Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2021, Тошкент вақти: 00:50

Европа суди ҳуқуқбон Валентина Чупикнинг Россиядан Ўзбекистонга депортация қилинишини тақиқлади


“Тонг жаҳони” нотижорат ташкилоти раҳбари Валентина Чупик.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) мигрантларга кўмаклашувчи “Тонг жаҳони” нотижорат ташкилоти раҳбари Валентина Чупикнинг Россиядан Ўзбекистонга депортация қилинишини камида 17 октябрга қадар тақиқлади. Суд қарорини “Фейсбук”даги саҳифасида адвокат Дарья Тренина эълон қилган.

Европа суди Чупикка нисбатан 39-қоидани татбиқ этган. Мазкур қоида давлатни инсон ҳаёти ва соғлиғига жиддий ва тузатиб бўлмас зарар етказилишига олиб келиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни амалга оширишдан қайтаради.

Аввалроқ “Настояшчее время” телеканали Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Шереметьево аэропортига боришганини хабар қилган эди. Чупикнинг ёрдамчиси Александр Кимга кўра, улар ҳуқуқбонни, гўё исталган давлатига чиқиб кетиш имконини берувчи паспорт тайёрлаб бериш учун суратга туширишган. Аммо Чупик бу сурат унинг депортация ҳужжатлари учун олинганини тахмин қилмоқда.

Чупик етти кундан бери аэропортда сақланмоқда. Ҳуқуқбоннинг қочқинлик гувоҳномаси олиб қўйилиб, Россияга кириши 2051 йилгача тақиқланган. Унинг ўзи Тошкентга депортация қилиниши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Чупикнинг айтишича, Ўзбекистонга жўнатилгани тақдирда у “ДХХ ертўласи”га тушади.

Аввалроқ БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Чупикка нисбатан инсоннинг унга қийноқлар таҳдид солаётган мамлакатга бериб юборилишини тақиқловчи 39-қоидани қўллаш масаласида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилган эди.

Аммо Россия ҳуқуқ идоралари Европа суди қарорларига ҳар доим ҳам бўйсунавермайди. Яқинда Россия ИҲЕС ман этганига қарамай, тай бокси бўйича жаҳон чемпиони Алексей Кудинни Беларусга экстрадиция қилган эди. Ватанида Кудин 2.5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG