Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:37

Тоғ этагидаги кошона. Назарбоев оиласининг Олмаотадаги "махфий" саройлари


Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев оиласи аъзолари ҳамон мамлакатнинг энг бадавлат кишилари сирасига киради. Қозоғистоннинг ўзида ва хорижда уларнинг катта бизнеслари ва шоҳона мол-мулклари бор. Озодлик радиоси қозоқ хизмати Назарбоев оиласининг Олмаотадаги кўчмас мулкларини суриштириш асносида Бостандиқ туманида талай саройларни топди – улар Ал-Форобий шоҳкўчасидан юқорироқда, тоғ этагида жойлашган бўлиб, 135 гектар майдонни эгаллаган. Бу кошоналар Нурсултон Назарбоевнинг ўзига, уч қизига ва жиянига тегишли.

2001 йилда Қозоғистон ҳукумати Олмаота шаҳрида, тоғ этагида боғ барпо этишга қарор қилади. Хушманзара жой танланади: Алма-Арасан дарасига элтувчи йўлнинг ўнг тарафидан 61 гектар ер ажратилади. Янги боғ «XXI аср» деб номланиши керак эди.

Боғ бунёд этиш роса ўн йилга чўзилиб кетиб, ниҳоят, 2011 йилнинг ёзидагина у ишга туширилди ва ўшанда олмаоталиклар ва шаҳарга ташриф буюрган меҳмонлар ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган янги масканга янги ном қўйилди – Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Боғи. Боғ номидаги ҳар бир сўз бош ҳарфларда ёзилади.

Дарвоза олдида, ўнг томонда боққа номи берилган зотнинг ҳайкали қад ростлади. Ҳайкалнинг ўзини 2011 йилнинг ноябрида тантанали очишди, ўша йили декабрда эса Қозоғистон ҳукумати янги байрам – Биринчи президент кунини белгилади, бу байрам ўшандан бери ҳар йили 1 декабрда нишонланмоқда.

Шу тариқа, Нурсултон Назарбоев номидаги боғда унга атаб ҳайкал ўрнатдилар. Бироқ боғдан юқоридаги 135 гектар ер собиқ президент ва унинг яқинлари мулкига айланганини биров билиб, биров билмайди.

Боққа юқори тарафдан кирмоқчи бўлган олмаоталиклар баланд деворларни кўришгандир, ҳойнаҳой. Аммо у томонда дарвоза йўқ, боққа фақат олд ва ён томонлардан кирилади. Бунинг сабаби бор.

Ушбу ер участкаси ва унда қурилган кошоналарга доир маълумотлар муқаддам ҳеч қаерда эълон қилинмаган. Ҳолбуки мазкур ҳудуд боғ майдонидан икки баравар катта бўлиб, бир неча қисмга бўлинган.

Ҳамма яхши нарсалар – болаларга

Динара Кулибаева кўчмас мулки
Динара Кулибаева кўчмас мулки

Биринчи ер участкаси ва ундаги саройлар Нурсултон Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара Қулибаевага қарайди. 74 149 квадрат метр ёки қарийб 7,5 гектарли ушбу майдон «Жайлау» гольф-клуби ҳамда президент ишлари бошқармаси балансида турадиган «Оқжетпес» оромгоҳига чегарадош.

Ўзаро симметрик ҳолатда жойлашган икки уйнинг бири кичикроқ, иккинчиси йирикроқ. Ўртадаги уй эса (суратга қаранг) – энг каттаси бўлиб, қўшқават қилиб қурилган. Саройлар йўлак билан бир-бирига боғланган бўлиб, булар барчаси битта оиланинг мулки эканлиги бир қарашдаёқ сезилади. Google Earth тасвирлари билан солиштирилганда янги бинолар икки эски уй ўрнида қурилгани маълум бўлди. 2015 йилгача бу ерда сунъий кўл, ёзги чодир ва, хизматчилар учун кичикроқ уй пайдо бўлган.

