Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:33

Толибон Панжшир устидан ғалабани эълон қилди - қаршилик кучлари толиблар иддаосини рад этмоқда (ВИДЕО)


Миллий қаршилик жабҳаси аскарлари. Афғонистон, Панжшир - 30 август, 2021
Миллий қаршилик жабҳаси аскарлари. Афғонистон, Панжшир - 30 август, 2021

Толибон Панжшир дарасида қаршилик кучлари устидан ғалаба қозонганини эълон қилди. Толиблар иддаосича, улар минтақани тўлиқ назорат қилмоқда.

Панжшир Афғонистонда Толибон иқтидорга келганидан бери уларнинг қўли етмаган ягона ҳудуд эди.

Панжширдаги мухолифат толиблар уни узил-кесил мағлубиятга учратгани ҳақидаги иддаоларни рад этмоқда. Бироқ у ердан келаётган бирор маълумотни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконияти ҳозирча йўқ. Радикал исломий ҳаракат жангчилари телефон алоқаси, интернет ва электр симларини узиб қўйган.

Афғонистоннинг катта қисми уч ҳафта олдин толиблар қўлига ўтган эди. 15 августда улар мамлакат пойтахти Кобулни ишғол қилди. Бу ғарблик иттифоқчилар қўлловидаги ҳукуматнинг қулашига олиб келди.

Толиблар яқин кунларда янги ҳукумат тузилганини эълон қилиши кутилмоқда. Кобулдан шимоли-шарққа томон юз чақирим масофада жойлашган Панжшир водийсида оғир жанглар давом этмоқда эди. Исломий ҳаракат мухолифлари Панжширни макон тутган ҳолда Афғонистон Миллий қаршилик фронтига бирлашиб, Толибонни курашга чақирди.

Толибон вакили Забиҳулла Мужоҳид 6 сентябрь куни Панжшир айни пайтда тўлиқ янги ҳокимият назоратида эканини маълум қилди. “Ушбу ғалаба орқали мамлакатни уруш ботқоғидан суғуриб олишга муваффақ бўлдик”, деб урғулади Мужоҳид.

Бироқ қаршилик кучлари вакили Майсам Назарий унинг сўзларини инкор этди. Унинг Озод Европа/Озодлик радиосига билдиришича, Миллий фронт Панжширда ҳамон барча стратегик нуқталарни эгаллаб турибди ва курашни давом эттирмоқда. Ўхшаш мазмундаги хабарлар интернетда ҳам ёйинланган.

6 сентябрь куни Забиҳулла Мужоҳид матбуот анжумани бераётган пайтда Миллий қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъуд ўзининг ҳозирда хавфсиз жойда эканини “Twitter” орқали маълум қилди.

Қаршилик кучлари ҳануз минтақанинг Толибон жангчиларига таслим бўлгани ҳақидаги ҳар қандай иддаоларни рад этмоқда, қайд этади Би-би-си.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган айрим фотосуратларда Толибон жангчилари Панжшир вилояти губернаторининг Базаракдаги қароргоҳи рўпарасида тургани акс этган.

5 сентябрь куни қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъуд қуролли ҳаракатларни тўхтатиш мақсадида Панжшир масаласида музокаралар ўтказиш ташаббуси билан чиққан диний етакчиларнинг режасини қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Шу билан бирга, Масъуд Толибон раҳбариятини минтақадаги барча ҳарбий амалиётларни тугатишга чақирган. Толибон бунга расмий муносабат билдиргани йўқ.

Шунингдек, 5 сентябрь куни Миллий фронт вакили толиблар билан отишмаларда икки кўзга кўринган сафдошлари – генерал Абдулла Вудод Зара ҳамда матбуот котиби, журналист Фаҳим Даштий ҳалок бўлганини тасдиқлади.

"Панжшир аҳолиси қуролларини ташлаб, нормал ҳаётларига қайтишлари керак. Биз уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини олдик. Панжшир аҳолиси ҳам Афғонистон фуқаролари, шунинг учун уларнинг ҳаёти биз учун муҳим", - деб айтган якшанба куни толиблар сўзчиси Хитой Марказий телевидениесига берган интервюсида(CCТВ).

Толибон сўзчиси пойтахт Кобулдан 100 километр шимоли шарқдаги Панжшир вилоятида қақшатқич жанглар кечганини айтган.

Айни пайтда Забиҳулла Мужоҳид тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмагани ва тез орада ҳукумат эълон қилинишини билдирган.

5 сентябрь куни Афғонистон Миллий қаршилик жабҳаси раҳбари Аҳмад Маъсуд Facebook даги саҳифасида Толибон ҳаракатининг зиддиятни бартараф қилиш учун музокараларни бошлаш таклифини олқишлаб чиққан эди.

Маъсуд 6 сентябрь куни Твиттерда ўзининг хавфсиз жойда экани ҳақида ёзди.

Фуқаролар уруши хавотирлари

Айни пайтда АҚШ Қуролли кучларининг Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли Афғонистонда фуқаролар урушини келтириб чиқарувчи шарт-шароит юзага келиши "эҳтимоли жуда катта”, деб ҳисоблайди.

Генерал АҚШнинг “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Афғонистонда террорчи гуруҳлар яна пайдо бўлиши хавфи ҳақида огоҳлантирди.

АҚШнинг энг муҳим ҳарбий раҳбарларидан бири бўлмиш Милли ҳамон ўз ҳукуматини шакллантира олмаган толиблар бутун ҳокимиятни ўз қўлида жамлашига ва самарали бошқарув ўрнатишига шубҳа билдирди. Унинг фикрича, бу фуқаролар урушига олиб бориши ва, ўз навбатида, “ал‑Қоида”нинг тикланишига ёки “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти бош кўтаришига замин яратиши мумкин.

Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли. Вашингтон, 1 сентябрь, 2021
Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли. Вашингтон, 1 сентябрь, 2021

Генерал Марк Милли Афғонистонда терроризм ўзини тиклаб олиши учун бир йилдан уч йилгача вақт керак бўлиши мумкинлигини айтди, дея хабар қилмоқда “Америка овози”.

Афғонистонда толиблар ҳокимияти 2001 йил охирида АҚШ қуролли кучларининг ушбу мамлакатга бостириб кириши ортидан қулаган эди. Президент Жорж Буш маъмурияти терроризмга қарши уруш эълон қилиб, Афғонистонга ўн минглаб аскар жўнатган.

Бу 2001 йил 11 сентябрь куни АҚШга қарши уюштирилган йирик террорчилик ҳужумларига Вашингтоннинг жавоби бўлган эди.

XS
SM
MD
LG