Линклар

Шошилинч хабар
03 октябр 2022, Тошкент вақти: 11:08

Сокуров Путинга: "Руслар билан бир давлатда яшашни хоҳламайдиганларга рухсат берайлик"


Александр Сокуров

Россия президенти Владимир Путин ўтган пайшанба куни Инсон ҳуқуқлари кенгаши (Совет по правам человека - СПЧ) аъзолари билан онлайн учрашув чоғида Кенгаш аъзоси, кинорежиссёр Александр Сокуров бугунги кунда Россия олдида турган кўплаб муаммолар ҳақида сўзлаб, мамлакатни ўзгартириш кераклигини айтганида у билан тортишиб қолди.

“Ушбу мавзунинг жиддиятига мутлақо номуносиб тарзда жазава кўтаришди”, деди Александр Сокуров. Север.Реалии нашрига берган интервьюсида Сокуров унинг чиқиши Россия президенти “ғазабини уйғотган”идан таассуф билдирди.

“Мен дипломат ёки сиёсатчи эмасман, барча ньюансларни назардан қочирмаслик ва мамлакатим учун жуда муҳим масалаларда ўзимни назорат қилиш қўлимдан келмайди. Шу нарса асабийлик ва жаҳлга сабаб бўлди. Мен афсусдаман, бундай бўлмаслиги керак. Биз ҳамсуҳбатлармиз, Кенгаш эса фикр алмашиш учун тузилганки, баъзан бу фикрлар бир-бирига мутлақо терс бўлиши мумкин. Гапларимга қисман бўлса ҳам қулоқ тутишади, деб ўйлагандим, аммо маълум бўлдики, менинг чиқишим катта хато бўлган экан, энди мени СПЧ таркибидан чиқаришса, бу адолатли қарор бўлади. Президентнинг матбуот котиби реакциясига кўра, улар жуда ғазабда. Кенгашга дипломатларни, сиёсатчиларни, шунақа тартиб-таомилларга кўниккан одамларни олиш керак. Кенгашнинг барча аъзолари ўзларини бошқача тутишаётгани кўриниб турибди-ку. Мен нотўғри йўл тутдим, бундай қилиш ярамайди. Начора, бўлар иш бўлди”, деди Сокуров.

9 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Путин билан учрашувида Сокуров “руслар билан бир давлатда яшашни хоҳламайдиган барча”ни Россиядан “ажратиш”ни таклиф қилган эди. У қўшимча қилишича, Кавказ республикаларида русларни “борган сари ёмон кўриб қолишмоқда” ва улардан “айрилишни хоҳлашади”. “Келинг, биз билан битта давлатда яшашни истамайдиган барчани қўйиб юборайлик. Барча подшоҳларга, ўз ҳаёти билан яшашни хоҳловчи ҳаммага оқ йўл тилайлик”, деган эди Сокуров.

Путин ўз жавобида Сокуровнинг чиқишини манифест деб атади: “Бу чиқишингиз оддий чиқиш эмас, бу – манифест. Муаммолар ва фуқароларимизнинг муайян қисмидаги мавжуд қўрқувлар тўпламидир”. Президент Россия бўйича “икки мингта ҳудудий даъво мавжуд”лигини қўшимча қилди ва Сокуровга юзланаркан, “Россия ҳудудида Югославия такрорланишини хоҳлайсизми?” деб сўради.

Кейинроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Сокуровнинг чиқишини танқид қилиб, уни “нигилист” ва “сотқин башара” деб атади. Қодиров Чеченистон “ҳамиша Россия Федерациясининг ажралмас қисми бўлган, келажакда ҳам шундай бўлиб қолади”, деди ва “ваколатли идораларга” “нигилист Сокуровнинг сўзларида давлатга қарши ва экстремистик мазмун бор-йўқлигини аниқлаш”ни маслаҳат берди.

Чеченистон парламенти эса Тергов қўмитасига мурожаат қилиб, Сокуровнинг сўзларини текширишни талаб қилмоқчи. Чечен парламенти спикери Магомед Даудов Сокуровнинг нутқини “ксенофобияга тўла”, “иғвогарлик” ва “Россия халқлари, иттифоқчи давлатлар ҳамда дўст мамлакатлар учун ҳақорат” деб атади.

Шундан сўнг режиссёр жиноий таъқиб қилишларидан хавфсираётганини маълум қилди. “Ҳадигим бор, аммо президент бунга изн бермайди деб умид қиламан. Чунки Инсон ҳуқуқлари кенгаши турли-туман, жумладан сиёсий масалаларга оид фикрлар айтилиши учун ҳам тузилган”, деди Сокуров.

Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков Сокуровнинг ҳибс қилиниши хусусида “гап ҳам бўлиши мумкин эмас”лигини, Путин “у билан жуда яхши муносабатда” эканлигини айтди.

XS
SM
MD
LG