Уй ва ер Динара Қулибаевага тегишли, ушбу манзилда эса унинг эри Тимур Қулибаев ҳам расмий рўйхатда туради. Объект манзили – Жайлау кичик тумани, 1-уй. Бир расмий ҳужжатда Тимур Қулибаев номи ушбу манзил билан бирга кўрсатилган. Бироқ «2Гис» ёки «Яндекс Карта» мобил иловалари манзилни кўрсатмайди.

Собиқ президентнинг қизи Динара Қулибаева ва куёви Тимур Қулибаев Қозоғистоннинг энг бадавлат кишилари тўртлигига киради. Forbes журнали маълумотига кўра, эр-хотиннинг жами мол-давлати (5,8 миллиард доллар) уларни мамлакатдаги энг бой оилага айлантирган.

Расмий манзили «Жайлау кичик тумани, 2-уй» бўлмиш 2,8 гектарли кейинги участка собиқ президентнинг кенжа қизи Алия Назарбоева ҳамда куёви Димаш Досановга тегишли. Афтидан, бу жой ҳали ўзлаштирилмаган. Илгари участкада қизил томли бир уй бўлган. Уни 2019 йилда бузиб ташлашган, лекин ўрнига ҳеч нима қурилганича йўқ.

Дариға Назарбоева кўчмас мулки
Дариға Назарбоева кўчмас мулки

Динара ва Алиянинг қўшниси Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға эканлигини англаш қийин эмас. Алиянинг участкаси теварагидаги тўрта участка айнан унга – Қозоғистон парламенти Мажилиси депутати Дариға Назарбоевага қарайди. Аниқроғи, тўрт участкадан учтаси унинг номига расмийлаштирилган. Яна қарийб 2,4 гектар ер DLS Group ширкатига тегишли. Бир неча йил олдин унинг ягона таъсисчиси Дариға Назарбоева эди. Бироқ ўша пайтлар директор бўлган Сергей Ричков ҳануз лавозимида қолаётганига қараганда ширкат таъсисчиси ўзгарганга ўхшамайди.

Аввалроқ Озодлик, Дариға Назарбоева ҳамда унинг муҳтамал эри Қайрат Шарипбоев «Қазмунайгаз»дан «Думан» меҳмонхонасини арзон баҳода сотиб олганига оид ҳужжатларда DLS Group номи ҳам қайд этилгани ҳақида хабар қилган эди.

Дастлабки учта ер участкасининг умумий майдони олти ярим гектарга яқин. Дариға номига расмийлаштирилган энг катта сарой (46 минг квадрат метр) 4,6 гектарлик участкада бунёд этилмоқда. Бу қурилиш 2018 йилда бошланган бўлиб, ҳозирда фақат пардоз ишлари қолган. Уй майдони қарийб 2350 квадрат метрга тенг.

Отанинг катта уйи

Харитада Алия, Динара ва Дариғанинг уйлари билан ёнма-ён яна бир катта участкани кўриш мумкин. Унинг майдони салкам 13 гектар, лекин кадастр ҳужжатларида фақат ярми қайд қилинган. Сабаби – участка Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевга тегишли. Уй атрофи қалин яшил девор билан ўралган. Участкада сунъий кўл ва теннис корти мавжуд.

Маълумотларга кўра, бу уйда илгари Қозоғистон Коммунистик партияси биринчи котиби Динмуҳаммад Кунаев ва унинг вориси Геннадий Колбин яшаганлар. Уй ҳукумат балансида бўлган, Нурсултон Назарбоев 1989 йилда Қозоғистон Коммунистик партиясининг биринчи котиби этиб тайинланганидан сўнг бу ерга кўчиб келган. Бир неча йилдан кейин эса уй сирли бир тарзда Назарбоев мулкига айланган.

Нурсултон Назарбоев саройи
Нурсултон Назарбоев саройи

Уйнинг жануб томонида, тоққа қараб кетган йўл бўйида яна бир улкан кошона қад ростлаган. Якка қаватли бу сарой ҳудуди жуда катта – салкам 2350 квадрат метр. Қиёслаш учун, бу ҳар бири 50 квадрат метрдан бўлган 47 та квартира майдонига тенг келади. Сарой қурилиши 2016 йил ёзда бошланиб, 2018 йилда якунланган. 8,5 гектарли майдон ва уй «Кўчмас мулкларни бошқариш дирекцияси» МЧШ балансида туради, дирекция муассиси – «Элбоши фонди», фонд ээса, ўз навбатида Нурсултон Назарбоевга тегишли. Дирекциянинг юридик манзили қуйидагича: Нур-Султон шаҳри, Кунаев кўчаси 12/1-уй. «Нур Отан» партияси бош офиси ҳам айни манзилда жойлашган.

Суратларда Назарбоевнинг саройи яқинда қурилгани сезилади. Унга туташ ҳудудда сунъий кўл яратилган. Кўл ёқасида чўпкори уйча ҳам бор. Участкада иккита вертолёт майдончаси мавжуд. Илгари битта эди. Саройлар сони ошгани сайин истиқомат қилувчилар ҳам кўпайиб, битта вертолёт майдончаси камлик қилиб қолганга ўхшайди.

“Алмали” корпорацияси ва унинг ортидагилар

Озодлик суриштируви 135 гектарнинг қолган қисми “Алмали” корпорациясига қарашли эканлигини кўрсатди. Ҳудуд бир неча участкага бўлинган, жами майдон қарийб 85 гектарни ташкил этади.

Алмали корпорацияси ери
Алмали корпорацияси ери

Корпорациянинг пайдо бўлиши тарихи давлат мулки ёппасига хусусийлаштирилган даврда бино бўлган бошқа ширкатлар тарихидан айтарли фарқ қилмайди. 1998 йилда президент ва ҳукуматнинг хўжалик ишлари бошқармаси «ХОЗУ» ёпиқ акциядорлик жамиятига айлантирилиб, кўплаб иншоотлар, ресторанлар, меҳмонхоналар ва болалар боғчалари, хусусан, Олмаотадаги машҳур “Алатау” совхози унинг балансига ўтказиб берилган. 100 фоиз давлат тасарруфидаги акциядорлик жамияти кейинчалик “Хозу” корпорацияси” номи билан масъулияти чекланган хусусий ширкатга айлантирилган. Шу тариқа ўнлаб гектар ер ва сон-саноқсиз кўчмас мулклар хусусийлаштирилган. Корпорацияга 1985 йилдан Назарбоевнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Владимир Ни раҳбар бўлган. 2010 йилда Ни вафот этганидан сўнг корпорация “Алмали” номини олган.

Тўлаган солиқларига қараганда, корпорациянинг йиллик даромади қарийб 16 миллиард тангани ташкил қилади. «Алмали» корпорациясини «Науриз» корпорацияси орқали бошқарувчи икки таъсисчидан бирининг номи Noord holland trading company B.V. бўлиб, у Нидерландияда рўйхатдан ўтган офшор ширкатдир. Шу ўринда Назарбоевнинг «Маблағингизни чет элларда яширманг», деган сўзларини эсламасликнинг иложи йўқ.

“Омадни бегона ўлкалардан изламаслик керак, пулларни чет элларга яширишнинг кераги йўқ. Сармоянгизни шу ерда сақланг, чет элда сақлайдиганлар, қаранг – бугунги кунда барча офшорлар секин-аста очиляпти, ҳали ҳаммани шарманда қилишади, даҳшатга солишади. Шундай экан, топган пулингизни Қозоғистонга тикинг, асло қўрқманг”, деган эди собиқ президент 2013 йилдаги бир нутқида.

«Алмали» корпорациясининг иккинчи муассисиси Vertex Holding деб аталади. У «Қазақмис» директорлари кенгаши аъзоси, миллиардер Владимир Жуманбоевга тегишли. «Қазақмис» директорлари кенгашига то ўлимига қадар Владимир Ни раислик қилган. Бинобарин, занжирнинг учи барибир Назарбоевнинг теварагидаги одамларга олиб келади.

