Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2021, Тошкент вақти: 15:08

“Россия сегодня” агентлигида Толибонни тақиқланган ташкилот деб аташ ман қилинди


«Россия сегодня» информацион агентлиги бош директори Дмитрий Киселёв.

“Россия сегодня” давлатга қарашли медиахолдинги ходимларига Толибонни Россияда тақиқланган ташкилот деб аташ ман қилинди.

Бу ҳақда “Осторожно, новости” Telegram-канали медиахолдинг раҳбарияти хатига таянган ҳолда хабар қилди. РИА Новости ходими ҳам “Можем объяснить” каналига шу мазмундаги хат олганини тасдиқлаган.

“Ҳамкасблар, бугундан бошлаб “Толибон”ни Россияда тақиқланган ташкилот деб беришни тўхтатамиз. Уни юлдузча билан “Ташкилот террор фаолияти учун БМТ санкциялари остида” деб ёзамиз”, дейилган ёйинланмиш хат скриншотида.

Хабарларга кўра, РИА Новости ва RT янгича тақдим шаклидан фойдаланишни бошлаб юборган.

“Толибон” ҳаракати Россия Олий судининг 2003 йилдаги қарори билан террор ташкилот ўлароқ тан олинган ва унинг фаолияти Россия ҳудудида тақиқланган. Шу йил август ойи ўртасида толиблар шиддаткор ҳужум ортидан Афғонистоннинг қарийб бутун ҳудудини ўз назорати остига олишган, улар пойтахт Кобулни ҳам жангсиз эгаллаб олишган.

Ғарб мамлакатлари “Толибон” ҳаракатини Афғонистоннинг қонуний ҳукумати ўлароқ тан олмайди. Октябрь ойида “Валдай” клуби ялпи сессиясида президент Владимир Путин Россия “Толибон” ҳаракатини тақиқланган террор ташкилотлари рўйхатидан чиқаришга уринишини билдирган. Айни пайтда у бу ишни биринчи галда БМТ Хавфсизлик кенгаши амалга ошириши лозимлигини қўшимча қилган.

“Толибон”ни расман тан олмаган Россия расмийлари толиблар билан Москвада мунтазам равишда учрашувлар ўтказиб келишмоқда. 20 октябрь куни Россия пойтахтида “Толибон” ҳаракати вакиллари иштирокида Афғонистон бўйича Москва формати мажлиси ўтказилган.

Учрашувда Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров “Толибон” ҳаракатининг халқаро майдондаги мақоми қандай бўлишидан қатъи назар, “Афғонистоннинг янги ҳукумати” билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини қайд этган.

“Россия сегодня” медиахолдингига РИА Новости, “Прайм” нашри, “ИноСМИ” портали, RT телеканали киради, хорижда эса медиагуруҳни Sputnik агентлиги тамсил этади. Медиахолдингнинг асосий йўналиши Россияга оид хабарлар ҳамда бошқа давлатлар учун Россия кун тартибига оид масалаларни тарғиб қилиш бўлиб ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG