди Ғани.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили Афғонистон аҳолисининг учдан бир қисми егулик олиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолганидан огоҳлантирди. Дастур вакили Томсон Фири шу кунда икки миллион нафар афғонистонлик бола ошиғич ёрдамга муҳтожлигини билдирди.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, Афғонистонда жорий йил бошидан бери 390 мингга яқин одам уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган, бироқ вақтинча кўчган кишилар сони бундан анча кўп бўлиши мумкин.

13 август куни дунёдаги етакчи халқаро хайрия ташкилотларидан бири Афғонистондаги “жиддий гуманитар инқирозгатайёрланаётган”ини билдирди.

XS
SM
MD
LG