Владимир Ни
Владимир Ни

Ҳудуддаги яна бир участкани Дариға Назарбоеванинг эри деб тахмин қилинадиган Қайрат Шарипбоевнинг қизи 37 ёшли Корлан Шарипбоева сотиб олган. Қайрат Шарипбоев “ҚазТрансГаз” миллий ширкати бошқарви раиси эди, 2022 йил январь воқеаларидан сўнг лавозимдан бўшатилди.

Майдони уч гектарга тенг қўшни участкада қурилиш кетмоқда. Объект паспорти йўқ, маълум бўлишича, бу ерда навбатдаги қароргоҳ бунёд этилаётган экан. 2019 йилда мазкур участка, суд қарорига кўра Олмаота акими аппаратига берилганди, кейинроқ эса 2023 йил охиригача муддатга фойдаланиш учун Қозоғистон президенти ишлари бошқармасига топширилган.

Резиденция қурилаëтган майдон
Резиденция қурилаëтган майдон

Фойдаланиш ҳуқуқи президент ишлари бошқармасида бўлгани боис қурилиш буюртмачисини аниқлаш қийин кечмади. Аён бўлдики, объект пудратчиси Швейцариянинг B&A Contractors ширкати экан. У Қозоғистон муҳим давлат буюртмаларини бажарган, хусусан, Оқўрда, Парламент уйи, пойтахт аэропорти, опера ва балет театри ва бошқа қатор биноларни қурган Mabetex Group ширкатлар гуруҳи таркибига киради.

Қозоғистон президентининг ишлар бошқармаси Озодлик сўровига жавобан участкада «давлат эҳтиёжлари учун зарур лойиҳа амалга оширилаётганини» билдирди.

Нарироқда «Алмали» корпорациясига тегишли бошқа ерлар ҳам бор. Ундан 46 гектарга тенг зироат ерини мева-чева, ёнғоқ етиштириш билан шуғулланувчи Citic orchards ширкати ижарага олган. Унинг ортида – Сингапурда рўйхатдан ўтган CITIC AGRICULTURE ширкати ҳамда Қозоғистоннинг Agriland ширкати туради. Agriland’ни эса собиқ президентнинг куёви Тимур Қулибаевнинг уч нафар иш ҳамкори ҳамда унинг ўзига тегишли ширкат таъсис этган. Дарвоқе, ердан 43 гектари RBK банкда гаровга қўйилган.

Қайрат Сотиболдининг “хотини”га тегишли сарой

Назарбоев оиласи аъзоларининг ерлари ҳудуднинг юқори қисмида ҳам бор – улар биринчи президент номидагибоғдан икки чақирим тепада. Девор билан иҳоталанган ҳудудда 5 та катта коттеж, 1 та бир қаватли уй ва ҳашаматли иморат жойлашган. Яна 15 та ер участкаси қурилишга тайёрланган. Ҳар бир участка кадастр тизимида алоҳида қайд этилишига қарамай, бутун ҳудуднинг соҳиби бир киши эканлиги сезилиб туради.

Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдининг уйи хотинининг номида эканлиги тахмин қилинади
Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдининг уйи хотинининг номида эканлиги тахмин қилинади

Умумий майдон (125 698), жумладан девор теграсидаги 25 та ер участкасининг барчаси бирга 12,5 гектарни ташкил этади.

Марказдаги катта сарой бошқа иморатлардан яққол ажралиб туради. У баланд қурилган бўлиб, уч қисмдан иборат. Ўрта қисми икки қаватли. У умумий девор ичида алоҳида девор билан тўсилган. Озодлик махсус илова ёрдамида уйнинг бўйи 90, эни 20 метрлигини аниқлади. Биринчи қаватнинг ўзи қарийб икки минг квадрат метрни ташкил қилади. Иккинчи этаж билан бирга ҳисоблаганда – салкам 2500 квадрат метр. Бу ерга автомобиллар махсус ерости йўлидан кириши мумкин.

Сарой тевараги ободонлаштирилган. Ҳовлига қордек оппоқ ўтов тикилган. Болалар учун ўйин ва спорт майдончалари бор. Вертолёт майдончаси ҳам қурилган.

Саройдан ташқаридаги участкалар ўртасида девор ва тўсиқлар йўқ. Катта-кичик 5 коттеж ва битта яккақават уй ёғочдан қурилган. Бундан ташқари, бир нечта машинага мўлжалланган иккита катта гараж, хизматчилар уйи ва омборхонани эслатувчи чоғроқ иморатлар ҳам бор.

Ҳудуддаги бўш ётган 15 участкадан бирида қурилиш ишлари авжида. Пойдевор ташлаш учун ҳозирланган жойга қараганда бу янги уй ҳам кичкина бўлмайди.

12,5 гектарли бу ҳудудда илгари сут фермаси бўларди. Уни Олмаотанинг эски хариталаридан топиш мумкин. 2012 йилда ферма базаси бузилиб, сарой қурилиши бошланган. Атрофда яшовчи одамлар айтишича, бу ердаги уйларни «МХҚда ишлайдиган бир катта бойвачча» қурдиряпти.

Озодлик ер ва кўчмас мулкларнинг расмий эгаси Асел Бахтиярқизи эканлигини аниқлашга муваффақ бўлди. Айтишларича, бу аёл Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдининг «хотини», унинг уч фарзандининг онасидир. «МХҚда ишлайдиган катта бойвачча» Қайрат Сотиболди бўлса ажаб эмас, чунки Назарбоевнинг жияни ростдан ҳам тўққиз йилча МХҚда ишлаган.

Қайрат Сотиболди – Қозоғистоннинг энг бадавлат кишиларидан бири. 2018 йилда Forbes унинг бойлигини 163 миллион долларга баҳолаган эди.

Уч йил муқаддам у Kaspi.kz ширкатидаги улушини расман сотган эди. Бироқ Люксембург офшорида Сотиболди номига расмийлаштирилган Skyline Investment Company S.A. ширкатининг жами активлари 2018 йилда 266 миллион долларни ташкил этган. Шунингдек, аввалроқ Сотиболди мазкур ширкат орқали «Қазақтелеком» телекоммуникация ширкатида 24 фоизлик улуш сотиб олгани ҳам маълум.

Туман турғунларининг айтишича¸ бу ҳудудда Қозоғистон хавфсизлик хизматининг қандайдир крутой ходими саройлар қурмоқда
Туман турғунларининг айтишича¸ бу ҳудудда Қозоғистон хавфсизлик хизматининг қандайдир крутой ходими саройлар қурмоқда

Назарбоев оиласига тегишли бу саройлар, ҳашаматли уйлар ва коттежларнинг аксарияти Қозоғистон Давлат қўриқлаш хизмати томонидан муҳофаза қилинади. Бунинг сабаби шундаки, «Биринчи президент – элбоши тўғрисида»ги конституцион қонун Назарбоевни ҳамда унинг оила аъзоларини ҳимоя қилишни назарда тутади ва уларнинг дахлсизлигини кафолатлайди.

Қонуннинг 7-моддасига кўра, “ўз ваколат муддатини ўтаб бўлган Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбошига хизмат квартираси ва давлат чорбоғи мулк қилиб берилади ва давлат ҳисобидан хизмат кўрсатилади”. Аммо юқорида тилга олинган уйлар ва ер участкалари Назарбоев ва қариндошларига у президент лавозимини тарк этишидан олдин берилган. Ва бу Олмаотанинг фақат битта туманида жойлашган ер-мулклардир.

Озодлик Нурсултон Назарбоевга, унинг оила аъзоларига ва давлат идораларига мурожаат қилиб, собиқ президентнинг оиласи юқорида санаб ўтилган мулкларни қандай қўлга киритгани ҳақида сўради. Ҳозирча улардан ҳеч бири жавоб қайтаргани йўқ.

XS
SM
MD
LG