Линклар

Шошилинч хабар
03 октябр 2022, Тошкент вақти: 09:09

Косово расмийлари россиялик БМТ ходимини "номақбул шахс" деб эълон қилди


Косово Бош вазири Албин Курти

Қисман тан олинган Косово ҳукумати БМТ Муваққат маъмурияти миссиясининг россиялик ходимини “персона нон грата”, яъни "исталмаган шахс" деб эълон қилди.

Косово ташқи ишлар вазири Доника Гервала ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида хабар қилишича, бу қарор россияликнинг республика миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи “бузғунчилик фаолияти” туфайли Бош вазир Албин Курти таклифи билан қабул қилинди.

У Косово Россиянинг минтақадаги беқарорликни келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракатлари олдини олиш учун ўз иттифоқдошлари, жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этишини билдирди.

Россиянинг Сербиядаги элчихонаси Косово расмийларининг хатти-ҳаракатларини “провокация” деб атади. Россия ваколатхонаси баёнотида айтилишича, "Косово-Албаниянинг бу ножўя қилиғига қаттиқ ва аниқ танбеҳ берилади".

22-октябр куни қисман тан олинган Косово президенти Виос Усмоний республика миллий хавфсизлиги ва конституциявий тузумига путур етказгани айтилган ва “бузғунчи фаолияти” туфайли номақбул деб топилган икки нафар россиялик дипломатнинг мамлакатдан чиқариб юборилишини маълум қилган эди.

2008 йилда Косово ўз мустақиллигини эълон қилган. Уни жаҳон ҳамжамиятининг қарийб 60 фоизи тан олган. Сербиядан ташқари, Косово мустақиллигини Россия, Хитой ва қатор Европа Иттифоқи давлатлари тан олмай келади. Охирги ҳафталарда шимолий Косовонинг асосан Сербия ҳудудларида вазият кескинлашган: маҳаллий аҳоли вакиллари ва полиция махсус кучлари ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Россиянинг республика билан дипломатик алоқалари мавжуд эмас, лекин Приштина шаҳрида Россиянинг Сербиядаги элчихонаси идораси фаолият юритиб келади. Косово ҳукумати уни "Россия Федерациясининг Косоводаги алоқа идораси" деб атайди.

XS
SM
MD
LG