Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2021, Тошкент вақти: 11:55

АҚШ разведкаси: Россия Украинага қарши ҳарбий операция тайёрлаётган бўлиши мумкин


Украина чегарасида жамланган Россия ҳарбий техникаси

АҚШ разведка идоралари НАТО иттифоқчиларини Ғарб давлатларини Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Агрессия олдини олиш учун уларда жуда оз вақт борлиги ҳақида ёзди New York Times жума кунги сонида.

Газетанинг Жо Байден маъмуриятидаги манбаларига кўра, Кремл Россия-Украина чегараси яқинида тўпланган қўшинлардан фойдаланиш бўйича ҳали қарор қабул қилмаган, бироқ уларнинг сони ва таркиби Россия раҳбариятининг ниятларидан жиддий хавотир уйғотмоқда. Жума куни АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари генерал Марк Милли Украина Қуролли кучлари бош қўмондони генерал Валерий Залужний билан телефон орқали суҳбатлашди ва улар Россия армиясининг минтақадаги “ташвишли” фаолиятини муҳокама қилдилар.

Газетанинг ёзишича, Америка ва Британия разведка хизматлари Владимир Путин Украина ҳудудининг катта қисмини эгаллаб олиш ёки мамлакатни беқарорлаштириш ва ҳокимият тепасига россияпараст ҳукумат келишини таъминлаш мақсадида ҳарбий операция ўтказиш вариантини кўриб чиқаётганига тобора кўпроқ ишонч ҳосил қилмоқда.

Путин, уларнинг фикрича, Минск тинчлик музокаралари натижаларидан ғазабланган. New York Timesнинг ёзишича, Европанинг Россия табиий газига боғланиб қолгани Россиянинг Украинага қарши потенциал ҳарбий амалиётига жавобан кескин чоралар кўришдан тортинишларига умид уйғотиши мумкин.

Шу ўринда сиёсатчилар босимнинг энг самарали воситаси санкциялар бўлиб қолаётганини таъкидламоқда.

Ғарб манбаларига кўра, сўнгги пайтларда Воронеж вилоятининг Павловск шаҳри яқинида Россия армиясининг жанговар бўлинмалари ва ҳарбий техникаси, жумладан, танклар, гаубицалар ва “Искандер” ракеталари тўпланган.

XS
SM
MD
LG