Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2022, Тошкент вақти: 03:52

Россия: 52 киши нобуд бўлган кўмир кони эгаси Михаил Федяев ҳибсга олинди


“Листвяжная” шахтаси. Россия, Кемерово область, Белов шаҳри.

“Листвяжная” шахтаси эгаси, “СДС” холдинги шерикларидан бири ва президенти Михаил Федяев 51 кишининг ўлимига сабаб бўлган портлаш бўйича сўроқ қилингандан сўнг ҳибс этилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси маълум қилди.

Федяев билан бирга яна уч киши – “СДС-Уголь” бош директори Геннадий Алексеев, ширкат техник директори Антон Якутов ҳамда “Листвяжная” бош инженери Анатолий Лобановлар ҳам қўлга олинган.

Улар хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларини бузиш (РФ ЖКнинг 217-моддаси 3-қисми) ва тижорат ташкилотида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда (201-модда 2-қисми) айбланмоқда. Тергов идораси уларни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисида судга илтимоснома киритиши айтилган.

25 ноябрь куни эрталаб “Листвяжная” шахтасида содир бўлган портлашда 51 киши – 46 шахтёр ва 5 қутқарувчи нобуд бўлди. Портлаш вақтида ер остида жами 285 киши бор эди.

Дастлабки тахминга кўра, шахтёрлар метан гази портлаши ва унинг оқибатларидан ҳалок бўлишган. Фалокат қурбонларининг қариндошлари сўнгги йилларда “Листвяжная” шахтасида ўнлаб қоидабузарликлар аниқланганини, аммо корхона раҳбарияти уларни бартараф этмай, кончиларни ҳаёт учун хатарли шароитда ишлашга мажбур қилганини таъкидлашмоқда.

Шахта ходимларидан икки нафари аввалроқ “Настояшчее время”га конда метан датчиклари кўрсаткичлари кўп йиллардан бери манипуляция қилиб келинаётганини айтишган. “Уларни олиб ташлашарди, вассалом. Ёки устига елимтасма ёпиштириб қўйишар, ё бўлмаса ичига сиқилган газ пуркашар ва датчик ҳеч нимани кўрсатмасди”, дейишганди телеканал суҳбатдошлари.

“СДС” холдинги президенти Михаил Федяев ва “СДС-Уголь” бош директори Геннадий Алексеев 2 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин иштирок этган йиғилишда “Листвяжная” шахтасида одамлар ўлгани учун жавобгарликни ўз зиммаларига олишга ҳозирликларини билдиришган.

Хусусан, Алексеевга кўра, “ташқи омиллар” шахтада барча ишлар “жуда яхши кетаётганини кўрсатган”. Федяев эса “хавфсизлик ва ҳимоя воситалари учун ҳеч қачон пулни аяшмаганини, доимо энг янги ва энг замонавий ускуналар харид қилинган”ини билдириб, ҳамма нарсани инсон омили “барбод қилган”ини айтган.

Миллионер Михаил Федяев “СДС-Уголь” ширкати акцияларининг 50 фоизига эгалик қилади. 2019 йилда Forbes унинг бойлигини 550 млн долларга баҳолаган эди. Портлаш юз берган шахта соҳиби бўлмиш “СДС-Уголь” Россиядаги энг йирик кўмир экспортчиларидан биридир.

“Медуза” нашри фожиа юз беришидан бирмунча олдинроқ “Листвяжная”да тоғ жинслари кўчиб тушиб, вентиляция тизимига зарар етказгани, шундан сўнг метан гази тўпланиши тезлашиб, кўп ўтмай хавфли даражадан бир неча баравар ошиб кетгани ҳақида ёзган эди. Шунга қарамай раҳбарият, кўмир қазиб олиш режаси бажарилмай қолишидан қўрқиб, шахтани ёпмаган.

Одинроқ суд шахта директори Сергей Махраковни икки ва ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган саноат хавфсизлиги талабларини бузишга доир иш бўйича қамоққа олган эди. Директор айбига иқрор бўлмаган.

У билан бирга шахта директорининг биринчи ўринбосари Андрей Молостов ва участка бошлиғи Сергей Герасимов, шунингдек техник хавфсизлик назорати учун масъул идора – “Ростехнадзор” ҳудудий шуъбасининг икки ходими ҳам ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG