Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2022, Тошкент вақти: 02:35

Лукашенконинг 6 мухолифи: узоқ йиллик қамоқ жазоси билан тақиқланган фаоллик


Илҳарь Лосик, Сярхей Тихановски, Микалай Статкевич, Уладзимир Тсханович, Артём Саков ва Дмитрий Папов

Қамоқ жазосига ҳукм қилинган 6 беларусликдан бири президентлик кампаниясига айланган видеоблогни юритган. Иккинчиси 11 йил олдин Беларус президентлиги учун Александр Лукашенкога рақиблик қилган ва сиёсий норозилик учун қамоқда ўтириб чиққан. Яна бири эса Беларусда катта аудиторияга эга бўлган Телеграм канални юритиб келган.

Беларус суди Лукашенконинг авторитар бошқарувига қарши чиқишлари билан мамлакатда анчагина машҳур бўлиб улгурган олти нафар беларуслик фаоллар, сиёсатчилар ва журналистлар устидан ҳукм чиқарди.

Уларни энди камида ўн йиллик қамоқ жазоси кутиб турибди. Жазоланганлар орасида Сярхей Тихановски (барча исмлар беларусча шаклда берилмоқда - таҳр.) энг узоқ муддатга 18 йилга ҳукм қилинган.

“Диктатор бутун омма олдида асосий рақибларидан қасос олди”, - деб изоҳ қолдирди Беларус мухолифатининг юзига айланган Светлана Тихановская Твиттердаги постида.

“У ёпиқ суд жараёнларида сиёсий маҳбусларни яширинча йўқ қилишда давом этишга уринмоқда. Аммо бутун дунё буни кўриб турибди. Биз тўхтамаймиз”, - дея сўзида давом этган Сярхей Тихановскининг рафиқаси.

2020 йилнинг май ойида қамоққа тушишидан олдин, Тихановски YouTubeда “Тhe Cоuntry For Lifе” номли видеосини эълон қилган эди. Унда беларусларнинг турғун, паст маошли, совет услубидаги бошқарувга асосланган иқтисодиётда яшаш учун курашаётганлиги ҳақида сўз юритилган. Мазкур видеоконтент юз минглаб маротаба кўрилган.

43 ёшли Тихановски президентликка даъвогарлик қилиб Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенкога қарши курашмоқчи бўлди.

Натижада оммавий тартибсизликларни қўзғатиш ва уюштиришда айбланиб ҳибсга олинган.

Вясна ҳуқуқ гуруҳи Ҳомел суди Тихановскига тайинлаган 18 йил қамоқ жазосини белгиланган максимал жазодан уч марта кўплигини таъкидлади.

Яна бир маҳкум 65 ёшли Микалай Статкевич 2020 йил 31 май куни Тихановская номзодлигига имзо тўплаш учун ўтказилган митингда иштирок этганида ҳибсга олинган ва рухсат этилмаган намойишда иштирок этганликда айбланган.

У 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2020 йил июн ойида полиция Озодлик радиосининг Беларус хизмати собиқ маслаҳатчиси 29 ёшли Илҳар Лосикнинг уйига бостириб кирди ва уни ҳибсга олди.

Дастлаб жамоат тартибини бузганликда айбланган Лосик кейинчалик жиддийроқ айблов ижтимоий норозиликни қўзғатишда айбланган. 2021 йил апрел ойида ҳибсда бўлганида у қўлини кесиб ўз жонига қасд қилишга уринган, тўрт кунлик очлик эълон қилган.

У 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ўшанда Лосикнинг рафиқаси Даря Лукашенкони қоралаб қуйидагича фикр билдирган.

“Қизиғи, сиз гўёки даҳшатли таҳдидларга қарши курашасиз аммо, бир оддий меҳрибон аёл , она билан учрашишга журъатингиз йўқ. Нималар қилганингизни билиб туриб қандай яшайсиз, болаларингизни, яқинларингизни қучоқлаганингизда булар ёдингиздан ўтадими?"

41 ёшли Уладзимир Тсханович ижтимоий тармоқларда таниқли яна бир фаол. У Тихановскининг тарафдори бўлган ва 2020 йил июн ойида оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ва ижтимоий норозиликларни қўзғатиш айблари билан қўлга олинган.

У 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Тихановскининг сиёсий кампанияси билан боғлиқ бўлган сиёсий фаоллар Артём Саков ва блогер Дмитрий Папов ҳам оммавий тартибсизликларни уюштириш учун айбланди ва уларнинг иккаласига ҳам 16 йиллик қамоқ жазоси белгиланди.

XS
SM
MD
LG